Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий мангу барҳаёт
Улуғ мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг бой маънавий мероси асрлар оша бутун башариятни ҳайратга солиб, инсонлар қалбига, онгу шуурига эзгулик, инсонпарварлик, саховат, меҳр-мурувват зиёсини таратиб келмоқда. Мамлакатимизда улуғ бобокалонимизга эҳтиром кўрсатиш, асарларини ўрганиш, уни дунёда кенг тарғиб этишга доимий эътибор қаратилмоқда.
9 февраль куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида шоир таваллудининг 577 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, ижодий уюшмалар ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, навоийшунос олимлар, адиб ва шоирлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, навоийшунос олим У.Жўрақулов ва бошқалар мамлакатимизда мустақиллик йилларида шоир хотираси абадийлаштирилгани унинг жаҳон адабиёти хазинасига қўшган буюк ҳиссаси ҳамда чексиз истеъдодига бўлган юксак ҳурмат ифодаси эканини таъкидлади.
Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий дунё адабиёти тарихида тенги топилмас бир сиймо ҳисобланади. Истеъдодининг улуғворлигию теранлиги жиҳатидан ҳам, халқпарвар давлат арбоби сифатида жамиятда тутган юксак мавқеи юзасидан ҳам, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт аҳлига кўрсатган ҳомийлиги жиҳатидан ҳам ўхшаши йўқ сиймо.
Буюк мутафаккир бобомизнинг энг муҳим мақсади ва асл маслаги инсон кўнглини обод этиш эди:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон ўлса обод айлагай…
Бугун юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари буюк аждодимизнинг ўлмас бунёдкорлик ғоялари унинг авлодлари томонидан муносиб давом эттирилаётганидан далолатдир.
– Буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоийни бугун бутун дунё эътироф этади, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов. – У зотнинг сиймоси мангу барҳаётдир. Мен Алишер Навоий сиймосини гавдалантириш бахтига муяссар бўлганимдан бағоятда шодман. Ҳазратнинг юксак руҳий-маънавий қиёфасини очиб бериш катта масъулият юклайди. Халқимиз шеърхонликни яхши кўради, адабиётни севади, Алишер Навоийни мангу ардоқлайди.
Дарҳақиқат, Алишер Навоийни қанчалар юксакларга кўтарсак-да, таърифига сўз топиш мушкул. Кўплаб улуғ аждодларимиз у зот ҳақида бебаҳо фикрларини баён қилган. Жумладан, унинг дўсти, мухлиси Ҳусайн Бойқаро “Анинг назми васфида тил қосир ва баён ожизтурур”, деса, Давлатшоҳ Самарқандий “Бу улуғ амир дину давлат ҳомийси, шариат ҳамда миллатнинг пушти паноҳидир”, дея таъриф берган.
Ўзбекистон халқ ҳофизлари А.Иброҳимов ва Б.Дўстмуродов ижросида Алишер Навоий ғазалларига басталанган қўшиқлар янгради. Ёш шоир Б.Элмурод Ҳазрат Навоийга бағишлаб ёзган шеърини, актёр С.Сатторов Алишер Навоийнинг “Ғаройиб ус-сиғар” девонини кўчирган котиб Муҳаммад Юсуф ибн Уста Қаландар Марғинонийнинг улуғ шоирга бағишланган мадҳиясини ўқиб берди.
Тадбир иштирокчилари Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.Акмалов иштирок этди.
* * *
Шу куни пойтахтимиздаги Шоирлар хиёбонида ҳам буюк бобокалонимиз таваллудига бағишланган мушоира бўлиб ўтди. Унда ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба ва ўқувчи-ёшлар қатнашди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари С.Саййид, навоийшунос олим А.Қаюмов ва бошқалар Алишер Навоийни ўқиш ва уқиш, ўрганиш, тарғиб қилиш, айниқса, ёшларимизга ўзлигини англатиш, маънавиятини юксалтириш, уларни ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида, умуминсоний ғоялар асосида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
– Алишер Навоийнинг таваллуд айёми халқимиз, бутун дунё учун адабиёт байрами десак арзийди, – дейди ёш шоир Баҳодир Баҳром. – Боиси, Алишер Навоий ўзининг ижоди, инсоний ғоялари билан бутун дунёда эзгуликни, инсонпарварликни, яхшиликни тараннум этган. Ҳазратнинг сўз мулкининг султони, деб аталиши ҳам бежиз эмас. Шу пайтгача дунё адабиётида улуғ мутафаккир бобомизчалик бирон ижодкор ўз ижодида кўп ва хўб сўз ишлатган эмас. У кишининг маънавий мероси халқимиз учун битмас-туганмас хазинадир.
Алишер Навоий асарларидан намуналар ўқилди. Фаол ўқувчиларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан китоблар совға қилинди.
Буюк шоир таваллудига бағишланган адабий-маърифий тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятларда бўлиб ўтмоқда.
Байрам АЙТМУРОДОВ,
ЎзА мухбири