Тўй ташвиш эмас — бахт келтирсин!
“Келиннавкар”
Келин бўлмиш қизнинг кўзида ёш кўрган онанинг юраги “шувв” этиб кетди. Наҳотки, бўлажак куёв билан уришиб қолган бўлса?
— Ойи, дугоналаримнинг ҳаммаси бир хил либосда бўлишини хоҳлайман!
— Бор-йўғи шуми, қизим? Шу кўз ёш тўкишингга арзийдими! Дадангга айтамиз, ҳамма дугонангга бир хил кўйлак олиб бергани бўлсин!
Тўйга келганлар келиннинг қимматбаҳо либосини бир гапирган бўлса, атрофида гирдикапалак бўлаётган ўн чоғли қизнинг бир хил кийимига юз хил таъриф беришди.
Эндиликда Тошкент шаҳридаги ҳар уч тўйнинг биттасида “келиннавкар”ларнинг худди эгизаклардек бир хил либосда юриши урфга айланаётгани таассуфланарли! Кимдир ўз хоҳиши билан, биров дугонасини ранжитмаслик учун, учинчиси бошқалардан қолишмаслик мақсадида “келиннавкар” ёлламоқда.
Халқимиз ўғил фарзанд кўрса — терак экиб, қиз туғилса — сандиқ очади. Бобо-момоларимиз боланинг камолга етиши билан боғлиқ ўз орзулари, умидларини шу тариқа ифодалаган. Уларнинг бахтли, бировдан кам бўлмай яшаши учун тайёргарликни шу пайтдан бошлаганига бир ишора бу. Аммо чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқиш маросими, қовурдоқ, бешик тўйи, тантанали ўғил тўй ва никоҳ кечалари қаторига келиннинг ота-онасини бутунлай ортиқча чиқим қилишга мажбур этаётган “замонавий” одатлар қўшилаётгани ҳеч биримизни бефарқ қолдирмаслиги керак.
“Муҳаббат тарихи”
“Love Story” — икки ёшнинг тўйгача бўлган муҳаббати тарихи. Бугун аксарият ёшлар тўйдан олдинги бахтли лаҳзалари акс этган фото ва видео лавҳаларни оммага кўз-кўз қилгиси келади. Тўйни ташкиллаштирувчи махсус агентликларга мурожаат этсангиз бас, “муҳаббат тарихингизни” истагингиздагидан ҳам зиёда қилиб тасмага муҳрлаб беради.
— Бир тўйга бориб, ёқамни ушлаб қолдим, — дейди Чилонзор туманида яшовчи онахон Сабрия Шукурова. — Шоҳона ресторан, дастурхон тўла ноз-неъмат. Замонамизга шукр қилиб турсак, катта экранда келин-куёвнинг таниш чеҳраси кўринди. Ҳамманинг кўзи экранда. Йигит билан қизнинг тоғда бир-бирини қувлаб юргани, боғда қўл ушлашиб тургани, кинога тушгани, концертга боргани... хуллас, ҳеч бири эътибордан четда қолмабди. Ёшларнинг қилиғидан уяласан киши. Тўй эртаклардагидек шоҳона ўтди. Энг ачинарлиси, орадан уч ой ўтар-ўтмас, икки ёш ўртасига совуқчилик тушди. Сабаби, куёв томон дабдабали тўй қилиш оқибатида катта қарзга ботибди. Шу боис қайнонаси: “Шу келин хонадонимга келдию дастурхонимдан файз-барака ариди” деб жаврайвераркан. Бунга сабр-бардоши етмаган келин ҳозир ҳомиладор ҳолида отасиникида ўтирибди.
Афсусланарлиси, тўйдаги бу одатларнинг ижтимоий тармоқлар орқали бир зумда бутун дунёга ёйилаётганидир. Ўзини ҳурмат қилган инсон шахсий ҳаётига тааллуқли кечинмаларни бошқаларга ошкор қилишдан орланади. Муқаддас никоҳ ўқилмасдан туриб, икки ёшнинг бир-бирига суйкалиб суратга тушишини шариат қоидалари ҳам, қадриятларимиз ҳам оқламайди.
“Гул отиш” маросими ёхуд келин-куёв вальси...
Бугун ёшлар фикрлашда, билим олишда, ақл ва салоҳиятда, кийинишда, юриш-туриш ва ўзини тутишда дадил, журъатли, қатъий. Бу яхши, албатта. Тўйлардаги кўр-кўрона тақлид қилишни эса ҳеч бир сабаб билан оқлаб бўлмайди. “Келиннавкар”, “Love Story”, “Горко” сингари одатлар қаторида “гул отиш” ҳам кенг тарқалмоқда. Ресторанда давра тўрига етган келин таъзим қилгач, қўлидаги гулдастани орқасида тўпланиб турган дугоналари томон отади. Гулни ким илиб олса, тез орада унинг тўйи бўлар экан... Тасаввур қилинг-а, ўша тўйда гулдастани илиб олган қизнинг отаси ёки акаси ҳам бўлса-чи. Қизи ёки синг¬лисининг гулдастани илишга (аслида турмушга чиқишга!) ошиқаётгани уларда, умуман, атрофдагиларда қандай таассурот қолдирар экан?!
