Тараққиёт ва маънавият
Дунё бўйича иқтисодий, технологик юксалишга интилиш, ижтимоий фаровонликка эришиш, соғлиқни сақлаш, тинчлик ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, унга таҳдид қилувчи кучларга, ОИТС каби аср муаммоларига, киберҳужумларга қарши ҳамкорликда курашиш кабилар халқаро ҳамжамиятнинг диққат-марказида. Улар замиридаги муаммоларнинг ечимига доир турли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Масалан, 2017 йил 19 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида, аввалги нотиқлардан фарқли равишда, бугун инсоният маънавиятини юксалтириш зарурати ҳар доимгидан кўра долзарб аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. Давлатимиз раҳбари айни пайтда халқаро терроризм ва экстремизм каби жаҳонга хавф солаётган глобал масалаларни куч ишлатиш йўли билан эмас, аксинча, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва уларни тарбиялаш орқали бартараф этиш лозимлиги ҳақида сўзлаб, сессия қатнашчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини билдирди.
Зеро, шу пайтгача халқаро доираларда миллий маънавият ҳақида “баланд” гаплар айтилган бўлса-да, шахснинг ички дунёсини бойитиш, инсонни маънавий такомиллаштириш бўйича декларатив ва популистик амаллардан, космополитик ёндашувлардан нарига ўтилмади. Умуман олганда, дунёдаги барча иллат, жиноят, уруш ва ижтимоий-сиёсий, экологик инқирозларнинг илдизини шахс маънавиятидан қидириш, барча муаммоларнинг ечими ана шунда мужассамлиги эътибордан четда қолди. Шахснинг маънавий дунёси унинг иқтисодий ва молиявий ўпқонига тушиб кетди. Янги аср кишиси бутун борлиғи билан тўлалигича глобал иқтисодиёт ҳамда инсоният учун ягона ҳукмдор бўлган бозорнинг қулига айланиб бўлди. Бу — давримиздаги энг оғриқли ва хавотирли глобал муаммодир.
ТАРАҚҚИЁТ ВА “ ТАРАҚҚИЁТ ”
... Инсонга хос орзу-интилишларни рўёбга чиқариш, унинг онгли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган моддий ва маънавий оламни бамисоли парвоз қилаётган қушнинг икки қанотига қиёсласак, ўйлайманки, ўринли бўлади. Қачонки ана шу икки муҳим омил ўзаро уйғунлашса, том маънодаги қўш қанотга айланса, шундагина инсон, давлат ва жамият ҳаётида ўсиш-ўзгариш, юксалиш жараёнлари содир бўлади. Ислом КАРИМОВ
Глобал бозор замонида яшамоқдамиз. Моҳият нуқтаи назаридан дангасалик замонавийлик ва тадбиркорлик сифатида тушуниладиган бўлди. Ҳаракатсизликка мойиллигимиз янгидан-янги қулайликларни тақдим этмоқда. Ялқовлигимиз бозор томонидан “рағбатлантирилмоқда“.
Айрим аёлларимизга (улар сони ортиб бормоқда) эр керак эмас. Чунки улар ўзини ўзи эплай олади, қолаверса, эрки ўзида бўлади. Социал тушунча бўлган эрдан биологик категория бўлмиш эркак устуворлиги кучаймоқда.
Гендер тенглигига эса инсон ҳуқуқларининг тантанаси сифатида қаралмоқда. Оналар ўзларига тақиқланган нарсаларга интилмоқда. Оилавий саодат ўрнини ижтимоий бахт эгалламоқда.
Коммуникацион технологиялар шиддат билан ривожланмоқда. Табиат мувозанатини сақлаб турадиган ҳайвонот дунёси қирилиб кетяпти. Кимёвий фетишизм шу даражада кучайдики, натижада химикатсиз озуқа анқонинг уруғига айланди. Чорвадор қўйини, паррандабоқар товуғини, балиқчи балиғини дорисиз етиштира олмайди. Боғбон эса мевасини зўрлаб “пиширади”. Тўқ ва ҳаловатли ҳаёт эмас, бойлик ва даромад бош мақсадга айланмоқда.
