Буюк мураббий
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижтимоий-маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин тутган тарихий воқеа бўлди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Биринчи Президентимиз ҳақида айтган “замонамизнинг улуғ сиёсатчиси”, “узоқни кўрадиган ва стратегик фикр юритадиган шахс”, “дунёда ва турли минтақаларда юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини давлатчилик нуқтаи назаридан кўра билиш қобилиятига эга бўлган, ўз юрти ва халқи учун, ҳар ватандошимизнинг тақдири учун улкан масъулият туйғусини чуқур ҳис қиладиган атоқли раҳбар”, “буюк устозимиз”, “Ислом Абдуғаниевичнинг республика раҳбари этиб сайланиши Яратганнинг халқимизга бебаҳо марҳамати бўлган эди”, “замонавий Ўзбекистоннинг тарихи — бу мамлакатимизнинг ҳақиқий мустақилликка эришиш йўлида Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳнамолигида олиб борилган ўта мураккаб ва оғир курашлар тарихидир”, “Амир Темурдан кейин Ислом Каримов зиёрат қилинади” деган фикрларида Биринчи Президентимизнинг миллат олдидаги буюк хизматларининг улуғ эътирофи мужассам.
Маърифатли халқлар ўзини озодликка олиб чиққан раҳнамоларини абадий эъзозлайди. Ислом Каримов раҳбарлигида бошқа соҳалар қатори халқимизнинг маънавий қадриятларига эҳтиром, муқаддас динимиз, ўзлигимиз, анъана ва урф-одатларимиз, бебаҳо тарихий меросимизни сақлаш ва тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Буни Биринчи Президентимизнинг “Ким эдигу, ким бўлдик”, деган машҳур ибораси орқали теран англаш мумкин.
Мустамлака зулмидан эзилган миллатнинг қаддини тиклаш учун “миллат дарди — менинг дардим”, деб майдонга чиқадиган жасоратли раҳнамо керак эди. 1989 йили Ўзбекистонда мана шундай Шахс — Ислом Каримов майдонга чиқди. Олдинда бизни қаттиқ ғоявий, мафкуравий синовлар кутарди. Миллий ғоя, маънавият ва маърифат масаласи Ислом Каримовнинг давлат раҳбари сифатидаги биринчи иш кунларидан устуворлик касб этди:
“Ҳеч қачон бўшлиқ бўлмайди. Биз бормаган жойга бошқалар боради” (1989 йил 19 август);
“Улуғ ўзбек халқининг қаддини кўтарамиз. Ғурурини тиклаб, мақсадга эришамиз”;
“Мафкуравий фаолият концепциямиз йўқ...”;
“Оммавий маданият” муаммоларига алоҳида эътибор бериш лозим. Халқни маънавий айниш, қўпол пасткашликдан ҳимоя қилиш керак” (1991 йил 27 март).
Халқни бахтли қилиш учун аввал бахтсизликни тўхтатиш керак эди. Бахтсизлик миллатлараро можароларда, одамлардаги тошбағирликда, асоссиз айбловларда, яшаш қийин эмас, даҳшатли бўлиб қолганида, жиноятчиларнинг ялло қилиб юришида, популистик митингбозликларда, халқнинг ночорлигида, ҳувиллаган дўкон расталаридан мўралаб турарди.
1991 йил 14 июнда ҳали атеистик мафкура қиличи ҳавога кўтарилган бир пайтда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш қанчалар улкан жасоратни талаб қилганини тасаввур этиш қийин эмас. Шу биргина мисолнинг ўзиёқ дин масаласи Ислом Каримов фаолиятида ўта муҳим аҳамият касб этиб, янги жамиятнинг маънавий пойдеворини қуришда устувор йўналиш сифатида қаралганидан далолат беради.
Миллий маънавий қадриятларни тиклаш истиқлол арафасида республикамиз раҳбарининг ижтимоий-сиёсий ислоҳотларининг асосий мавзуси бўлди. Шу даврда қадимий Наврўз байрами, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари қайта тикланиб, муқаддас ҳаж зиёрати учун йўллар очилди. Тилимиз ва динимизга, миллий қадриятларимизга муносабат тубдан ўзгарди.
Мустақиллик йилларида муқаддас динимизнинг бош китоби Қуръони карим ўзбек тилига таржима қилиниб, миллионлаб нусхаларда чоп этилганини жамоатчилигимиз яхши билади. Муқаддас сураларнинг маънолари таржимаси юртдошларимиз қалбига кириб бориб, уларнинг маънавий бойлигига айланди. Бу ҳам осон бўлмаган эди. 1990 йилнинг март ойида Қуръони каримнинг дастлабки суралари “Шарқ юлдузи” журналининг 3-сонида босилиб чиқди. Тахминан 170 минг ададли журнал тезда бутун юртимиз бўйлаб тар¬қалганидан атеистик мафкуранинг ашаддий тарафдорлари ваҳимага тушиб қолади. Қандай қилиб бўлмасин, улар бу ишни тўхтатиш ва журналнинг кейинги сонларида Қуръони карим таржимасининг давомини чоп этишга йўл қўймаслик чораларини излайди. Матбуотда Қуръони карим таржимасининг “зарарли оқибатлари” ҳақида мақолалар эълон қилинади. Ҳатто журнал жамоасига “коммунистик партия сиёсатини тарғиб қилиши керак бўлган шундай нуфузли нашр динни тарғиб қилиб ўтирса, бу нима деган гап?!” қабилидаги сиёсий айблар қўйила бошлайди. Натижада Қуръони карим таржималарининг босилиши хавф остида қолади. Кундан-кун кучайиб бораётган бу тортишувга Ислом Каримов нуқта қўяди. Бу хайрли ишни ҳеч тўхтатмасдан, Қуръони карим таржимасини “Шарқ юлдузи”да эълон қилишни давом эттириш бўйича топшириқ беради. Шу тариқа Муқаддас Китобимиз ўзбек тилида чоп этилади.
Миллатнинг маънавий томирларига қон келди, ҳаёт келди. Миллий тикланиш бошланди. Бу Ислом Каримовнинг: “...биз тарихий халқ анъаналари, урф-одатлари ва маросимлари асосида одамлар онгини шакллантириш омилларини кучайтиришимиз зарур. Яширишга ҳожат йўқ, биз шубҳали шиорларга берилиб, маънавий маданиятимизни озиқлантириб турган илдизларни қирқиб ташлашга ўнлаб йилларни сарфладик. Ҳозир бунинг оқибатларини сезиб турибмиз...”(Илм-фан имкониятларидан тўлароқ фойдаланайлик. Ўзбекистон ССР Фанлар академиясида бўлиб ўтган учрашувда сўзланган нутқ. 1989 йил 28 ноябрь), дея бу ишни сиёсатнинг устувор йўналиши сифатида белгилаб, изчил амалга оширганида рўёбга чиқа бошлади.
“Оқибатлар” нималарда кўринаётган эди? Мисол учун она тилимиздаги “тавозе”, “ҳаё”, “виждон”, “иймон”, “инсоф” каби маънавий тушунчалар миллий маданиятимизнинг юксак мақомидан далолат. Бу сўзлар мулозамат учун ишлатилмаган. Уларнинг ортида шу тушунчалар маъносига тенг фазилатлар яшаган. Зеро, “Ҳаё ва андиша дунёда тартиб сақлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Ҳаё йўқолса, ҳеч кимда виждон қолмайди, (у ҳолда) дунёда тартиб бузилади, кишилар бир бирларига бефарқ қарайдиган бўладилар” (Ахлоқи Муҳсиний).