— Қизимнинг машғулоти тугашини кутиб турибман, — дейди Самар¬қанд шаҳрида яшовчи Гулзода Маматова. — Тасодифан икки ёшнинг тортишувига гувоҳ бўлиб қолдим. “Мен ҳамманинг ўртасида, айниқса, ота-онам, қариндошларим олдида бунақа рақсга тушмайман!” дерди норози оҳангда йигит. “Мен эса тўйимда худди маликалардек рақсга тушишни орзу қилганман. Қанча пул кетса ҳам, тўйгача рақсга тушишни ўрганамиз. Бўлмаса, тўйни тўхтатаман!”. Наҳотки, шу гапларни ўзбек қизи айтаётган бўлса. Барчанинг кўз ўнгида бундай ўнғайсиз рақсга тушишдан қандай маъно бор экан, деб ўйланиб қоламан.
Буниси ҳали ҳолва. Айрим куёвларнинг қайнонаси, келинларнинг қайнотаси билан вальсга тушаётганига нима дейсиз? Бу одат қайси қадриятларимизга тўғри келади? Бизнинг менталитетимизга бундай беҳаёлик ёт-ку! Қачон ёшларимиз ғарб анъаналарига кўр-кўрона тақлид қилишни ўзига ор деб билар экан?..
“Иномарка машина келмаса, тўй бўлмайди!”
Тўйларда кундан-кунга урчиб бораётган яна бир иллат — машиналар карвонидир. Бу машиналар ижараси учун тўланадиган пулга кичикроқ маърака ўтказиш мумкин. Дабдабали, ноёб нусха машина ёшларнинг бахтини қай даражада кафолатлай олади? Энг ёмони, ширакайф жўраларнинг йўл қоидаларини бузиши оқибатида келиб чиқаётган бахтсиз ҳодисалар туфайли неча тўйлар азага айланмоқда.
— Маҳалламизда тўй бўлди, — дейди Пайариқ туманида яшовчи уй бекаси Дилбар Норбўтаева. — Бирин-кетин санаб турдим, куёвжўралар 34 та машинани банд этишибди. Тағин ҳаммаси бир хил — зулукдек қоп-қора. Қишлоқ кўчаларини биласиз, тор, нотекис ва чанг. Машиналар карвони қишлоқдан чиқиб кетгунича ёш болаларни кўчага чиқаролмадик. Бахтсиз ҳодиса бўлишини ким ҳам истайди... Имконияти кўтарган оила учун балки 34 та машина ҳеч нарса эмасдир. Аммо бу оддий оилаларни ноқулай аҳволга солади. Машиналар карвонини кўриб, ўша куёвнинг дўсти ёки келиннинг дугонаси “Менинг ҳам тўйимда шунча машина хизматда бўлсин” демайдими? Неча марта эшитганман “Иномарка машина келмаса, тўй бўлмайди!”, “Шунча машина бўлмаса, тўйга чиқмайман!” деган гапларни.
Исрофнинг уволи бор!
Бир умр меҳнат қилиб, ҳатто ўзи емай-ичмай, топганини тўйга йиққан оилалар кўп. Аммо улар ҳам тўйда тақлидга берилади. Ваҳоланки, икки томон келишиб, кераксиз харажатларни камайтириш, ихчам, мазмунли тўй ўтказиш мумкин-ку. Бир умр йиққанини бир кунда кўкка совуриш ёки қулоғигача қарзга ботиш инсоннинг ҳаётга, яшашга иштиёқини сўндириши, елкасидаги юкини икки ҳисса оғирлаштириши бор гап-ку.
— Қўшним қиз узатди, — дейди Учтепа туманилик фахрий педагог Моҳигул Ҳайдарова. — Қуда томондан келган тоғораларни ортиғи билан қайтарди. Дабдабаю тўкин-сочинлик билан ўтган тўйнинг эртасига қўшним яна қизиникига нарса ташишни канда қилмади. Ҳайит, байрам ва туғилган кунлар бир-бирига уланарди. Турмуш ўртоғи оламдан ўтган бу аёл ёлғиз боши билан шунча харажатни қандай эплади? Кейинроқ эшитсам, у каттагина қарз кўтарган экан. “Ўша қарзни ҳалигача тўлайман” деб нолиб қолди қўшним. Қарз бир кун узилар, аммо шунча дабдаба эвазига узатилган қиз онасиникига қайтиб келиб ўтирса, бундан ёмони борми? Яқинда улар қонуний ажрашишди. Ўртада бир фарзанди ҳам бор. Ҳозир она шўрлик кейинги икки қизини қандай узатишни билмай ҳайрон.