Ҳар куни янги версиядаги телефон аппарати, телевизор, автомобиль намойиш этилади. Қирувчи самолёт, баллистик ракеталарнинг янги турини яратиш учун тинимсиз кураш кетмоқда. Чунки бозордаги етакчиликни қўлдан бермаслик керак. Вирус ва касалликлар тарқатилади. Зеро, антивируснинг янги версияси бозорга чиқарилади. Ҳакалак отган энергетика нафси янги давр урушларига сабаб бўлмоқда.
Шу тариқа глобал иқтисодий тараққиёт, ўз-ўзидан, глобал маънавий таназзулни келтириб чиқаряпти. Фойда ва зарар тушунчасида “моддийлик” маъносигина қолди. Чўнтакка тушгани фойда, чиққани зарар моҳиятига эга бўлди. Ҳалол ва ҳаром фақат ейиладиган нарсаларга нисбатан тушуниладиган замонда яшаяпмиз. Эришилган ютуқлардан (албатта, бунда техник-технологик, иқтисодий ва молиявий юксалиш назарда тутилади) қаноатланмаслик янги давр кишисининг фазилатига айланди. Иқтисодиёт юксалиб, моддий бойликлар кўпайиши, ўз-ўзидан, маънавиятни ўз соясига олиши инсоф, диёнат, ахлоқ тушунчаларини эскиртириб, бора-бора уларнинг моҳиятини тубдан ўзгартириб юборди.
Хоҳлаймизми, йўқми, ҳозирги замонда моддият юксалиши ва рағбатлантирилиши маънавият таназзули ҳисобига кечмоқда. Бунга иқтисодиёти юксалган, аммо маънавиятни бой бериш ҳисобига боши берк кўчага кириб бораётган Ғарбнинг аянчли аҳволи мисолида амин бўлишимиз мумкин.
Тараққиёт деганда, одатда, инсон учун қулайликлар даражаси тушунилади. Бунда эса инсон фаровонлиги, бунинг учун техника юксалиши, давлатнинг иқтисодий ва молиявий ривожланиши англашилади. Бугунги кунда тараққиёт роботлар яратилиши даражасигача кўтарилди ва “юксалиш” сонияма-сония давом этмоқда. Умуман олганда, тараққиёт сўзи ўзагини моддийлик ташкил этиши ҳақидаги тасаввур оммалашди. Буни сўзнинг ижтимоийлашган лингвистик изоҳларида ҳам кўрамиз: “ТАРАҚҚИЁТ [ — юксалиш, олға ҳаракатланиш, ривожланиш, ўсиш]. Ривожланишнинг оддийдан мураккабга, қуйидан юқорига йўналган шакли, унинг юксалиши. Тарихий тараққиёт. Техника тараққиёти. Кишилик жамиятининг тараққиёт босқичлари. Фан ва маданиятнинг тараққиёт даражаси. Мамлакатимизда ишлаб чиқарувчи кучлар кенг кўламда ривожланмоқда, фан-техника тараққиёти авж олмоқда. “Фан ва турмуш” (Ўзбек тилининг изоҳли луғати). Эътибор берилса, ушбу изоҳ шахс маънавий тараққиётига ҳам дахлдор экани ҳатто эсланмайди ҳам. Биз бу билан луғат тузувчиларни айблаётганимиз йўқ. Улар ҳам ижтимоий онгдаги маъноларни берадилар, холос. Тўғри, мисоллар қаторида маданият тараққиётига дахл¬дори ҳам бор. Лекин унда ҳам шахс маънавияти масаласи назарда тутилмагани шубҳасиз. Чунки исталган кишидан тараққиёт сифатида нимани тушунасиз, деб сўрасангиз, “ахлоқий тараққиёт”, “виждон юксалиши”, “инсоф ўсиши” деган жавобни олмаслигингиз аниқ.
