Қадди тик, қадами тетик болалар
Пойтахтимиздаги Республика ихтисослаштирилган сув спортини ривожлантириш марказида бугун қадди тик, қадами тетик ёшлар тарбияланмоқда.
— Ёшим 11 да, — дейди Учтепа туманидаги 238-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Лазиза Абдурашидова. — Бу ерга 3 йилдан буён синглим Одина билан бирга қатнаяпмиз. Ҳафтасига уч марта машғулотга келиб, дарсдан бўш вақтимизни мазмунли ўтказамиз. Сузиш танамиз соғлом, нафас олишимиз равон, руҳимиз тетик бўлиши ва тўғри ўсишимиз учун фойдали.
2006 йили барпо этилган бу иншоотда ёшларнинг сузиш техникасини ўрганиши ва маҳорат ошириши учун етарли шароит яратилган. Хусусан, сувни тозалаш, иситиш тизимлари, хона ҳарорати мўътадиллигини сақлаш ускуналари сув ҳавзасининг кўп йиллар давомида ёш авлодга хизмат қилишини таъминлайди. Шунингдек, тиббиёт хоналари ҳам рисоладагидек жиҳозланган. Марказда айни вақтда 356 нафар ўғил-қизга 10 нафар мураббий машғулот ўтмоқда. Марказ шуғулланувчиларининг ярмидан кўпи бошланғич синф ўқувчилари.
— Болалар 6 ёшдан марказимизга қабул қилинади, — дейди спорт маскани раҳбари Чори Саидов. — Узунлиги 50х21 метр ҳажмдаги сузиш ҳавзасида кунига 150—200 нафар бола маҳорат оширмоқда. Бассейн ичида ҳаво ҳарорати қишда ўртача 27-28 даражани ташкил этади. Бу ердаги 23 спорт-соғломлаштириш гуруҳининг ҳар бирида ўртача 15 нафардан ўқувчи, шунингдек, сув спортига ихтисослаштирилган олимпия захиралари коллежи ҳамда сув спорти турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби аъзолари шуғулланади. Уларнинг қарийб ярми қизлардир.
Марказга қатнайдиган ёшлар орасидан йил сайин янги чемпионлар етишиб чиқмоқда. Жумладан, Олмазор туманидаги 249-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Муслима Жумабоева 2017 йил сентябрида ўтказилган Осиё чемпионатида 200 метрга комплекс усулда сузиш бўйича 4-ўринни эгаллади. Шунингдек, Чилонзор туманидаги 182-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Мубина Инъомиддинова, Олмазор туманидаги 182-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Диана Алгаер, Олмазор тиббиёт коллежи 1-курс ўқувчиси Нигора Мирзоҳидова, Республика олимпия захиралари коллежи 1-курс ўқувчиси Элзода Иброҳимова, ўғил болалардан Фаёзбек Бобоқулов, Дима Нестеренко, Радион Азизов ўз ёш тоифасида чалқанча, эркин, баттерфляй, брасс усулларида сузиш бўйича бир неча карра мамлакат чемпиони бўлган.
— Спорт гуруҳидаги шуғулланувчилар 1500 метрга сузади. Бу шунча масофага югуриш учун сарфланган кучдан икки карра кўп қувват талаб этади, — дейди мураббий Бахтиёр Рустамбеков. — Бола умуртқа поғонаси тўғри ривожланиши, иммунитетини мустаҳкамлашда сузишнинг ўрни катта. Афсуски, айрим ота-оналар оилада ёш сузувчининг овқатланиш рационига аҳамият бермайди. Сузиш учун талаб этиладиган оёқ-қўл анжомлари, махсус кўзойнак ва бош кийими билан фарзандини таъминлашни унутади.
Соҳада узоқ йиллардан буён ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Масалан, ҳозир пойтахтнинг ўзида атиги учта усти ёпиқ, ёз ва қиш мавсумига мослаштирилган болалар сув спорти мажмуаси бўлиб, уларнинг биттасигина қитъа миқёсидаги мусобақаларни ўтказишга яроқли.
Шу маънода, 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 265-бандида 12 та БЎСМда спорт зали, 9 та ёпиқ сузиш ҳавзасини қуриш ва 2 тасини реконструкция қилиш белгиланган. Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сергели тумани 6-А массивидаги сузиш ҳавзасига ташрифи чоғида юртимиз иқлим шароитига, ёз ва қиш фаслига мослаб Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида 10 тадан замонавий сузиш ҳавзаси қуриш, уларни барпо этишда сифатли қурилиш материалларидан фойдаланиш лозимлиги бўйича топшириқлар берди. Шу билан бирга, спортнинг ушбу тури билан шуғулланишга болаларни янада кенгроқ жалб қилиш, сузиш техникасини ўргатадиган юқори малакали мутахассислар тайёрлаш алоҳида эътиборталаб масала бўлиб турибди.
Шуғулланувчиларга ҳамроҳлик қилиб келган яқинлари, ота-оналари учун ажратилган хона ҳам гавжум.
— Сузиш бу — тарбия воситаси, — дейди Яккасарой туманидаги 110-мактабнинг 3-синф ўқувчиси Муҳаммадзиё Аъзамхоновнинг бувиси Мукаррам Саид¬охунова. — Набирамнинг яссиоёқлигига сузишдан муолажа топдик. Бу биз учун улкан мусобақаларда олтин медаль ютганидан ҳам кўпроқ қувонч бағишлайди. Демак, фарзандларимизни имкон даражасида фойдали спорт турига ошно қилсак, нур устига нур бўлади.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
«Мa’rifat» мухбири