Тўгараклар ярмаркаси ўқувчиларни ҳунар ўрганишга чорламоқда
Пойтахтимиздаги “Дўстлик” маданият ва истироҳат боғида Яккасарой тумани “Баркамол авлод” болалар маркази ташаббуси билан тўгараклар ярмаркаси ташкил этилди. Унда тумандаги таълим муассасалари ўқувчилари иштирок этди.
Яккасарой тумани “Баркамол авлод” болалар марказида 600 нафардан ортиқ бола шуғулланмоқда. Марказда ташкил этилган тасвирий санъат, майда пластика, миллий рақс, архитектура, кулолчилик, пазандалик, оила ҳамшираси, тикиш-бичиш каби тўгаракларда ўғил-қизлар мактабдан ташқари бўш вақтини мазмунли ўтказяпти.
— Ярмаркани ўтказишдан мақсад муассасамиз тарбияланувчиларининг сафини янада кенгайтириш, шу орқали ўсиб келаётган ёш авлодни ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этиш, — дейди марказ директори Дилдора Яҳёева. — Тадбирда тажрибали мураббийлар ўқувчиларни тўгараклар фаолияти билан яқиндан таништириб, уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб беришди. Кўпчилик ўқувчилар шу ернинг ўзидаёқ тўгаракка аъзо бўлиб, дарсдан сўнг ўзи қизиққан касб-ҳунарни ўрганишга киришяпти.
Яккасарой туманидаги 89-мактаб ўқитувчиси Гулзира Раматова ҳам ўз ўқувчиларини ярмаркага олиб келибди.
— Минг марта эшитгандан бир бор кўрган афзал. “Баркамол авлод” болалар марказидаги тўгараклар фаолияти билан танишгани келдик, — дейди Гулзира Раматова. — Ўқувчиларим — Севинч Чўтбоева мунчоқли безакка, Жаҳонгир Абумаликов кулолчилик тўгарагига қизиқиб қолди. Шунингдек, ўқувчиларим бадиий тўқиш, пазандалик, инглиз тили, ракетамодел каби тўгаракларда шуғулланиш истагини билдиришди. Ота-оналар билан маслаҳатлашиб, ўқувчиларим истакларини рўёбга чиқариш ҳаракатидаман.
Ярмаркада майда пластика тўгараги раҳбари Машҳура Маҳаматова, ўқувчиларга кулолчилик санъати бўйича дастлабки кўникмаларни ўргатиб келаётган Дурдона Жўраева ва бошқа тўгарак раҳбарлари мураббийлигида яратилган ижод намуналари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Нашриёт-матбаа уйлари томонидан намойиш қилинган китоб ярмаркасида ўқувчилар янги нашрдан чиққан бадиий адабиётлар билан танишиш имкониятига эга бўлди.
Пойтахтимиздаги Хадра майдонида ҳам ана шундай тўгараклар ярмаркаси бўлиб ўтди.
— Фарзандларимизнинг бўш вақтини фойдали машғулотлар билан банд қилсак, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олган бўламиз, — дейди Шайхонтоҳур тумани «Баркамол авлод» болалар маркази директори Зулфия Расулова. — Ярмаркада намойиш этилган 20 га яқин тўгаракларимизга тажрибали мураббийлар бош-қош. Болалар радиотехника, электроника, компьютер сервиси каби техника йўналишига қизиққан бўлса, қизлар либос дизайни, бичиш-тикиш, мунчоқли безак сингари тўгаракларда шуғулланиш истагини билдирди. Ўқувчилар талабидан келиб чиқиб янги тўгараклар фаолиятини йўлга қўйишни ҳам мақсад қилганмиз.
“Баркамол авлод” болалар марказлари томонидан ташкил этилган ярмарка янги 2017-2018 ўқув йили бошида ҳар бир ўқувчига бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун тўғри йўналиш берди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири