Ҳаммаси фарзандларимиз учун!
Йил якунида ўтган даврни сарҳисоб қилиш, янги режаларни тузиш мактабдан ташқари таълим муассасалари зиммасига ҳам ўзгача масъулият юклайди.
Хадича Зокирова, «Баркамол авлод» республика болалар техник ижодиёти маркази директори:
— Техникага қизиқмайдиган ўқувчи топилмаса керак. Марказимизнинг кўп сонли педагогик жамоаси ўз кундалик фаолиятида техник ижодкорликнинг ҳайратомуз намуналарига дуч келади. Якунланган 2017 йилдаги муваффақиятларда бунинг яққол ифодасини кўрдик.
14 — 26 сентябрь кунлари Қозоғистоннинг Бойқўнғир шаҳрида ўқувчи-ёшлар ўртасида ўтказилган XVIII халқаро ракетамодел мусобақасида Ўзбекистондан 5 нафар ўқувчи иштирок этди. Россия, Беларусь, Қозоғистон, Болгария, Қирғизистон ҳамда В.Н.Челомея номидаги халқаро аэрокосмик мактаб-лицейи жамоаларининг 80 нафардан ортиқ вакили орасида марказимиз ўқувчилари фахрли 3-ўринни эгаллагани ота-оналар, педагоглар, кенг жамоатчиликни хурсанд қилди.
Робототехника йўналиши бўйича «Орзумдаги робот» республика сиртқи танловида намойиш этилган «Электрон ўйинчоқлар», «Қишлоқ хўжалиги роботлари», «Саноат роботлари» намуналари фарзандларимиз орасидан янги ихтирочилар етишиб чиқаётганини кўрсатди.
2018 йилни хуш кайфият билан бошладик. Мактаб ўқувчилари учун таътил даври, аммо марказимиз гавжум. Ҳар бир бола ўз тўгарагига ошиқиб келади. Педагогик жамоамиз ёш ижодкорларнинг билим, кўникма ва малакасини ривожлантиришга қаратилган ўқув-тарбиявий жараённи такомиллаштириш, «Болаларнинг техник ижодкорлиги» фестиваль-танловини халқаро миқёсда ташкил этиш, «Бойқўнғир — 2018» халқаро мусобақасида иштирок этадиган ўқувчилар сонини кўпайтириш, ҳудудий танловларни кўпроқ ўтказиш, вилоят ва туманларда фаолият кўрсатаётган ҳамкасб¬ларимизга услубий-ташкилий хизмат кўрсатишни яхшилаш чора-тадбирларини белгиламоқда.
Насиба Шомансурова, «Баркамол авлод» республика болалар бадиий ижодиёти маркази директори ўринбосари:
— Мавжуд тўгараклардан 5 тасининг янгидан иш бошлаши ўтган йилдаги асосий ютуқларимиздан биридир. Демак, марказ педагогик жамоа¬си ўқувчиларнинг касб-ҳунарга бўлган эҳтиёжларини ўрганиб иш тутмоқда. 26 нафар кам таъминланган оила фарзанди, 121 нафар Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиси, 49 нафар имконияти чекланган ўқувчи тўгаракка имтиёзли тарзда қабул қилинди. 475 нафар ўқувчига марказда қўшимча таълим олганлиги тўғрисида гувоҳнома топширилди.
Истеъдодсиз боланинг ўзи йўқ, гап унинг нимага қодирлигини аниқлаш ва ривожлантиришда. «Миллий рақс» танлови, «Баркамол авлод» болалар ижодиёти фестивали» тадбирларининг республика миқёсида ўтказилиши кўплаб иқтидор эгалари учун имконият эшигини очди. Марказимизнинг «Замин» драма тўгараги аъзолари 2017 йил 12—16 июль кунлари Туркия¬нинг Каппадокия шаҳрида бўлиб ўтган «YESAK» IV халқаро мусиқа ва рақс фестивалида совриндор бўлиб қайтди.
2018 йилдаги режаларимиз ҳар галгидан залворлироқ. Ҳар бир туманда фаолият кўрсатувчи «Баркамол авлод» болалар марказида ҳудудий ўзига хосликни инобатга олиб, бадиий ижодиёт йўналишидаги тўгаракларни кўпайтиришимиз керак. Ҳар бир тўгарак турига оид танловни ташкил эта олсак, истеъдод эгаларини кўпроқ кашф қилишимиз мумкин. «2 апрель — Халқаро болалар китобхонлиги куни»га бағишлаб «Баркамол авлод» болалар марказлари мутахассислари учун «Кутубхоначилик техникаси» мавзусида республика ўқув-семинарини ташкил этиш ниятидамиз.
Хайриддин Бойиров, «Баркамол авлод» республика болалар ўлкашунослик ва экология маркази директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари:
— 2017 йил биз учун муваффақиятли якунланди. Барча тўгарак аъзоларини 50 та гуруҳга бириктирган ҳолда жонажон ўлкамиз тарихи, археологик ва маданий мерос намуналарини чуқур ўрганиш, мамлакатимиз табиий бойликлари билан таништириш, ўқувчининг экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича билимини кенгайтиришга имкон яратдик.
Саёҳат ўқувчи маънавий оламини янгилайди. «Ёш эколог», «Ёш ўлкашунос», «Ёш экскурсовод», «Витраж» каби тўгарак аъзоларидан 7100 нафарини Тошкент шаҳридаги Мустақиллик майдони, Ҳазрати Имом мажмуаси, қатор музейлар ҳамда «Шаҳидлар хотираси» хиёбонига саёҳатга олиб бордик. 2017 йил 30 май куни «Мозийдан келажакка саёҳат» шиори остида тарихий ва замонавий обидалар бўйлаб сайё¬ҳлик марафонини ўтказдик. 4—6 ноябрь кунлари «Тошкент — Хоразм — Тошкент» йўналишидаги ўқув саёҳатига марказнинг 50 нафар тўгарак аъзоси ва педагог ходимлари жалб этилди.
13 — 15 октябрь кунлари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ўтказилган анъанавий «Чимён садоси — 2017» фестивали ҳар бир иштирокчининг экологик билимини мустаҳкамлади. «Сув — ҳаёт манбаи» шиори остида ўтказилган «Болалар ва сув» экофестивали ўқувчилар ўртасида ҳақиқий баҳс-мунозарани юзага келтирди.
Шундай қизғин жараён 2018 йилда ҳам давом этади. Аввало, ўқувчилар қамровини янада ошириш долзарб масала бўлиб қолади. «Экодизайн» тўгараги таркибидан ўрин олган «Шоколадли композиция», «Флористика» ва «Ошибана» йўналишларини янада ривожлантиришимиз зарур.
«Ma’rifat» мухбири Ҳулкар ТЎЙМАНОВА ёзиб олди.