Лекин шўро даврида бу фазилатлар “қолоқлик”, “мистика”, “эскилик сарқити”, дея камситилди. Кейинги авлодларга ўтиб қолмасин, деб мактаб дарсликларидан сиқиб чиқарилди. Мана, ёзувчи Иброҳим Раҳимнинг ўша йиллардаги кузатувларидан бир парча:
“... Кўпгина ёшларимиз “инсоф” нималигини билиш у ёқда турсин, бу сўзнинг ўзини ҳам эшитмагандек, тушунмайдилар.
Эски ҳовлимизнинг рўпарасидаги ўрта мактабнинг тўполончи ўқувчиси ўзидан кичик болани дўппослаганида қўлидан ушлаб, “Инсофинг борми, ўзингдан кичик болани урасанми?” десам, “Инсоф” деганингиз нима?” деб анқайиб қолди. Шундан кейин бошқа бир неча боладан ҳам сўрадим. “Унақа дарс ўтганимиз йўқ”, деб жавоб қилдилар. Шу воқеадан кейин мактабларда Инсоф дарсини ўтиш керак, шекилли, деган хулосага келдим.
Инсофли бўлиш ҳақида на уйда, на мактабда ва на атрофдагилардан таълим олган айрим ёшлар инсофсизлик қилиб қўйганини ўзлари англамаяптилар, англасалар ҳам унинг хунук оқибати — гуноҳи тўғрисида мутлақо ўйламаяптилар...” (Иброҳим Раҳим. Ҳаёт чорраҳаларида. — Тошкент, “Ўзбекистон”, 1991. -110-б.).
Ислом Каримов раҳбарлигида ислоҳотларда “маънавият ва иқтисодиёт бир-бирини инкор этмайди, аксинча, бир-бирини қувватлаб, ўзаро таъсирланиб, ривожланиб боради”, деган қоида дастуриламалга айланди. Шу ўринда атоқли инглиз олими Жон Леббокнинг “Миллатнинг ҳақиқий шарафи ҳудудининг бепоёнлигида ҳам, ерининг унумдорлигида ҳам, табиатининг гўзаллигида ҳам эмас, балки халқнинг ғоявий ва ахлоқий баркамоллигига боғлиқ”, деган сўзлари ёдга тушади.
1989 йили БМТ томонидан “Инсоният ўз инсонийлигини сақлаб қола оладими?” номли ташвишли илмий-тадқиқот натижаси чоп этилди. Бу китоб устида жаҳоннинг 34 мамлакатидан энг машҳур олимлар ишлади ва маънавий қашшоқликнинг оқибатлари саналди. Бироқ орадан 19 йил ўтса-да, гуманитар муаммолар камаймади, кўпайиб келаверди. Ниҳоят, 2008 йили Ўзбекистон раҳбари ушбу муаммо ечимларини оқибатдан эмас, сабабдан — инсоннинг ўзидан, унинг маънавиятидан излаш кераклигини асослаб берди. “Юксак маънавият — енгилмас куч” китоби жаҳоннинг кўп тилларига таржима қилинди. Бу — инсонийликни, она сути, ота ўгити билан сингган миллийликни сақлаш, бойитиш ташаббусининг дунёдаги эътирофидир.
Миллатни юксак маънавиятли қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлана борди. Зеро: “Моддий ислоҳотлар, иқтисодий ислоҳотлар — ўз йўлига. Уларни ҳал қилиш мумкин.
Халқнинг таъминотини ҳам амаллаб туриш мумкин, аммо маънавий ислоҳотлар — қуллик, мутелик исканжасидан озод бўлиш, қаддини баланд тутиш, ота-боболаримизнинг удумларини тиклаб, уларга ворис бўлиш — бундан оғирроқ ва бундан шарафлироқ вазифа йўқ, бу дунёда”, деб ёзган эди бу ҳақда Биринчи Президентимиз. Зеро, маънавий қашшоқ миллат ҳеч қачон иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий тараққиётга эриша олмаган. Маънавият қанча юксак бўлса, инсон капитали шунча кучаяди. Юксак маънавиятли киши ёмон ишлаши, ёмон фуқаро бўлиши, бировга ёмонлик қилиши мумкин эмас.
