XXI аср мактаби бунёдкори
Ўзбек халқининг фидойи фарзанди, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг чорак аср давомида амалга оширган ҳайратомуз ютуқ ва марралари ҳақида кўплаб китоблар, мақолалар, ҳужжатли фильмлар омма эътиборига ҳавола қилинди, бундан кейин ҳам ана шундай асарлар дунёга келади.
Ушбу мақолада Ислом Каримовнинг юрт тараққиёти йўлидаги энг муҳим хизмати — мамлакатимизда таълимнинг ҳали жаҳон амалиётида учрамайдиган илмий моделини яратиш ҳамда Ўзбекистонда янги — замонавий XXI аср мактабини шакллантириш, аҳоли, хусусан, ёшлар ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасидаги улкан ислоҳотлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.
Мустақиллик учун кураш кечаётган 1989 йил ёзидан 1991 йил августигача, яъни совет даври ҳали ўзининг ҳукмронлик кучини йўқотмаган, унинг репрессив сиёсати давом этаётган давр эди. Яқин ўтмишимиздаги бу тушкун палланинг оғир ва аянчли манзарасига Ислом Каримов «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» асарида шундай баҳо беради:
— Ўзбекистон ҳар киши бошига ялпи ижтимоий маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича мамлакатда 12-ўринда турибди, аҳоли жон бошига миллий даромад ишлаб чиқариш бўйича кўрсаткич эса Иттифоқдаги ўртача даражадан икки ҳисса паст;
— аҳоли ўрта ҳисобда гўшт маҳсулотларини, сут ва сут маҳсулотларини, тухумни мамлакат аҳолисига нисбатан икки баробар кам истеъмол қилмоқда;
— соғлиқни сақлаш, халқ таълими, мактабгача болалар муассасалари жуда оғир аҳволга тушиб қолган;
— 1700 та мактаб бинолари авария ҳолатида.
Профессор, доктор Леонид Левитин ва профессор, доктор Дональд С.Карлайлнинг «Ислом Каримов янги Ўзбекистон президенти» (Агротек, Вена, Австрия — 1995. Ўзбекистон нашриёти, Т. 1996 й.) номли китобида таъкидланганидек «...Ислом Каримов содиқ бўлган асосий принциплардан биттаси миллий ғурурни уйғотиш ва ҳамма нарсадан бохабар ҳамда маърифатли ватанпарварликдир. Ўзбекистонда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон бу мамлакат ўзи ва бутун дунё учун нимани англатишини ҳис этиши керак. Бу ҳиссиёт ҳар куни оилада, мактабда, маданиятдан озуқа олиб шаклланиши лозим.
...Бу — Президент Ислом Каримовнинг йўли. У янги мустақил давлатлар раҳбарларидан биринчи бўлиб тангликдан чиқишни ўз халқининг куч-қудрати, тарихи, анъаналари, унинг ҳайратомуз миллий хусусияти ҳамда мамлакатнинг бой табиий ресурслари билан боғлади. Албатта, бу йўл равон ҳам эмасди, унга ҳеч ким анвойи гулларни сепиб, кутиб ҳам ўтиргани йўқ эди. Бироқ у муваффақиятлар келтирган ягона тўғри йўл бўлиб чиқди».
Ислом Каримов раҳбарлигида шўролар замонидан қолган таълим-тарбия тизимига хос мафкуравий қарашлардан воз кечилиб, халқчил, инсонпарвар, демократик, сермазмун, самарали, такомиллашган, жаҳондаги ривожланган мамлакатлар таълими билан беллаша оладиган даражадаги тизимни яратишга киришилди ва жуда катта машаққат билан амалиётга жорий этилди.
Биринчи Президентимиз Олий Мажлиснинг IX сессиясидаги «Баркамол авлод — Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори» номли маърузасида қуйидаги ҳал қилиниши зарур бўлган муаммоларни кўрсатиб берди:
таълим-тарбия ва ўқув жараёнларини бир-бири билан узвий боғлаш, яъни узлуксиз таълим-тарбия тизимини ташкил этиш;
амалдаги таълим-тарбия тизимини замонавий, тараққий этган демократик давлатлар талабларига жавоб берадиган тизимга айлантириш;
малакали, жамиятимизда бўлаётган ислоҳот, янгиланишлар билан боғланган етук мутахассис кадрларни тайёрлаш;
ўқув жараёни мазмунини, ўқитиладиган дарсликлар сони ва сифатини ошириш, дарсликлар яратишга энг илғор ва энг шарафли вазифа сифатида қараб, олимлар билан биргаликда амалиётчи ўқитувчилар, методистлар ҳамкорлигини ишлаб чиқиш;
мактабларда болаларни мустақил фикр юритишга ўргатиш, ўқитувчининг бош вазифаси ўқувчиларда мус¬тақил фикр юритиш кўникмасини ҳосил қилиш...
1997 йил 29 август куни таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича ҳуқуқий кафолат — «Таълим тўғрисида»ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинди.
Умумий ўрта таълим мактаблари учун 24 ўқув фани бўйича давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ишлаб чиқилди. Ислом Каримовнинг қатъий иродаси ва таълим тизимидаги инқилобий ташаббуслари туфайли 1998 — 2000 йилларда 12 йиллик узлуксиз таълим тизими учун барча ўқув предметларидан дастурлар, улар асосида янги авлод дарсликлари ишлаб чиқилди.
Бу ислоҳотлар жараёнида мен ҳам баҳоли қудрат иштирок этдим. Андижон шаҳридаги 27-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси сифатида ҳатто тушимга кирмаган орзуларим рўёбга чиқди. 9 йиллик умумий ўрта таълим учун давлат ва ҳуқуқ асослари фанидан ДТС, ўқув дастурлари ҳамда 8-синф ўқувчилари учун «Давлат ва ҳуқуқ асослари» дарслиги ҳаммуаллифи бўлдим. Бу дастур ва дарсликларни шогирдларим билан ўз мактабимда тажриба-синовдан ўтказдим.
Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун «Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганиш» ўқув қўлланмасини яратишда ҳам иштирок этдим.
Ўқувчиларим қўлида ўз муаллифлигимдаги дарсликларни кўриш, она Ватанимнинг минглаб фарзандларини қонунларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга оз бўлса-да ўз ҳиссамни қўшиш имкониятига эга бўлганим, ўқитувчилар учун мўлжалланган «Давлат ва ҳуқуқ асослари курсида кўргазмали қуроллардан фойдаланиш» номли қўлланмам «Шарқ» НМАК томонидан нашр қилингани учун тақдирдан бениҳоя хурсандман.
1995 йил 29 сентябрда Биринчи Президентимизнинг фармонига биноан «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси» фахрий унвони билан тақдирландим...
Оллоҳ бизга жаннатмонанд, гўзал Ўзбекистонни, қийин паллаларда ўз халқи ва давлати учун фидойи бўлган Юртбошини насиб қилди. Энди биз ҳам мамлакат тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшишимиз, барчамиз ҳалол ва фидокорона меҳнатимиз, ташаббусларимиз ва бор интеллектуал салоҳиятимизни шу миллат манфаати учун бахшида этмоғимиз лозим. Шундагина халқимизнинг буюк фарзанди — Ислом Каримовга муносиб издош бўла оламиз, эзгу ишларимиз билан у кишининг руҳини шод қиламиз.
Оминахон ОМОНОВА,
Ўзбекистон халқ ўқитувчиси