Тўйми ёки кимўзар?
Азал-азалдан тўй миллий маданиятимизнинг ажралмас бўлаги ҳисобланиб, унда қадимий анъаналаримиз сақланиб, қариндош-уруғчилик ришталари мустаҳкамланган. Тўй қилиб, элга ош бериш мурод ҳосил бўлишининг бир кўриниши ҳамдир. Тўғри, дабдабали тўйлар ҳақида кўпдан бери гапирамиз, аммо “кимўзар”га тўй қилиш гўёки модага айланди. Кундан-кунга тўй сарф-харажатлари меъёридан ошиб бормоқда. Ҳамон исрофгарчилик, “Мен сендан камми?” қабилидаги дабдабабозлик тўйларимизнинг мазмунига айланиб қолди. Бу “бахт”, “обрў” ёки “замона” сўзлари билан пардаланаётгани кишининг ғашига тегади. Тўй — бир кунлик тантана, ўтади-кетади. Шундай бўлгач, бир кунлик дабдаба билан келин-куёвнинг бахтини ўлчаш қай даражада ўзини оқлайди?
Шу масала юзасидан туманимиз маҳаллаларида яшаётган юртдошларимиз орасида сўровнома ўтказганимизда, катта ёшдаги кўпни кўрган онахону отахонларимиз, ҳатто ҳали турмуш қурмаган ёшлар ҳам бугунги тўйларда ҳаддан ташқари ортиқча харажатларга йўл қўйилаётгани, янги-янги “удум”лар ўйлаб топилаётгани ҳақида куйиниб гапирдилар.
Тўй — яқинлар билан дийдорлашиш ва икки ёшнинг оила қураётгани ҳақида элу юртга маълум қилиш, демакдир. Аммо бу 500 кишига ош дамлашу яна 500 кишини базмга чорлаш, фалон пулга фонограмма орқали қўшиқ айтадиган артистни таклиф этиш, дегани эмас. Нега ота-она умр бўйи меҳнат қилиб топган пулини бир кунда сарфлаши, камига қарз олиши керак? Тўйдан кейин ҳам ҳаёт давом этади. Никоҳ қуриш билан боғлиқ олди-берди, майда-чуйда гап-сўзларнинг ҳаммаси икки ёшнинг турмушига таъсир этмай қолмайди, албатта. Энг муҳими, келин-куёвнинг бахти ва саломатлиги, оилада дунёга келадиган фарзандлар таълим-тарбиясидир.
Менимча, ота-она фарзандига қандай “зўр” тўй қилганликлари билан эмас, балки уни жамиятга муносиб шахс қилиб тарбиялагани билан ғурурланиши керак. Ана шундагина жамиятдаги мувозанат, муҳит барқарор бўлади.
Гулноза ҲОЖИМУРОДОВА,
Чиноз тумани ФҲДЁ бўлими инспектори