Ўқувчилар қачон касб-ҳунар ўрганади?
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10—11-синф ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 10-синф ўқувчилари ҳафтада 1 кун касбий фанларни ўрганиши белгиланган. Айни кунда касб-ҳунар коллежларидан узоқда жойлашган 2703 мактаб учун 1103 та мактабда, 6956 мактаб учун эса 615 та коллежда ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилди. Мазкур мажмуаларда махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган қирқдан ортиқ касб-ҳунар ўргатилади. Шу билан бирга 11-синфни тугатган ўқувчиларга меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имконини берадиган давлат намунасидаги ҳужжат ҳам тақдим этилади.
Бугунги кунда Нишон туманидаги мактабларда 1501 нафар 10-синф ўқувчиси таълим-тарбия олмоқда. Уларнинг касб-ҳунар ўрганиши учун Нишон транспорт, Нишон агроиқтисодиёт, Таллимаржон саноат ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги, саноат энергетика касб-ҳунар коллежларида ҳамда 11-, 22-, 25-, 28-мактабларда ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилган. Нишон транспорт касб-ҳунар коллежидаги ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасига тумандаги 3-, 7-, 12-, 14-, 15-мактаб ўқувчилари бириктирилган. Режа бўйича машғулотлар амалий тарзда ўқув-ишлаб чиқариш устахонасида ўтилиши керак. Афсуски, реал вазиятни ўрганганимизда бунинг аксига гувоҳ бўлдик.Мисол учун, тикувчилик йўналиши бўйича касб-ҳунар ўргангани келган 14-мактаб ўқувчилари биология фани лаборатория хонасида ўқув-ишлаб чиқариш устаси Шаҳло Муҳаммадиева билан шунчаки суҳбатлашиб ўтиришибди. Масъул педагогнинг айтишича, устахона совуқ ҳамда ўқувчиларга касб ўргатиш учун хомашё йўқ.
Ўқувчилар билан суҳбатлашганимизда, улар олис масофадан қатнаш машаққати, қолаверса, қимматли вақтини бой бераётганини ачиниб гапирди.
— Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасига тикувчиликка қизиқиб келгандим, — дейди ўқувчилардан бири. — Лекин ўтган вақт мобайнида ҳеч нарса ўрганмадим.
10-синф ўқувчиларининг 34 нафари қиз болалар. Афсуски, коллежга келиб-кетишда уларга на синф раҳбари, на мактаб амалиётчи-психологи ҳамроҳлик қилган. Муассаса директори Шуҳрат Турдиев, унинг касбий таълим ишлари бўйича ўринбосари Ўткир Алимов ҳамда 14-мактаб директори Холмурод Башировни бу ҳолат унчалик ташвишга солмаётган кўринади.
32-мактабда эса 10-синф ўқувчиларига ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ҳақида етарли маълумот ҳам берилмаган. Вақтинчалик мактаб директори вазифасини бажарувчи Шерзод Қўчқоров ҳамда амалиётчи-психолог Отабек Алимовнинг таъкидлашича, 10-синф ўқувчилари 25-мактабда ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасига бириктирилган. Лекин масофанинг олислиги, шароитнинг кўнгилдагидек эмаслиги муаммо туғдирмоқда.
32-мактаб раҳбариятининг эътирози нечоғлик тўғри эканини билиш мақсадида 25-мактабдаги шароит билан яқиндан танишдик. Куннинг биринчи ярмида ҳам зиё масканида бирор ўқувчига кўзимиз тушмади. Беш-олти нафар ўқитувчи ўзаро суҳбатлашиб ўтирибди, холос. Мактаб директори Равшан Норматовнинг таъкидлашича, тарих хонаси тикувчилик, физика хонаси электр пайвандлаш, чизмачилик кабинети сартарошлик, компьютер хонаси эса компьютер дастурчиси йўналишларида мажмуа этиб белгиланган. Туман халқ таълими бўлими маълумотига кўра, мактабда 25 нафар 10-синф ўқувчиси билан 8-, 13-, 32-мактаб ўқувчилари ҳам касб-ҳунар ўрганиши кўзда тутилган. Амалда эса...
