Бола ва интернет
Бугун аксарият ота-оналар фарзанди «виртуал олам»да нималар билан банд эканидан мутлақо бехабар. Гоҳида «ўғлим (ёки қизим) анча улғайиб қолди, энди бирор машғулот билан банд бўлсин, ишимизга халақит бермасин», дея боласини глобал тармоқ билан ёлғиз қолдириб, ўзлари «рағбатлантирмоқда». Бундай ҳолатлар бора-бора болада ота-онанинг гапига қулоқ солмаслик, қайсарлик, дангасалик, ёлғончилик ва менсимаслик иллатини авж олдиради.
Мутахассислар жаҳон «ўргимчак тўри»да болалар дуч келадиган ва уларнинг руҳиятига салбий таъсир этувчи жуда кўп таҳдидлар борлигини таъкидлашади. Улардан энг хавфлиси мазмунан зўравонлик, ҳаёсизлик, ёвузлик, ахлоқсизлик, гиёҳванд моддалар, дискриминация, неофашизм каби ғайриинсоний, тарбиясизликни тарғиб қилувчи сайт ва материаллар бўлиб, афсуски, уларга кириш ҳам осон. Улардаги ахборотлар бола онгини заҳарлаши аниқ. Шунингдек, нотаниш кишилар билан электрон почта, ижтимоий тармоқлар ва турли шубҳали форумлар воситасида мулоқот қилиш, хат-хабар ёзишиш ҳам хавфли саналади.
— Ота-оналар ижтимоий тармоқда «кутилмаган» танишувлардан эҳтиёт бўлиши, беозор кўринган кимсалар, аслида, «ёвуз кучлар» эканини боласига албатта тушунтириши керак, — дейди психолог Ульяна Иванова. — Ўсмирлик даврида болалар жуда таъсирчан, жаҳлдор, тез хафа бўлиб қоладиган одат чиқаради. Бундай пайтда улар ўз ҳиссиётини жиловлай олмайди. Дўстлари, яқинлари билан мавжуд муаммолари хусусида суҳбатлашиб, таскин топишни истайди. Шундай паллада кўпинча ижтимоий тармоқлардаги «беминнат» мулоқотлар қизийди.
Одатда, интернетдан фойдаланаётганда дуч келадиган энг кўп ҳолатлардан бири бу — интернетдан кўчириб олинадиган ёки онлайн ўйинлар бўлиб, болалар қимматли вақти бесамар ўтаётганини ҳис қилмайди. Шунингдек, бу вазиятда ҳар бир харид ва рўйхатдан ўтиш чоғида улар ўзи ҳақидаги маълумотларни номаълум кимсаларга «қўшқўллаб» топшираётганини сезмайди.
Чатда ёзишаётган танишларимизнинг ёмон нияти бўлмаслиги мумкин. Аммо танишларимизнинг танишлари ҳақида нима биламиз? Ўсмир ҳазил-ҳузул билан ёки нотаниш «дўст» профилидаги гўзал суратга, видеороликларга маҳлиё бўлиб, «мен билан суҳбатга мойиллиги бор экан», дея қувониб, ўзи ҳақидаги барча маълумот (уй манзили, телефон рақами, веб-сайтдаги шахсий маълумотлари)ни тақдим этаверади. Ҳатто учрашув ҳам белгилаши мумкин.
Мутахассислар бундай «шахс»ларни «груминг» дея атайди. Груминглар ижтимоий тармоқда ўз ёши ва шахсини яшириб, интернетда болалар ва ўсмирлар билан алоқа ўрнатувчи манфур педофиллардир. Уларнинг «стратегия»си болаларнинг янги дўст ёки таниш топиш истагидан ўз манфаати йўлида фойдаланиш бўлади, холос.
Ҳозир деярли барча ўсмирларнинг қўлида уяли телефон, планшет ёки «mp3»-плейер бор. Бу эса уларнинг эркинлигини, ўзбошимчаликка мойиллигини оширади. Чунки телефонни доимий назорат қилиш қийин. Ҳисобида маблағи ва мегабайтлар бўлмаса-ку, бир нави. Пули ва мегабайтлари бўлса-чи?
Табиийки, онлайн мулоқот жонли мулоқотдан фарқ қилади. Бу борада ўзгача хулқ-атвор меъёрлари ва мезонлари мавжуд. Форум ва чатлардаги мулоқотда анонимлик, яъни номаълумлик ҳолати фойдаланувчиларга реал ҳаётда айтолмайдиган гапларни виртуал ҳаётда айтиш имконини беради. Бола тарбиясида, аввало, ана шу мулоқот ва танишувларни назоратга олиш шарт. Болаларнинг интернетда алдов қурбонига айланишига айнан шу омиллар сабаб бўлмоқда.