Саволни бошқача тарзда ҳам қўйиб кўрайлик. Кейинги юз йил, беш юз йил давомида инсон маънан қай даражада тараққий этди? Эътиқод даражаси қай даражада ўсди? Ватанга муҳаббат аждодларимиздан кўра бизда устунроқми? Биз бобомиздан ҳар жиҳатдан тўкис ва қулай шароитда яшаяпмиз. Лекин виждонимиз ҳам шу даражада юксалдими? Ёки ҳаромдан ҳазар қилишимиз-чи? Ўзгалар ҳақида қайғуришимиз-чи? Ўтган асрнинг бошларида саховатпеша ўзбек бойлари иқтидорли ёшларнинг хорижда ўқиб келиши учун ҳомийлик қилганлари ҳақида ўқиганмиз ёки эшитганмиз. Бугунги бойларимизнинг имконияти уларникидан анча катта. Аммо бирор кишининг талантли йигит ёки қизни қўллаб-қувватлаганини эшитдингизми? Нафсни жиловлаш ва қаноат борасида аждодларимиз билан қиёслансак, муқояса кимнинг фойдасига ҳал бўлади? Илм-фан шиддат билан юксалмоқда. Лекин у инсоннинг маънавий ҳолатига тегишли бўлган маърифатга қай даражада дахлдор?
“РЕЖА — ЧАПАК — ҲИСОБОТ” учбурчаги
Тўхтаб турган поездда ўтирганингизда, қўшни йўлда секин ҳаракатланаётган составни кўриб, беихтиёр бизники юрмаяптимикан, деб ён-атрофга қарамаганмисиз? МЕБАРАЖ
Ҳар қандай мақсадли ва режали фаолият натижага йўналтирилади. Натижани баҳолаш мезонлари аниқ бўлганидан фаолият ҳам муайян йўналишда кечади. Олайлик, ўқитувчи талабаларга маъруза ўқийди. Дастлаб бериладиган билим ва уни ўзлаштиришни баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилади. Бу мезонлар ўқув предметининг ҳар бир мавзуси, бўлими ва тўлиқ курс бўйича яратилади. Натижа тегишли балл ёки баҳо билан ўлчанади.
Таълим жараёнини тарбиявий ишларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Унинг асосини эса маънавий-маърифий масалалар ташкил этади. Мамлакатимизда ҳатто таълимдан таш¬қаридаги соҳалар учун ҳам маънавият ва маърифат масаласи — муҳим жабҳа. Давлатимиз маънавият соҳасида ҳам бош ислоҳотчи, бу жиҳатдан дунёдаги исталган мамлакатга ўрнак бўла оламиз. Бу — улкан ютуғимиз. Аммо шахс маънавияти юксалиши борасида қандай ютуқларга эришяпмиз? Натижалар нимада акс этяпти? Уни қандай мезонлар билан ўлчаймиз ва баҳолаймиз?
Ҳар бир ташкилот, олайлик, ўқув юртида маънавий-маърифий ишлар бўйича махсус йиллик режалар бор. Унда кўзда тутилган ишлар сирасида асосий ўринни маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этади. Ўқувчи ва талабалар сон-саноқсиз тадбирларга жалб этилади. Бунга қанча маблағ ва вақт сарфланишининг ўзи натижа нуқтаи назаридан бошқа масала. Олий ўқув юртида ишлайдиган маънавий-маърифий ишлар бўйича мутасадди бўлган бир ҳамкасбим йил давомида уч юздан ортиқ тадбир ўтказгани билан фахрлангани эсимда. Аммо бу сон-саноқсиз тадбирларнинг натижасини нима билан баҳолаймиз, деганимда, қатнашчилар сони билан, деган жавобни эшитиб, ҳафсалам пир бўлган. Демак, кутилган натижа шундай бўлгандан кейин фаолиятни қандай баҳолашни яхши биласиз. Олий таълимдаги оддий ўқитувчи сифатида мени бу муаммо қийнайди. Натижаси аниқ бўлмаган, аниқроғи, аниқлаб бўлмайдиган фаолиятга сарфланаётган маблағ ва вақт ўзини қанчалик оқлайди? Овчининг фаолияти бўшатилган ўқлар миқдори билан эмас, балки қўлга киритилган ўлжа (натижа) билан белгиланмайдими!
