Бўш вақтда спорт ҳамроҳимиз!
Ҳозирги кунда юртимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам ўқувчиларнинг мактабдан ташқари бўш вақтини мазмунли ва мароқли ташкил этиш, уларни спорт ва жисмоний тарбияга кенг жалб этиш мақсадида болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолияти йўлга қўйилган. Бектемир туманидаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби шундай муассасалардан.
2005 йили Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан бунёд этилган мазкур мактабда айни кез 513 нафар ўғил-қизга 14 мураббий спорт сирларини ўргатмоқда.— Мактабимизда 7 ёшдан 21 ёшгача бўлган шуғулланувчиларимиз 38 гуруҳни ташкил этган, — дейди БЎСМ директори Баҳодир Тошмаматов. — Машғулотлар белгиланган режа асосида олиб борилади. Белбоғли кураш, ўзбек жанг санъати, юнон-рум кураши, футбол, дзюдо, таэквондо, муайтай ҳамда каратэ бўйича тўгаракларимиз мунтазам ишлаб турибди. Мўъжаз футбол майдони, замонавий инвентарлар билан жиҳозланган спорт зали ўқувчилар ихтиёрида. Кийиниш ва ювиниш хоналарида доим иссиқ сув мавжуд. Хоналар шинам, тоза ва озода. Ҳар йили инвентарлар ва моддий-техник базани янгилаб борамиз.
Болалар икки хил гуруҳда машғулотда қатнашади. Бири бошланғич тайёрлов гуруҳи бўлса, иккинчиси ўқув-машғулот гуруҳи. Бошланғич тайёрлов гуруҳи ҳафтада 3 марта залга келса, ўқув машғулоти гуруҳи 4 кун шуғулланади. Улар тажриба ва маҳоратини ошириб, халқаро ва маҳаллий мусобақаларга ҳозирлик кўради.
Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланаётганда болаларнинг саломатлигини назорат қилиб туриш муҳим. Тиббий текширувларда узоқ масофага югуриш, сакраш, кросс каби меъёрий талабларни яхши бажарган ўқувчилар бошланғич тайёрлов гуруҳидан ўқув машғулоти гуруҳига ўтказилади.
Дарвоқе, мактабда каратэ ҳамда таэквондога қизиқувчилар кўпчиликни ташкил этади.
— Каратэ тўгарагига 38 бола қатнайди, — дейди каратэ бўйича кўп карра Ўзбекистон чемпиони, мураббий Анвар Рўзиев. — Бу спорт тури чиройли комбинацияларга бойлиги билан ҳам болаларга ёқади. Сўнгги йилларда юртимизда янада кенг оммалашди. Ота-оналар фарзандларини каратэни ўргансин деб мактабимизга етаклаб келади. Ёшларга жисмоний машқ сирларини ўргатиш асносида ҳақиқий спортчи бўлиш учун инсон, аввало, ўзини енга олиши кераклигини уқтирамиз.
Болаларни 6-7 ёшидан бошлаб каратэ тўгаракларига бериш мумкин. Аммо то суяги қотиб, чиниққунча мураббийнинг бевосита назоратида бўлади. БЎСМ мураббийлари ёшларга фақат спорт сирларини ўргатмай, балки кийиниш, юриш-туриш, озодалик, ўзаро ҳурмат, одоб-ахлоқдан ҳам дарс беради. Ахир, тартиб-интизомсиз спортчидан натижа кутиб бўладими?
— Сардор Охунжонов, Шоҳжаҳон Замархонов, Абдуллоҳ Қурбонов, Баҳодир Турдиалиев, Алина Аҳмедзанова ҳамда Абдулазиз Мансуров каби шогирдларимдан умидим катта, — дейди Анвар Рўзиев. — Шукрки, улар билан ўтказаётган маш¬ғулотларимиз ўз самарасини беряпти. Хусусан, ўтган йили Баҳодир Турдиалиев Ўзбекистон кубоги мусобақаларида олтин, Алина Аҳмедзанова кумуш, Абдулазиз Мансуров бронза медални қўлга киритди. Бу ютуқлар сон ва сифат жиҳатидан ўсиб боришига интиляпмиз.
Шунингдек, 2016 йили Тбилиси шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган 19 яшар Жаҳонгир Уматалиев ҳам шу мактаб тарбияланувчиси. У ўсмирлар ўртасида Японияда ўтган жаҳон кубоги баҳсларида ҳам қатнашди ва бронза медалга сазовор бўлди.
Одина ҚУЛМУРОДОВА,
“Ма’rifat” мухбири