Ахборот хавфсизлиги бўйича экс¬пертларнинг таъкидлашича, ўсмирлар ва ёшлар ҳақидаги энг муҳим маълумотлар айнан улар фойдаланаётган ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифалардан олинади. Айниқса, ёш фойдаланувчилар ўзи тўғрисидаги шахсий маълумотларни, яъни туғилган куни, исми, телефон рақами, яшаш манзили, қайси жойларда бўлиши, ижтимоий аҳволи, нимани яхши кўриши, кайфияти, характери ҳақида ижтимоий тармоқда ёзишни хуш кўради.
Ҳар бир бола алоҳида индивид, демак, унга алоҳида эътибор ва ёндашув зарур. Ҳозир аксарият 13—16 ёшдаги ўсмирлар интернетда фаол. Улар учун интернет муҳим ахборот манбаси, фаол мулоқот воситаси, вақтичоғлик қилиш имконидир. Бу ёшни экспертлар айни «ахборотга ташналик даври» деб атайди. Боиси, ўсмир ўғил-қизлар барча нарсалар ҳақида, айниқса, тақиқланган «билим»лар тўғрисида кўпроқ билишни истайди. Уни ўқитувчисидан сўролмаса, ота-онасига оғиз ҳам очолмаса, ёши катталардан уялса, ким ёрдам беради? Интернет, албатта.
Афсуски, бугун болалар ва ўсмирларнинг интернет тармоғидан фойдаланиш вақтини назорат қилувчи аниқ меъёр ишлаб чиқилмаган. Аксарият руҳиятшунос-шифокорлар фикрича, интернет тармоғидан фойдаланиш вақти қуйидагича тақсимланиши лозим:
— 7—10 яшар болалар кунига 1 соат;
— 10—13 яшар болалар кунига 1,5 соат;
— 13—16 яшар ўсмирлар кунига 2 соат.
Таъкидлаш жоизки, бу монитор қаршисида узлуксиз шунча вақт ўтирса бўлади, дегани эмас. Экран қаршисида ҳар ярим соатдан кейин камида 10 дақиқа танаффус қилиш керак. Бундай тақсимотдан асосий мақсад интернетга қарамликнинг олдини олиш, кўриш қобилиятини муҳофаза қилиш ҳамда умурт¬қа поғонасига хос касалликлардан сақланишдир.
Ишонч ёки чеклов — ота-она қай бирини танлаши керак? Бугун болаларга интернетни чеклаш керакми ёки аксинча қабилидаги савол долзарб. Интернетни вояга етмаган ёшларга чеклаш керак, деганлар тармоқнинг ахлоқ ва саломатликка салбий таъсир этишига эътибор беради. Яъни бола виртуал мулоқотларга ўрганиб, реал ҳаётдан узилади. Тушкун ҳолатда атрофдагилардан эмас, виртуал оламдаги номаълум кимсалардан нажот излайди.
Бир гуруҳ олимлар эса болаларнинг интернетни билишини маъ¬қуллайди. Яъни, ундан тўғри ва меъёрида фойдаланилса, хорижий тиллар, математика, ҳисоб-китобни осон ўзлаштириш мумкин.
Демак, ҳамма гап интернетдан қандай мақсадда фойдаланишда. Бу мақсадни, одатда, ота-она белгилайди. Бу жараёнда катталар болаларга баджаҳл қоровул ва тақиқловчи золим эмас, балки меҳрибон дўст ва билимдон муаллим каби бўлиши лозим. Бунда ота-онага назорат дас¬турлари қўл келади. Яъни компьютер ёки мобиль қурилмаларга юклаб олинган фильтрловчи дастурлар орқали бола тез-тез «меҳмон» бўлаётган сайтларни, суҳбатдошларни назорат қилиш мумкин. Энг қизиғи, бу дастурлар ота-онага исталган жойда, исталган вақтда боласи телефонда нималар қилаётганини кузатиш имконини беради.
Мазкур назорат усулида болага ўз компьютеридан куннинг аниқ вақтида, масалан, соат 14:00 дан 15:30 гача фойдаланиш меъёр қилиб белгиланади. Ёки болага чекланган дас¬тур ва интернет манбаларидан фойдаланишга рухсат берилади. Ота-она фарзандига фойдали деб ҳисоблаган интернет сайтларини ҳам билиб олиши ва тавсия қилиши лозим. Жумладан, «Кибер ота» болалар учун мўлжалланган браузер бўлиб, худди «Internet explorer», «Alta Vista»га ўхшаб ишлайди. Браузерда изланаётган ҳар қандай маълумот аввалдан фильтрланади. «Гипер она» компьютер дастури ҳам ана шундай қулайликларга эга.
