Тажриба ва маҳорат намойиши
Барглари зумрад, мевалари ёқут, танаси ҳам кўзни қувнатадиган кўркам дарахт шохида миттигина қушча, гўёки сайраб юборадигандек. Худди эртакларда тасвирланган афсонавий боғи эрам кўз олдингизда жонланади. Бу “Баркамол авлод” республика болалар бадиий ижодиёт марказида ўтказилган “Йилнинг энг яхши тўгарак раҳбари” кўрик-танлови ғолиби Тўхтажон Йўлдошеванинг ижодий ишларидан бири. Оддий мунчоқдан ҳайратомуз санъат асари яратилганини қаранг!
Халқ таълими вазирлигининг жорий йил 5 августдаги 249-сонли буйруғига асосан, “Йилнинг энг яхши тўгарак раҳбари” кўрик-танловининг якуний босқичи ўтказилди. “Баркамол авлод” болалар марказларида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, мураббийлар ижодий фаоллигини ошириш, самарали натижаларга эришаётган тўгарак раҳбарлари иш тажрибасини оммалаштириш мақсадида ташкил этилган танловда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан 14 нафар вакил ижодий беллашди. Танловда тўгарак раҳбари бошчилигидаги ютуқлар, унинг услубий-педагогик салоҳияти, амалий машғулот, тест топшириқлари ҳамда иштирокчининг мактабдан ташқари таълим сифатини ошириш юзасидан бажарган топшириқлари баҳоланди. Бола қамровини кенгайтиришнинг энг самарали механизми, кутилаётган натижаларни ўз ичига олган тўгарак машғулотларини ривожлантириш концепцияси ҳар бир иштирокчи томонидан ҳимоя қилинди. Шунингдек, “Бадиий ижодиёт йўналишида энг яхши ғоя муаллифи”, “Техник ижодиёт йўналишида энг яхши ғоя муаллифи”, “Ўлкашунослик ва экология йўналишида энг яхши ғоя муаллифи” каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
— “Журналистика ва нотиқлик” йўналишида тўгарак машғулотини ўтиб бердим, — дейди танлов иштирокчиси, Самарқанд вилояти “Баркамол авлод” болалар маркази тўгарак раҳбари Камола Ғаниева. — Ўқувчиларни журналистика соҳаси, нотиқлик санъати ҳақидаги замонавий тенденциялар билан таништирдим. Оммавий ахборот воситаларида ишлашни орзу қилган ўқувчига бу нарса янгилик. Тўгарак аъзоларидан Ҳасан Акбаров “Йилнинг энг яхши ихтирочиси” республика танловида ғолиб бўлди. Яна бир ўқувчим Умид Ҳамзаев “Соғлом турмуш тарафдорларимиз” танловининг республика босқичида биринчи ўринни эгаллади. Марказимизда яна бир янгилик — масофадан туриб онлайн ўқитиш тизими йўлга қўйилди. Бу ўсмирларга ўз уйида шуғулланиш имконини беради. Бугунги танлов мен учун янги тажрибаларни ўрганиш майдончаси бўлди. Баҳсларда бола билан ишлаш маҳорати, уларда илк касбий кўникмани шакллантириш усуллари намойиш этилди.
Дарвоқе, республикамиздаги мавжуд 211 та “Баркамол авлод” болалар марказида 3 йўналиш бўйича жами 6108 нафар педагог фаолият кўрсатмоқда. 5118 та тўгаракка 125 771 нафар бола жалб қилинган. Машғулотлар 5 тилда олиб борилади. Тўгаракларнинг янги таҳрирдаги ўқув дастурлари, 58 номдаги ўқув қўлланмалари ишлаб чиқилиб, барча марказларга етказилди. Ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини аниқлаш, кўникма ва малакаларини тўлиқ шакллантириш бўйича “Мактабдан таш¬қари таълимга қўйиладиган давлат талаблари” тасдиқланди. Тизим ходимларига амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида 54 марказ танлаб олиниб, бадиий ижодиёт, техник ижодкорлик, ўлкашунослик ва экология йўналишлари бўйича таянч маскан этиб белгиланган.
Кўрик-танлов ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Асолат АҲМАДҚУЛОВА,
“Ma’rifat” мухбири