Энг яхши иншо муаллифлари ноутбук билан тақдирланди
Ўсиб келаётган ёш авлоднинг ижтимоий-маънавий ва интеллектуал салоҳиятини янада ошириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан 9—10-синф ўқувчилари ўртасида ташкил этилган чет тилидан иншолар кўрик-танловининг якуний босқичи ўтказилди.
Танлов Ўзбекистон инглиз тили ўқитувчилари уюшмаси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Танловнинг дастлабки босқичида ҳудудлардаги умумтаълим мактабларидан “Менинг ўқишга бўлган иштиёқим” (My motivation to study) мавзусида инглиз тилида ёзилган 3300 дан ортиқ иншо қабул қилинди. Топширилган ишлар экспертлар томонидан мазмун баёни равонлиги, савияси ва далиллар келтирилгани ҳамда таъсирчанлиги бўйича баҳоланиб, улардан 42 таси республика босқичига танлаб олинди.
Якуний босқич иштирокчилари бевосита аудиториянинг ўзида “Яратувчанликка таъсир этувчи омиллар” мавзусида иншо ёзди. Ғолиблар сафидан ўрин олган Беҳруз Тўйчиев, Бахтиёр Байжанов, Ирода Келдиева чет тиллар учун умумевропа таълим стандарти (CEFR) бўйича имтиҳон топшириш учун йўлланмага эга бўлди. 42 номзод орасидан энг яхши деб топилган 14 нафар иншо муаллифи Халқ таълими вазирлигининг сертификати ва ЮНЕСКО томонидан ноутбук билан тақдирланди.
— Ўқувчим Фериде Сейитова ғолиб деб топилгани ва унга ноутбук совға қилинганидан хурсандман. У эришган муваффақият бизга қанот бағишлади, — дейди Зарафшон шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби инглиз тили ўқитувчиси Наргиза Равшанова.
Тадбир иштирокчилари учун Тошкент шаҳри бўйлаб саёҳат ташкил этилди. Тақдирлаш маросимида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги вакили Дендев Бадарч жаноблари ҳамда Халқ таълими вазирининг ўринбосари Алишер Саъдуллаев иштирок этди.
Назокат ХОЛМЕТОВА,
“Ma’rifat” мухбири