Ҳозирги вақтда Ғарб давлатларида «Kinder Gate» («Болалар дарвозаси») дастури ҳам хавфсиз ҳисобланади. У компьютерга осон ўрнатилади. Дастурнинг интернет браузери фақат болаларнинг ёши ва дунёқарашига мос келувчи сайт¬ларни кўрсатиб, турли кўнгилочар ўйинлар, зўравонлик акс этган фильмларни қулфлайди. Дастур ижтимоий тармоқда фаол бўлган ўсмирларнинг танишув сайтларидан фойдаланишини чеклабгина қолмай, антивирус вазифасини ҳам ўтайди. Шунингдек, дастурнинг ҳисобот журнали ёрдамида боланинг қайси сайтларга кираётганини кузатиш мумкин.
Ота-оналарга тавсия этиш мумкин бўлган яна бир фильтрловчи дас¬тур бу — «Kaspersky Safe Kids»дир. Уни «Play market» электрон дўконидан харид қилиш мумкин. Дастурнинг бир неча афзалликлари бор. Жумладан, бола юрган жойни ҳамда унинг телефон қўнғироқлари ва хатларини мониторинг қилади. Дастур андроид қурилмаларга ўрнатилса, бошқарув янада осонлашади. Энг яхши томони шуки, мазкур дастурни болалар ўчиролмайди.
Кўпчилигимиз “Youtube” виде¬охос¬тинг хизматидан фойдаланамиз. Болажонлар ҳам ўзлари учун қизиқарли мультфильм, ақлни ривожлантирувчи видеоўйинларни юклаб олиши мумкин. Бироқ қидирув тизимида вояга етмаганлар кўриши тақиқланган манбалар ҳам бисёр. Қизиқувчан кичкинтойлар огоҳлантиришларга қарамай, кўпинча ноўрин тугмаларни босаверади. Ана шу вазиятни «Google» компанияси мутахассислари енгиллаштирди. Улар ёшга кўра тақиқланган видеоларни томоша қилишни чекловчи махсус назорат тизимини ишлаб чиқди. Бунинг учун ютубнинг аккаунт созланмасига кириб, хавф¬сизлик режимини ёқиб қўйиш кифоя. Тизим бошқаруви тўлиқ ота-она назоратига ўтади. Жуда уста болакай ҳам махсус калит сўзсиз тизимга киролмайди.
Лекин бу билан ота-оналар бемалол ўз юмушлари билан банд бўлиб юролмайди. Айтмоқчимизки, болага катталарнинг тақиқ ва таъқиблари эмас, балки очиқ ва самимий мулоқоти зарур. Улар билан тез-тез, дилдан суҳбатлашиш керак. Токи бола тармоқдаги ҳаёт тарзини оила аъзоларидан сир тутмасин ва оиласидан топмаган меҳрини виртуал дунёдан изламасин. Мақоламизни мутахассисларнинг қу¬йидаги тавсиялари билан мухтасар қиламиз.
1-тавсия: болангиз билан суҳбатлашиб, унга интернетдан назоратсиз фойдаланишнинг салбий оқибатлари, фойдаланганда нима мумкин ва нима тақиқланганини тушунтиринг.
2-тавсия: боланинг тармоқда бўлиш вақтини чеклаб, у кираётган ресурсларни назорат қилинг.
3-тавсия: «онлайн дўст», аслида расмдаги тасвирга мос келмаслигини, бутунлай бошқа шахс бўлиб чиқиши мумкинлигини уқтиринг.
4-тавсия: катталар маслаҳатисиз интернет дўконидан харид қилмасликни ўргатинг.
5-тавсия: фарзандингиз «виртуал дўст»и билан реал ҳаётда учрашишни хоҳласа, унда эҳтимолий дилхираликнинг олдини олиш учун катта ёшли ҳамроҳи билан учрашувга чиқиш лозимлигини та¬йинланг.
6-тавсия: болангиз ижтимоий тармоқдаги аккаунтига жойлаштираётган маълумотлар билан қизиқинг, логин ва паролидан хабардор бўлинг.
7-тавсия: интернетдан фойдаланаётганда болангизга ноқулайлик туғдираётган, кайфиятига салбий таъсир этаётган омилларни сўранг, аниқланг ва бартараф этинг.
Одина ҚУЛМУРОДОВА тайёрлади.