Методик хизмат сифатини ошириш: муаммо ва ечимлар
Республика “Баркамол авлод” болалар бадиий ижодиёт марказида “Методик хизмат сифатини ошириш: муаммо ва ечимлар” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Семинарда Тошкент шаҳар, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари “Баркамол авлод” болалар марказлари директорлари, тажрибали услубчилар иштирок этди.
Семинарда Республика “Баркамол авлод” болалар бадиий ижодиёт маркази директори Д.Эрматовнинг “Баркамол авлод” болалар марказларининг янги ўқув йилидаги вазифалари”, марказ услубчиси Д.Муродовнинг “Баркамол авлод” болалар марказларининг фаолияти самарадорлигини ошириш йўллари” мавзуларидаги маърузалари тингланди. Марказларда таълим самарадорлигини ошириш йўллари ҳақида таклифлар билдирилди. Жойларда амалга оширилаётган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
— Бугунги семинарда соҳага оид қатор янгиликлардан хабардор бўлдим, марказларда олиб борилаётган ишлар, янгиликлар ҳақида фикр алмашдик, — дейди Чилонзор тумани “Баркамол авлод” маркази директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Нилуфар Қобилова. — Болалардан йиғиладиган бадал пули эндиликда яхши кўрсаткичларга эришаётган тўгарак раҳбарларини рағбатлантириш учун ишлатилиши ҳам маълум маънода рағбат уйғотиши аниқ. Тадбирда марказимизда фаолият юритаётган “Қўл меҳнати” тўгараги раҳбари Елена Эрихнинг иши оммалаштиришга тавсия этилди.
Асолат АҲМАДҚУЛОВА