Афсуски, тўйларимиздаги исрофгарчиликларнинг охири йўқ. Тўйгача борини сарфлаб бўлган тўйбошилар “базми жамшид” чоғида бировдан қарз олиб бўлса ҳам “қистир-қистир”ни кучайтиришади. Баъзи бойваччаларнинг онаси ёки отасини ўйинга тушириб, бошидан пул сочишини кўриб, ҳавасингиз эмас, ғашингиз келади. Бу лўттибозлиқнинг кимга кераги бор, уволдан қўрқиш керак эмасми?
— Тўй-ҳашамларимиз исрофгарчилик манбаига айланмоқда, — дейди Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Одилхон Исмоилов. — Бир талай маросимлар — наҳорга ош, тўй келар, сабзи тўғрар, никоҳ базми, чарлар, чақириқ, ҳайит, қовурдоқ, бешик тўйи, ўғил тўйи ва ҳоказоларга, қимматбаҳо уй жиҳозларига катта-катта маблағ сарфланмоқда. Одамларимиз умр бўйи топган-тутганини соғлиғини тиклаш, яхши еб, мазмунли ҳаёт кечириш учун эмас, балки “кимўзар”га тўй қилиш учун совураётгандай. Тўю тадбирларни ихчамлаштириш, исрофгарчиликка чек қўйишнинг вақти келди. Ахир, тўйдан кейин ҳам ҳаёт давом этади. Ўзимизга қараш, соғлиғимизни тиклаш, фарзандларимизга таълим-тарбия бериш масаласи эътиборимиздан четда қолмаслиги лозим. Қарзга ботиб, ҳаловатини йўқотиш кимга даркор? Нега ўзимизни бу қадар қийнашимиз керак? Нимадан қўрқамиз? Одамларнинг гап-сўзиданми? Дабдабали тўйдан сўнг аҳволимиз танг бўлиб қолишини ҳам бир ўйлаб кўрайлик.
Айримлар катта тўй қилишни саховатга менгзайдилар. Аслида муҳтож одамга қилинадиган эҳсон хайр-саховатдир. Муқаддас динимизда барқарор ҳаёт кечириш учун тежамкор бўлиш ва исрофдан сақланишга буюрилади. Бунга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир неъматни эъзозлашган, уни исроф қилишдан қўрққан. Ортиқча маблағ ёш келин-куёвнинг келажак ҳаётида асқотадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса, савоби кўпроқ эмасми?
“Маҳалламизда тўйлар тартибга солинмоқда”
Тўй-маъракаларни ихчамлаштириш, сарф-харажатларни камайтириш ҳақида кўп гапиряпмиз. Аммо уларга амал қиляпмизми?
— Маҳалламизда мингга яқин хонадон бор, — дейди Учтепа туманидаги “Бешқайрағоч” маҳалла фақаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳанифа Саидазимова. — Кўчабошиларимиз қайси хонадонда тўй бўлишидан доимо хабардор. Тўй эгаларини ҳар жума маҳалла идорасига чақириб ёки уйларига бориб, тушунтириш ишлари олиб борамиз. Чарлар, куёв чақирди, қовурдоқ, ҳайит тадбирлари маҳалламизда анчадан буён ўтказилмайди. Ҳалол меҳнат қилиб пул топган киши уни бир кунлик тантанада сочиб юбормайди. Аёллар оқила, тежамкор бўлиб, ортиқча дабдаба, кераксиз урф-одат деб турмуш ўртоғини ҳам, бўлажак қудаларини ҳам қийнамаса, олам гулистон. Маҳалламиздаги икки қиз бир хонадонга қўш келин бўлиб тушди. Наҳорги ош тадбирини ҳам ихчамгина қилиб, биргаликда ўтказишди. Мебелни куёв томон баҳоли қудрат олди. Тоғораю совға-саломни назорат қилиб турдик. Баъзан эшитиб қоламан, тўй бўлмасдан олдин учрашувнинг ўзига ҳам фалон пуллик гулдаста, тилла буюм, йўлакларига атиргул тўшалган қимматбаҳо ресторанга жой буюртма қилиб қўядиган оналар бор экан. Ўзи шунча дабдаба қилган қайнона келин томондан ҳам “саломига яраша алик” кутиши табиий. Тўй жўнатаётганда қўйни шохигача безатиб, тўй тортини икки метр баландликда буюртма қилаётган аёллар кимдан ўрнак оляпти? Оила тинчлиги кўпроқ аёлларга боғлиқлигини ҳисобга олиб, яқинда “Келин ардоғидаги қайнона” мавзусида тадбир ўтказишни режалаштиряпмиз. Унда қуда-андачилик, ортиқча олди-бердилар ҳақида аёлларга, қайноналарга тушунча бермоқчимиз.
Тўй — икки ёш бахтини, камолини элу юртга ошкор қилувчи катта тантана. Бир умрлик бахт, фарзандлар келажаги тўйнинг қанчалик дабдабали, тўкин-сочин ўтганига қараб эмас, уларга болалигидан берилган тўғри тарбия, ота-онанинг ибратли ишларига боғлиқлигини унутмайлик.
Райҳона ХЎЖАЕВА,
“Ma’rifat”мухбири