Олий ўқув юртларидаги аксарият талабалар маънавий-маърифий тадбирлардан ўзини олиб қочишга ҳаракат қилади. Улардан бу ҳақда сўраганимда, “Ўзимиз билган нарсалар”, “Бекорга вақтим кетади”, “Қандай натижа беришини билмайман”, “Шунчаки кириб чиқамиз” каби гаплардан нарига ўтишмайди. Ҳатто талабанинг ҳафтадаги бир кунлик оромига ҳам чанг солиб, тураржойларида эрталабдан тадбирлар ўтказишга ружу қўйдик.
Тадбирлар, асосан, одам савдоси, терроризм, гиёҳвандлик, “оммавий маданият” каби муаммоларга бағишланган, фақат оқибатларга қарши курашиш мазмунида бўлади. Лекин уларнинг сабаблари бўлган шахс маънавияти масаласи кўзда тутилмайди. Бир қарашда сон-саноқсиз тадбирлар маънавиятни юксалтиришга эмас, балки талабаларни кўпроқ банд қилиб туришга ёки турли оқимларга чалғиб кетмаслиги учун бўш вақтини қолдирмаслик мақсадига бўйсундирилгандек тасаввур уйғотади.
КЎТАРИНКИ МАВҲУМЛИКДАН — АМАЛИЙ АНИҚЛИККА
Сабабларни суриштирмай, оқибат билан курашиш қон бузилиши натижасида қичима бўлган кишининг баданига ёғ суртишига ўхшайди. Абу Ҳомид ҒАЗЗОЛИЙ
Муаммо шундаки, маънавий-маърифий фаолиятимиз моҳияти тўлиқ англаб етилмаган. Халқ, миллат ва шахс маънавияти, ижтимоий ва индивидуал маънавият фарқланмайди. Маърифат сўзининг моҳияти аниқ ва тушунарли талқинларга эга эмас. Илм ва маърифат тарбияланувчиларга мос равишда тавсифланмаган. Маънавиятли шахсни тарбиялаш пировард мақсадимиз экан, шахс маънавияти нималардан ташкил топади, маънавият категориясининг таркиби қандай, шахснинг маънавий тавсифи, шахс маънавий ҳолати аломатлари, шахсга маънавий “ташхис” қўйиш, маънавий ҳолат сабаблари, маънавий қиёфани баҳолаш усуллари, маънавий тарбия ва маънавий “муолажа” масалалари ойдинлаштирилмаган. Дейлик, олий ўқув юртига кирган талабанинг маънавий қиёфаси қандай, унда бўшлиқ борми, буни қандай қилиб аниқлаш керак, аломатлари қандай ва сабаблари нимада деган масалалар билан мақсадли ва тизимли шуғулланиш вақти ўтиб кетмаяптимикан?
Умуман олганда, маънавий-маърифий фаолиятга тизимли (фундаментал — инновацион — амалий) ёндашилмас, кўтаринки мавҳумликдан амалий аниқликка ўтилмас экан, у ҳеч қачон натижа бермайди. Маънавият моҳиятини ва шахснинг маънавий ҳолатини ўрганмасдан умумий маънавий тарбиявий фаолият юритиш турли касалликдаги кишиларни умумий, оммавий муолажа қилишдан фарқ қилмайди. Оммавий муолажа эса эпидемиал ҳолатлар учун жоиз.
Маънавиятга, аввало, инсон руҳий ва ақлий оламини ифодаловчи тушунча сифатида қаралиб, руҳият ва ақлнинг яхлитлиги дея баҳоланиши урф бўлган. У кишиларнинг фалсафий, ҳуқуқий, илмий, бадиий, ахлоқий, диний тасаввурларини ўз ичига олувчи ҳодиса экан, унда халқимизнинг “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин” деган мақолини қандай тушунмоқ керак?
Маънавиятга баъзи тал¬қинларда “шахснинг ички олами” сифатида қаралади. Унда шахс психологияси ва шахс маънавияти бир нарсами? Ўқиш-ёзишни билмайдиган юксак маънавиятли кишиларни биламиз.
Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” асаридаги манқуртлик тимсоли Собитжон ва Тансиқбоев ўқимишли кишилар. Аксинча, Казангап ва Эдигей қарийб саводсиз кишилардир. Асарда Абутолиб Қуттибоев ва тарихчи Елизаров эса ўта билимдон, юксак маънавиятли шахслар сифатида кўрсатилади. Собитжон ва Тансиқбоев илм билан маънавиятли бўлиб қолмагани каби, Абутолиб Қуттибоев ва тарихчи Елизаров ҳам “оми” бўлганида, маънавий қашшоқ бўлишармиди? Кўринадики, берилган талқинлардагидек, “маънавият одамларда тап-тайёр ҳолда вужудга келмайди, унга муттасил ўқиш, ўрганиш, тажриба орттириш орқалигина эришилади”, дейилганда руҳият, илм, маънавият чалкаштириб юборилади. Бироқ миллий энциклопедиядаги “Маънавият” мақоласининг давомида маънавиятли одам яшашдан мақсад нималигини аниқ билиши, умрини мазмунли ўтказиш йўлини излаб топиши, муомала қилиш маданиятини эгаллаши, ҳар бир масалага инсоф ва адолат нуқтаи назаридан ёндашиши, виждон нима, ёлғон ва рост нима, ор-номус нима, ҳалол ва ҳаром нима — буларнинг ҳаммасини бир-биридан ажрата олиши, ҳаётда ёмонликка бошловчи хатти-ҳаракатлардан воз кечиши, яхшиликка бошловчи амалларни бажариши таъкидланар экан, бу ҳолатга онг асосида эмас, балки қалб воситасида эришилиши зимдан уқтирилиб, маънавиятнинг руҳият (психология) ва ақлиятдан фар¬қи очиқ-ойдин кўрсатиб берилади.
Айтиш мумкинки, маънавиятни руҳият ва ақл категорияларидан изчил фарқламаслик, талқинлардаги чалкашликлар — маънавий-маърифий фаолиятимиз самарасизлигидаги бош сабаблардан бири. Сўзнинг маъноси аниқ бўлмас, равшан англанмас ва қалбан ҳис этилмас экан, бу сўз ифодалайдиган ҳодиса тушунарсиз, унинг устида олиб борилаётган ишлар қоронғиликда туртиниб-суртиниб ҳаракатланишга ўхшайди.
“МАЪНАВИЯТ” СИСТЕМАС И ВА УНИНГ ТАРКИБИ
Ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Ислом КАРИМОВ
“Маънавият” системасининг моҳияти унинг таркибий қисмларини аниқлаш йўли билан очилади. Юқорида “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”даги муаллиф маъқул деб топган тавсиф асосида маънавият системасини ташкил этувчи унсурлар сифатида тахминан қуйидагиларни ажратиш мумкин:
— ахлоқ;
— виждон;
— эътиқод;
— маърифат;
— муносабат;
— шахсий такомиллашув.
Бу унсурларнинг ҳар бири алоҳида микросистемаларни ташкил этади, ўз ичига юзлаб тушунчаларни олиши мумкин. Масалан, “муносабат” унсури “муҳаббат”, “нафрат” каби ички категория¬ларига эга. “Муҳаббат” категорияси ўз таркибига “ватанпарварлик”, “миллатсеварлик”, “оилапарварлик”, “тилсеварлик” сингари қатор тушунчаларни олади. Категориянинг ички тармоқланиши қанчалик узайса, унинг моҳияти шунчалик муайянлашиб бораверади. Тарих фанлари номзоди, доцент Саодат Сулейманова “Ma’rifat” газетасининг 2017 йил 1 март сонида чоп этилган “Маънавият — инсон қадрининг мезонидир” мавзусидаги мақоласида “Ахлоқ” категориясининг таркиби ҳақида фикр юритар экан, унинг 180 дан ортиқ тушунчадан ташкил топишини айтади. Бу мақола “Маънавият” категориясининг ҳар бир унсури таркибини аниқлашда намуна сифатида катта назарий аҳамиятга эгалигини таъкидлаш лозим. Олима ҳақли равишда таъкидлаганидек, “маънавият” сўзининг маъносини тўғри уққан киши ҳаётда адашмайди. Бу эса зиммамизга “маънавият” категориясини турли аспектларда чуқур ўрганиш ва натижаларни маънавий-маърифий тарбия жараёнига татбиқ этиш вазифасини юклайди.
