Мураббий ва ота-она ҳамкорлиги
Жавоҳир Тошмуҳаммедов Чилонзор туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида турон яккакураши билан шуғулланади. У шу йили тумандаги 101-умумтаълим мактабининг 9-синфини аъло баҳоларга тамомлади. Мақсади сари дадил одимлаётган Жавоҳир спортда ҳам ҳавас қилса арзигулик ютуқларга эришди. Жорий йил Қозоғистоннинг Чимкент шаҳри мезбонлик қилган жаҳон кубоги баҳсларида 45 килограмм вазн тоифасида иштирок этиб, шоҳсупага кўтарилгани унинг ана шу эзгу мақсади сари ташлаган яна бир қадами бўлди.
Жавоҳир эришаётган ютуқлардан унинг ота-онаси жуда мамнун. Дилбандининг спортга ошно бўлиб, соғлом ва баркамол улғаяётгани бир олам қувонч бағишлайди уларга. Шу ўринда ёш спортчи эришаётган муваффақиятлар сири нимада экани билан қизиқдик.
— Ўғлим бир гал туман миқёсидаги мусобақада қатнашиб, ютқазди, — дейди Жавоҳирнинг дадаси Жамол Тошмуҳаммедов. — Ҳали тажрибасиз эди-да у пайтлари. Шунда руҳи анча чўкди. Ўзига ишончиям сусайди чоғи, машғулотларга боришга ҳам ҳафсала қилмай қўйди. Мураббийи Содиқ Қосимов мен билан боғланиб, вазиятни тушунтирди. Шундан сўнг Жавоҳир билан дилдан суҳбатлашдим. “Ҳали ҳаммаси олдинда. Мағлубиятдан тўғри хулоса чиқаришни ўрган. Шоҳсупага ҳеч қачон осонлик билан етиб бўлмайди. Арзимас ҳаракатдан арзимас натижа чиқади” деб, унга насиҳат қилдим. Ишонасизми, шундан кейин ҳам бир неча бор мағлубият аламини тотиб кўрди. Шундай пайтлари нафақат жисмонан, балки руҳан ҳам чиниқа бошлаганини илғаб, жуда хурсанд бўлдим. Спорт кишини тетиклаштириш, иродасини тоблаш билан бирга руҳини ҳам чиниқтираркан. Устози билан ниятимиз якдиллиги ўз самарасини берди.
Дарҳақиқат, дастлабки паллаларда, айниқса ўсмирлик чоғида ҳар қандай спортчининг мағлубиятдан руҳи синиши, тушкунликка тушиши табиий. Ахир, ким ҳам совринни бой бергиси келади?! Бундай вазиятда малакали мураббийлар ота-она ҳамкорлигида ўз кўрсатмалари асосида шогирдини хатолар устида кўпроқ ишлаб, тинимсиз шуғулланиб, маҳоратини оширишга ундайди.
Умидли спортчининг ютуқлари замирида ота-она ва мураббийнинг узвий ҳамкорлиги нечоғли муҳим ўрин тутишини Жавоҳирнинг онаси ҳам алоҳида таъкидлади:
— Ўғлим ўн йилдан буён спорт билан шуғулланиб, кам бўлмади, анча чиниқди. Ҳатто, охирги марта қачон касал бўлгани ҳам ёдимда йўқ. Ўқишда ҳам аълочилар сафида бўлди. Соғ танда — соғлом ақл, деб шуни айтишса керак-да. Яна бир муҳим жиҳати, оилада спортчининг таомномасидан у шуғулланаётган машғулот турига кўра қандай маҳсулотлар ўрин олиши зарурлигини биз, ота-оналар кўп ҳам билавермаймиз. Фарзандининг тажрибали мураббийи билан бу борада бамаслаҳат иш тутиши ҳар қандай она учун қўл келиши шубҳасиз.
Ушбу замонавий мажмуада ёш авлоднинг спорт билан шуғулланиши учун барча шарт-шароит муҳайё. Айниқса, таътил бошлангандан буён тўгараклар спортсевар ёшлар билан доимо гавжум. Ҳозир масканда 1347 нафар ўғил-қиз енгил атлетика, бадиий гимнастика, волейбол, стол тенниси, бадминтон, таэквондо (WTF), қиличбозлик, кураш бўйича 46 нафар малакали мураббийдан сабоқ олмоқда. Футбол, теннис ҳамда камондан ўқ отиш майдонлари ва 18х42 ҳажмдаги спорт зали болалар ихтиёрида. Ўғил-қизларнинг саломатлигини муассаса тиббиёт ходимлари доимий назорат қилиб боради.
Мураббийлар машғулотларни қатъий тартиб ва интизом асосида олиб бориш билан бирга спортчиларнинг ота-онаси билан ҳам узвий ҳамкорликни йўлга қўйган. Жонли мулоқотлар юзага келаётган муаммо ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда эришилаётган муваффақиятларнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Шундан бўлса керак, муассасада юқори натижаларга эришаётган умидли спортчилар талайгина.
— Шогирдим Ирода Миртожиева шу йил Вьетнамда бўлиб ўтган қитъа биринчилигида 59 килограмм вазн тоифасида иштирок этиб, фахрли учинчи ўринни эгаллади, — дейди таэквондо (WTF) бўйича мураббий Музаффар Тожибоев. — Яна бир шогирдим Мадинабону Алиева мамлакат чемпионатида ғолиб бўлиб, жорий йилнинг 24–27 август кунлари Мисрда бўлиб ўтадиган жаҳон биринчилигига йўл¬ланмани қўлга киритди. Ҳозир беллашувда муносиб иштирок этиш учун қизғин тайёргарлик олиб боряпмиз. Мусобақада чаққонлик, эпчиллик ва чидамлилик билан бирга руҳий устунликка эга бўлиш якунда кўп нарсани ҳал қилади. Мадинабону билан якка тартибдаги машғулотларда шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бунда оилавий муҳитнинг ўрни алоҳида.
— Кўпчилик ота-оналар қатори фарзандимизнинг соғ¬лом вояга етиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида Мадинабонуни бир неча йил аввал бадиий гимнастика тўгарагига бердик, — дейди онаси Дилдора Алиева. — Аммо қизимиз айнан таэквондо билан шуғулланиш нияти борлигини айтди. Унинг шахдини кў¬риб, бунга истар-истамай рози бўлдик. Вақт ўтгани сайин Мадинанинг спортга қизиқиши ошиб бораётганини мураббийи ўзаро суҳбатларимизда кўп бор таъкидларди. Бора-бора у мусобақаларда совриндор бўлди. Ўшанда мураббийининг маслаҳати тўғри эканига, унинг истеъдодини тўғри йўналтирганига амин бўлдим.
Ҳа, барча ишлар тизимли равишда йўлга қўйилган маскандагина салмоқли натижаларга эришиш мумкин. Чилонзор тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бу борада ибратли тажриба тўпланганига кузатувларимиз давомида яна бир карра амин бўлдик.
Сардор МУСТАФОЕВ,
ЎзДЖТУ талабаси