«Ёш китобхонлар»
Китоб кўнгилларни мунаввар этиб, инсонларга зиё улашгувчи беминнат дўст. У бизга қандай яшаш билан бирга қандай яшамасликни-да ўргатади. Моҳиятан олганда китоб ўқиётган киши ўзини-ўзи тарбиялаётган одамдир.
Ўғил-қизлар спорт машғулотларида жисман чиниқаётган бўлса, кутубхоналарда руҳиятини бойитиб, маънан юксалиб бораётир. Китобхонлик тарғиботи улғайиб келаётган навниҳол авлодни келажакнинг нурли йўллари томон бошламоқда.
Баланд марраларни забт этиш муродида бирлашган ёш китобхонлар пойтахтимиздаги «Ёшлар ижод саройи»да жам бўлиб, мутолаадан туйган зав¬қини тенг-тўшлари билан баҳам кўрдилар.
«Ёш китобхонлар» танловининг қуйи босқичларида 20 мингга яқин ўқувчининг иштироки айни машғулотга қизиқишнинг нечоғлик баланд эканидан дарак бериб турибди. Якуний Республика бос¬қичида ҳудудлардаги китобхонлар орасидан саралаб олинган мутолаага ошуфта 70 нафар ўқувчи қатнашди.
Танловнинг очилиш маросимида сўз олган Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев мамлакатимизда китобхонликка кўрсатилаётган эътибор ва унинг аҳамияти хусусида тўхталиб, ёш китобхонларни танловдаги иштироки билан қизғин қутлади.
Икки шарт асосида ўтказилган танловда жамоалар Халқ таълими вазирлиги томонидан тавсия этилган 40 номдаги китоб бўйича ўнтадан саволга жавоб беришди. Иккинчи шарт эса бирор бир асардан парча саҳналаштириш бўлиб, унда китобхонлар мутолаа таассуротларини актёрлик маҳоратини ишга сол¬ган ҳолда намойиш этди.
Якуний натижаларга кўра, пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 224-мактаб («Изланувчан китобхонлар») жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги 6-мактаб («Бухоро») жамоаси ҳамда Самарқанд туманидаги 2-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби («Ўз¬бегим юлдузлари») жамоаси кейинги ўринларни банд қилди. Шунингдек, иштирокчилар турли номинациялар бўйича ҳам тақдирланди.
Ғолиб ва совриндорларга Халқ таълими вазирлигининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
«Ma’rifat» мухбири