Медиа-саводхонлик
ёшларни ахборотдан тўғри фойдаланишга ўргатади
Наманганда «Глобаллашув шароитида ёшларнинг медиа-саводхонлигини ошириш» мавзусида республика илмий-амалий семинари ўтказилди. Халҳ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, «Камолот» ЁИҲ, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Маънавият тарғибот маркази, Наманган вилояти ҳокимлиги ва бошқа қатор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Б.Юсупов, Халқ таълими вазири ўринбосари Д. Кенжаев ва бошқалар ўқувчиларнинг медиа-саводхонлик кўникмасини ривожлантириш, уларни ахборотлардан тўғри фойдаланишга ўргатиш, ёшларни миллий менталитетимизга ёт бўлган ғоявий хуружлардан асраш, узлуксиз таълимнинг барча бўғинларида медиа-дастурларни қўллаш масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Семинар иштирокчилари шўъбаларга бўлинган ҳолда илмий-амалий машғулотларда қатнашиб, соҳадаги янгиликлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар, халқ таълими муассасаларида медиа-саводхонликни ривожлантириш юзасидан зарурий билим ва кўникмаларга эга бўлди.
— «Медиа-маданиятни ривожлантиришда педагог кадрларнинг роли» мавзусидаги маърузам билан қатнашдим, — дейди Наманган ВХТХҚТМОИ ўқитувчиси Қаҳрамон Ниёзов. — Шиддаткор асрда ёшларни маънавий тажовузларга қарши собит тура оладиган иродали ва ватанпарвар қилиб тарбиялаш педагоглар олдидаги долзарб вазифадир. Семинар худди шу йўналишдаги мақсад ва вазифаларни аниқ белгилаб олишга ундади.
Шўъба йиғилишларида «Глобаллашув шароитида ёшларни ахборот хуружларидан асраш», «Халқ таълими тизимида медиатаълимни ташкил этиш ва ривожлантириш», «Маънавий таҳдидларга қарши курашишда ёшларда интернет маданиятини ривожлантириш» мавзуларида маърузалар тингланди.
Ғанишер АКБАРОВ