Косон компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежида тумандаги 1-, 2-, 3-, 8-, 11-, 26-, 33-, 82-, 85-, 92-, 94-мактабларнинг 608 нафар ўқувчиси касб-ҳунар эгаллаши белгиланган. Бу ерда ҳам муаммонинг асл сабаби — синфхоналарнинг совуқлиги ва хомашёнинг йўқлигидир.
— Ўқувчиларга оддий хокандоз ясашни ўргатиш учун ҳам хомашё йўқ, — дейди ўқув-ишлаб чиқариш устаси Сарвар Мирзаев. — Коллежимизда тикувчилик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер оператори, сартарошлик ҳамда автомобилларни бошқариш йўналишлари бўйича курслар очилган. Лекин нотўғри тушунча сабаб, аксарият ота-оналар фарзанди автомобилларни бошқариш йўналишида ўқишини истамоқда. Ғузор туманидаги 40-мактабда ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси нисбатан яхши жиҳозланган бўлса-да, хоналар совуқ, машғулотлар учун хомашё йўқ. Ўқувчилар эса фақатгина тикувчилик ва компьютер оператори йўналиши бўйича ўқув мажмуаси ташкил этилганидан, уларнинг қизиқиши инобатга олинмаганидан норози.
Шаҳрисабз агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи директорининг касбий таълим ишлари бўйича ўринбосари Ҳомид Ражабов ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида фаолият олиб бораётган мутахассислар ҳалигача ойлик маош олмагани, бундан ташқари, техник йўналишлар учун ёнил¬ғи ҳамда мойлаш материаллари етишмаслиги ҳам вазиятни мураккаблаштираётганини билдирди.
Бухоро вилоятида ҳам 87 та ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасига 17 минг 424 нафар 10-синф ўқувчиси бириктирилган.
— Мажмуаларнинг 58 таси касб-ҳунар коллежларида, 29 таси мактабларда ташкил этилган, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассиси Феруз Қодиров. — Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси билан ҳамкорликда касбий таълим жараёнига тажрибали ва маҳоратли ишлаб чиқариш усталари жалб этилган. Ўқув-тарбия ишлари мактаб раҳбарияти назоратида. Ҳар қандай янгилик камчиликсиз бўлмагани каби мажмуаларимиз фаолиятида ҳам муаммолар йўқ эмас. Уларни ички имкониятдан фойдаланиб, ҳал этяпмиз.
Жараён билан яқиндан танишиш мақсадида Пешку туманидаги мажмуаларда бўлдик. Қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи туман марказидан анча олисдаги Навоий маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган. Бу ерда ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасига ён-атрофдаги 16 та мактабнинг 600 нафарга яқин 10-синф ўқувчиси қамраб олинган.
— Мажмуада тикувчилик, каштачилик, пол ётқизиш ишлари устаси, маиший хизмат кўрсатиш, наққошлик ва рассомлик, пайвандлаш ишлари, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналишларида касб-ҳунар ўргатилади, — дейди коллеж директорининг касбий таълим ишлари бўйича ўринбосари Хайрулла Бўронов. — 19 та гуруҳ ўқувчиларига махсус жадвал асосида малакали усталар томонидан ҳафтада 6 соатлик машғулот ўтилмоқда.
Катта ҳаёт остонасида киши қўшимча ҳунар эгаси бўлиши зарар қилмайди. Шу маънода, ҳеч қандай тўловсиз ўзи қизиққан касб-ҳунар эгаси бўлиш ҳар бир ўғил-қиз учун катта имконият. Буни чуқур англаган ўқувчилар машғулотларга иштиёқ билан қатнашяпти. Тикувчилик устахонасида олиб борилаётган машғулотни кузатиб, бунга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик. Гуруҳда 26 нафар ўқувчининг барчаси иштирок этмоқда. Абдулфайз Хайриев уларга мавзу доирасида дастлабки тушунчаларни беряпти.