“Маънавият” системасининг лингвис¬тик ва бошқа йўналишлардаги илмий талқини натижалари шахснинг маънавий ташхиси муаммоси ечимига йўл очади.
ТАШХИС
Инсон, аввало, бахт-саодат нималигини англамоғи ва эришмоқни ўзига юксак ғоя, олий мақсад қилиб қўймоғи, унга элтадиган иш-амал ва воситаларни билмоғи, охир-оқибатда иш ижросига киришмоғи лозим. Абу Наср ФОРОБИЙ
Тарбия таълим билан эгизак экан, хусусан, маънавий-маърифий тарбия ишларининг ибтидосида таълим олувчиларнинг маънавий қиёфасига тавсиф, “чизгилар” туради. Таълим олувчида маънавиятнинг таркибий қисмлари бўлган ахлоқ, виждон, жонкуярлик, маърифат, муносабат, нафсни тийиш, самимият, фаросат, шахсий такомиллашув ҳисси қай даражада эканини аниқлаб олиш лозим. Албатта, бунинг учун илмий асосланган тегишли механизм шакллантирилади. Механизм моҳиятан психологик ташхис тусини олади. Тизимда дастлаб “маънавият“нинг юқоридаги таркибий қисмлари акс этади. Сўнг ҳар бир таркибий қисмнинг ижобий ёки салбий тури ўз тавсифига эга бўлади. Масалан, “виждон” таркибий қисми ижобий ва салбийга ажралади: ҳалол/ҳаром, ростгўй/ёлғончи, лафзли/лафз¬сиз каби. Ёки “фаросат” таркибий қисми “сезгирлик”, “ўзига танқидий муносабатда бўлиш”, “ўзгаларга малол келмаслик”, унинг зидди “сезгир эмаслик”, “ўзига танқидий муносабатда бўлмаслик”, “ўзгаларга малол келиш” каби тавсифларга эга. Албатта, бунинг учун лингвофалсафий асос — ҳар бир таркибий қисмнинг мукаммал ишлаб чиқилган концептуал тавсифи зарур.
Шахснинг маънавий ҳолати унинг ички олами бўлганидан уни бевосита кузатиш имконсиз. Шу боис унинг зоҳирий аломатларини ўрганиш керак ёки махсус экспериментлар асосида ички ҳолатни воқелантириш учун зарур “шартли” вазиятлар вужудга келтирилади.
Маънавий ҳолат белги/аломатлари маънавий ташхис қўйишга бевосита асос бўлади. Ташхиснинг, албатта, махфийлиги таъминланиши лозим. Бу — фаолиятнинг асосий шарти.
Ташхис натижаларига қараб кейинги фаолият белгилаб олинади. Бунинг учун, албатта, воқеланган ҳолатнинг сабаблари аниқланади. Салбий маънавий ҳолатнинг илдизлари, сабаблари (муҳит, оила, руҳий зўриқиш, жамиятдаги адолатсизликлар, ташкилотдаги ноқонуний ҳолат ва ҳақсизликлар каби) ўрганилиб, тарбиявий ишлар одатдагидек ёки кучайтирилган тартибда олиб борилади. Бу ишлар якка ва кичик гуруҳлар билан ишлаш кўринишларида ташкил этилади. Масалан, яқинда гуруҳдаги талабалар маънавий ҳолатининг бир тури бўйича тажриба ўтказдим.
Оралиқ назорат балларини улардан яширин равишда ўз шахсий дафтаримга қўйиб, уларга неча балдан қўйишим кераклигини инсоф билан сўрашларини айтдим. Шунда улар бирма-бир ўз балларини айтишди.
