Кутубхоначининг иши китоб қўриқлаш эмас!
Китобсиз хонадонларни адиб Абдулла Қаҳҳор: “Хонадонда чироқ бўлмаслиги мумкин, лекин китоб бўлмаса, бу гўшанинг кундузлари ҳам зимистондир” деганди. Китоб чароғон чироқ, агар баландроқ кўтарилса, кўпнинг шуурини ёритади.
Ўқувчиларни китоб ўқишга қизиқтиришнинг йўллари кўп. Хайрли ишга ҳисса қўшай деб, мактаб кутубхонасининг кўзга кўринадиган жойига “Диққат! Янги китоблар” кўргазмасини қўйиб, атайин уч-тўрт китобни тескарисига тахлаб қўяман. Одатдан ташқари ҳолатда турган китоб кўпчиликнинг эътиборини тортади, унинг нима ҳақида эканини, нега бошқа китоблардек бир текис турмаганини билишга қизиқишади-да, сўнг ўқишга сўрашади. Бу усулим ўзини оқлади.
Болани мутолаага рағбатлантириш фақат ота-она, ўқитувчи, мураббийнинг иши эмас. Кутубхоначи ҳам бу йўлдаги асосий иштирокчидир. Фақат китоб тахлашни, асарларни номма-ном қўйишни, ёзувчи, шоирларнинг исм-фамилиясинигина биладиган кутубхоначининг болаларга арзирли билим, маслаҳат беришига шубҳам бор. Агар ўқувчи бирор китобнинг нима ҳақида экани, унга фойдаси бор-йўқлигини билишни истасаю, кутубхоначидан тайинли жавоб ололмаса, қизиқиши сусайиши тайин. Замонавий кутубхоначи нафақат АКТ янгиликларини билмоғи, ўзи ҳам китобсевар, китобхон бўлмоғи керак. Шунда китобхонларнинг саволларига тутилмай жавоб қайтаради.
Нурия ИКРОМОВА,
Ғиждувон туманидаги 41-мактаб кутубхоначиси