— Устахонамиз барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Бу ўқув ва амалий машғулотлар қизиқарли ҳамда самарали бўлишини таъминламоқда, — дейди Абдулфайз Хайриев. — Ҳар бир машғулотда игна, қайчи, дазмол ва тикув машиналаридан фойдаланамиз. Шу боис дарс аввалида ўқувчиларни техника хавфсизлиги қоидалари билан таништирамиз.
10-синф ўқувчиси Озода Раҳимова ўтган икки ой мобайнида тикувчиликка оид дастлабки малакаларга эга бўлганини таъкидлади. “Келажакда дизайнер бўлишни орзу қиламан, — дейди у. — Ўрганганларим ана шу орзум амалга ошишида мус¬таҳкам замин бўлишига ишонаман”.
Ихтиёр Чориев машғулот ўтаётган пайвандлаш гуруҳи, Озода Бозорова томонидан олиб борилаётган маиший хизмат кўрсатиш машғулотлари ҳам қизғин давом этмоқда.
Усталар билан суҳбатлашганимизда, айрим камчиликлар мавжудлиги ойдинлашди. Мисол учун, ўқув дастурлари бўлса-да, дарслик ва ўқув қўлланмалари етишмайди. Махсус ишчи формалари ва хомашё йўқлиги амалий машғулотлар сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи қошида ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасида ҳам қатор муаммолар бор. Мажмуа фаолияти билан танишиш асносида бунга ўзимиз гувоҳ бўлдик. Мисол учун, ўқув жадвалида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер оператори ва тикувчилик йўналишида белгиланган машғулотлар соат 13:45 га қадар давом этиши кўрсатилган. Аммо соат 12:00 даёқ бу ерда ўқувчиларни ҳам, ўқитувчиларни ҳам топа олмадик. Фақат тикувчилик устахонасида ишлаб чиқариш устаси Карим Улановни учратдик. Унинг айтишича, синфхоналар совуқлиги учун машғулотлар вақтли тугатилибди. Чиндан ҳам, ўқув биноси ичидаги ҳарорат этни жунжиктирадиган даражада бўлиб, бу ерда ўқувчини олти соат ушлаб туришнинг иложи йўқ.
— Коллежни иситиш учун мавжуд 9 та қозонхонадан фойдаланамиз. Шу мақсадда қиш мавсуми учун 42 тонна кўмир ва брикет ёқилғиси жамланган, — дейди коллеж директори Ҳамза Ҳа¬йитов. — Аммо бу захира бинони қиш бўйи меъёрида иситиш учун етарли эмас. Ўзимизга боғлиқ бўлмаган шу каби муаммолар бизни ноқулай аҳволга солиб қўймоқда.Коллежга бириктирилган мактаб директорлари билан ҳам суҳбатлашдик. “Ўқувчиларингиз нега бугун мажмуага келмади?” деган саволимизга улар турлича жавоб беришди. Аксарияти бугун эрталаб 10-синф ўқувчилари синф раҳбари ва мактаб психологи билан машғулотга борганини айтди. Баъзилари хоналар совуқлиги ва маш¬ғулотларнинг тўғри ташкил этилмаётгани сабаб ўқувчилар норозилик билдиришаётганини таъкидлади.
10-синф ўқувчилари учун ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари юқори ташкилотларга жимжимадор ҳисоботлар ёзиш учун эмас, катта ҳаёт бўсағасида турган фарзандларимизга касб-ҳунар ўргатиш мақсадида ташкил этилган. Шундай экан, фарзандларимиз келажаги билан боғлиқ бу ишга соҳа мутасаддилари янада масъулият билан ёндашиши лозим.
Ўктам МЕЙЛИЕВ,
Ирода ОРИПОВА,
“Ma’rifat” мухбирлари