Икки талабанинг ўзига қўйган бали мен қўйгандан паст, учтасиники эса баланд эди. Йигирма талабанинг ўзига берган баҳоси билан меники тўғри келди. Бу кўп вақт талаб қилгани йўқ. Албатта, бунинг учун талабани машғулотлар давомида диққат билан кузатиб бориш керак. Тўғри, бу катта вақт ва меҳнатни талаб этади. Биринчидан, биз учун натижа (маънавий етуклик) муҳим экан, ундан вақт ва маблағ аялмаслиги лозим. Иккинчидан, ҳозир ҳам маънавий-маърифий ишларга кўп эътибор (вақт, маблағ) қаратилмоқда. Фақат олдимизда уни мақсадли йўналтириш ва йўлга қўйиш, аниқ натижаларни кўзлаб иш кўриш вазифаси муаммо сифатида турибди, холос.
МАЪНАВИЙ ТАРБИЯ ВА МУОЛАЖА
Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир. Абдулла АВЛОНИЙ
Санаторий ва курорт, одатда, соғломлаштириш ёки дам олиш маскани экани билан фарқланади. Жисмоний тарбия ва физиотерапия ҳам моҳиятан шунга монанд. Демак, маънавий-маърифий ишларда ҳам тарбия ва муолажани фарқлаш лозимга ўхшайди. Жисмоний тарбия оммавий ва физиотерапия якка тартибдаги амалиёт бўлгани каби шахсларга нисбатан ҳам маънан соғлом ёки носоғлом деган ташхис асосида маънавий тарбия ва маънавий муолажа фарқланиб амалга оширилиши керак. Маънавий-маърифий тарбия аниқ натижаларни кўзда тутган ҳолда оммавий маънавий-маърифий фаолият асосида йўлга қўйилади. Муайян натижа кўзда тутилгандан кейин, албатта, бундай фаолият тарбияланувчи маънавий салоҳиятига кучли таъсир этадиган йўсинда ташкил этилади. Маънавий муолажа эса аниқ ташхис асосида ишлаб чиқилган махсус тадбирлар мазмунида бўлиб, якка ва кичик гуруҳларда олиб борилиши мумкин.
Миллий маънавиятимизда исломий қадриятлар ва тасаввуф ахлоқи марказий ўринни эгаллайди. Бугунги кунда маънавиятга дахлдор нимагаки эга бўлсак ва маънавиятга дохил нимаики бўлса, сўзсиз, ушбу икки буюк таълимот самарасидир.
Бугунги кунда маънавиятимизни тутиб турган исломий тушунчалар ёшлар онгига тадрижий равишда узуқ-юлуқ сингдирилаётганини ва унинг оқибатларини инобатга олиб, диний тарбия масаласида ўз тараққиёт йўлимизга мос, мутаассиблик, ақидапарастлик ва мазҳабчиликка йўл қўймайдиган миллий концепциямизни яратишимиз, уни ҳаётга татбиқ этишни таълим воситасида тизимли йўлга қўйишимиз, самарадор механизмларини ишлаб чиқишимиз, бунда тасаввуф тамойилларига устувор аҳамият беришимиз лозим.
Тинчлик учун 2017 йилги Нобель мукофоти Ядровий қуролни тақиқлаш бўйича халқаро компания(ICAN)га топширилди. Компанияга 2007 йили асос солинган бўлиб, юздан ортиқ давлатнинг 486 жамоатчилик ташкилотини бирлаштиради. Бугунги кунда шахс маънавиятини такомиллаштириш бўйича ана шундай ташкилотга кучли эҳтиёж сезилмоқда. Зеро, маънавиятсизлик глобал ядровий ҳалокатнинг ҳам сабабчисидир. Балки бу ташаббус бизнинг мамлакатимиздан чиқар. Токи бу ташкилот жаҳон миқёсида қўрқув ва эркинлик ўрнига виждонни, барбод қилиш ўрнига қуролсизланишни, зўравонликдан кўра қонун устуворлигини, ҳавойи мавҳумликдан кўра идрокни, маъносиз ҳашаматлардан кўра мантиқли яшашни, дунёни поймол қиладиган кибру ҳаводан кўра уни гуллаб-яшнатадиган доноликни тарғиб қилсин!
Бахтиёр МЕНГЛИЕВ,
Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ профессори, филология фанлари доктори