Энг азиз байрамга тараддуд
Кўркам ва саришта маскан инсон кайфиятини кўтариб, меҳнатга рағбат уйғотади. Байрам, тўй-ҳашамлар олдидан барча жойларни обод қилиш юртдошларимиз руҳига сингиб кетган қадрият. Халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги умумхалқ хайрия ҳашари мисолида яна бир бор яққол намоён бўлади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида жорий йил август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги, 19-20 август кунлари эса умумхалқ хайрия ҳашари куни деб эълон қилинди.
Халқимизга хос меҳнатсеварлик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик рамзига айланган ушбу ҳашар юртимизнинг барча ҳудудларида, энг чекка қишлоқ ва овулларда, маҳаллаларда қизғин ўтказилди. Унда 18 миллион 675 мингдан зиёд юртдошимиз фаол қатнашди. Уларнинг 12 миллион 424 минг нафардан ортиғи ёшлардир.
Шунингдек, таълим муассасаларида ҳам август ойи ободонлаштириш ва тозалик ойлиги деб эълон қилиниши муносабати билан юртимиздаги барча муассасаларда ҳашар уюшқоқлик билан ўтказилди.
Педагоглар ўзлари фаолият юритаётган таълим муассасаларини янги ўқув йилига тахт қилиб, синфхоналарни тартибга солишди. Қолаверса, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз кексалар ҳам эътибордан четда қолмади.
Нукус шаҳридаги ҳашарда 79182 нафар киши, шундан 42393 нафар ёшлар иштирок этиб, шаҳарнинг яна ҳам обод, гўзал бўлишига ўз ҳиссасини қўшди. Ободонлаштириш ишларига 58 та махсус техника ажратилиб, 129 тоннадан зиёд чиқинди шаҳардан ташқаридаги белгиланган жойларга чиқариб ташланди. 100 мингдан ортиқ дарахтга шакл берилиб, оқланди. Икки кунлик ҳашар давомида кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, моддий ёрдам кўрсатилди.
Тўрақўрғон туманидаги 44-умумтаълим мактаби педагоглар жамоаси умумхалқ ҳашарида таълим муассасасини кўркам қиёфага келтириб, ўзлари истиқомат қиладиган маҳаллалар сари йўл олишди.
— Бунёдкорлик ва саришталик миллатимизга хос фазилат, — дейди мактабнинг олий тоифали тарих фани ўқитувчиси Юнусали Каримов. — Мактабимиз ҳудудидаги барча дов-дарахтларга шакл бериб, оқладик. Йўлаклар, хиёбонлар, ариқлар тозаланди. Ўқув биноси янги ўқув йилига тайёрлиги яна бир бор кўздан кечирилди.
Бу жараёнда бухоролик педагоглар ҳам фаол қатнашди. Биргина халқ таълими тизимида 50 мингдан ортиқроқ катта жамоа ҳашарга жалб этилди.
— Бошқа соҳа вакилларидан фарқли ўлароқ, Мустақиллик куни биз ўқитувчилар учун қўшалоқ байрам, — дейди Шофиркон туманидаги 3-мактаб директори Нигора Йўлдошова. — Шу боис ҳам тайёргарлик ишлари юксак савияда ташкил этилади. Ўн бир йиллик таълимнинг жорий этилиши туфайли бу йил мактабимизда иккита 10-синф очилди. Шунинг ҳисобидан ўқувчиларимиз сони қарийб олти юз нафарга етди. Педагогик жамоамиз сафи ҳам кенгайди. Ҳашарда уларнинг ҳаммаси бирдек ташаббус кўрсатди. 720 ўринли муассасамизнинг барча синфхоналари, ошхона, спорт зали ва майдончаси тозаланиб, ўқув йилига шай қилиб қўйилди. Мактаб атрофидаги ер участкаларида ҳам ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бордик. Гулзорлар декоратив кўринишга келтирилди, юздан ортиқ дарахт оқланди.
Феруза ХОЛМУРОДОВА,
Несибели МАМБЕТИРЗАЕВА,
ўанишер АКБАРОВ,
Ирода ОРИПОВА,
“Ma’rifat” мухбирлари