Одамни — фикр, оламни — иш ўзгартиради. Биринчи Президентимиз кўтарган ғоялар халқимизни бирлаштирди. “Ўзбекистон — келажаги буюк давлат!”, “Шу азиз Ватан барчамизники!”, “Ватан саждагоҳ каби муқаддас”, “Элни Ватан манфаати бирлаштиради”, “Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон!”, “Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз!”, “Мардлар қўриқлайди Ватанни!”, “Огоҳлик — давр талаби”, “Тарихий хотирасиз келажак йўқ”, “Адабиётга эътибор — маънавиятга эътибор!”, “Тинчлик учун курашмоқ керак”... Бу ғоялар миллий тикланишимизнинг энг қийин йиллари синовидан ўтди. Халқимизни асради, унга куч, мадад бериб келди.
Биринчи Президентимизнинг бой маънавий меросида ёшлар тарбияси масаласи алоҳида ўрин эгаллади. Ислом Каримов асарларини педагогик ўрганиш уларда бугунги замоннинг комил инсонларига хос бўлган юксак салоҳиятли, маънавий уйғоқ, ор-номусли, уят ва андишали, шарму ҳаёли, иболи ва иффатли, собитқадам, шижоатли, диний қадриятларни билувчи, савоб ишларни кўп қиладиган, тарихимиз, маданиятимиз, буюк аждодларимиз меросини чуқур билувчи, Ватанга содиқ, миллий ғурурли, юксак маънавиятли, янгича фикрловчи каби 200 дан ортиқ фазилатлар баён қилинганини кўрсатади.
Ислом Каримовнинг ғоявий меросида огоҳлик мавзуси алоҳида ўрин тутади. “Юксак маънавият — енгилмас куч” китобида “Табиийки, “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди”, дейилади. Бу бежиз эмас. Чунки ғофиллик — қуролсизлик, огоҳлик — қуролланганликдир. Тафаккур қилсак, “оммавий маданият” деб тарғиб қилинаётган “маданият”да Ислом Каримов бизни огоҳлантирган тўрт таҳдиднинг ҳар бирига мисол топса бўлади: 1. Ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик(аёлга соф инсоний муҳаббат билан эмас, жинсий севги объекти сифатида қараш. Буни кўз-кўз қилиш. Ёшларнинг руҳий дунёсини издан чиқариш). 2. Индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш(билганингни қил. Бир марта яшайсан. Лаззатлан. Бошқалар билан ишинг бўлмасин. Улар ҳам билганини қилсин, деган қарашни урф қилиш). 3. Шунинг ҳисобидан бойлик орттириш(сон-саноқсиз диск, ашёларни чиқариш, сотиш, шоу, концертлар ташкил қилиш ва бирданига мўмай даромад олиш). 4. Бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпориш(ота-боболаримизнинг онгу тафаккурида минг йиллар давомида шаклланиб, сайқал топган ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё, ибо ва иффат каби юксак ахлоқий туйғу ва тушунчалар, қадриятларни йўқ қилиш. Уларнинг ўрнига бирорта халқ тан олмаган, кўп мамлакатларда тақиқланган ахлоқсизлик анъаналарига ёшларимизни ўргатиш, ёшлар маънавий оламининг дахлсизлигини бузиш).
Бугунги мураккаб ва таҳликали, тобора глобаллашаётган дунёда буюк мураббий Ислом Каримовнинг ғоялари ёшларимиз тарбиясига катта хизмат қилади. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригида айтилганидек, “Ислом Абдуғаниевич Ватанимизни буюк муҳаббат билан севиш, халқимизга садоқат билан хизмат қилиш, бу йўлда бор билим ва тажрибамиз, бутун борлиғимизни сафарбар этиш борасида биз учун юксак ибрат мактабини яратиб кетдилар”.
Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,
педагогика фанлари доктори