Жавоҳир Синдоров халқаро мастер (IM) талабини бажарди
Шахмат бўйича халқаро мастер (IM) талабини бажарди!
Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг энг кучли 20 нафар шахматчисидан олти нафари ёшлар терма жамоаси аъзоларидир. Улар ўзбек шахматининг умиди, порлоқ келажаги, таъбир жоиз бўлса, олтин авлоди вакилларидир: Темур Қўйбоқаров (2468 рейтинг бали билан 7-ўринда, 2000 йили туғилган), Нодирбек Абдусатторов (2467, 8-, 2004), Нодирбек Ёқуббоев (2433, 10-, 2002), Жавоҳир Синдоров (2383, 17-, 2005), Шамсиддин Воҳидов (2383, 17-, 2002) ва Саидакбар Саидалиев (2373, 20-, 2001). Улар орасида энг ёши Жавоҳир Синдоров шу йил декабрь ойида 12 ёшга тўлади. Ўтган ойда пойтахтимиз мезбонлик қилган FIDEнинг 3.4-зонаси — Марказий Осиё чемпионатида 9 имкониятдан 6 очко жамғариб, 4-ўринни эгаллаган истеъдодли ёш шахматчимиз хал¬қаро тоифадаги спорт устаси нормасини учинчи маротаба бажарди!
Таъкидлаш жоизки, бу мамлакатимиз миқёсида рекорд натижа ҳисобланади. Таққослаш учун, ўзбекистонлик халқаро гроссмейстерлардан Тоҳир Воҳидов 30 (1993 йили), Михаил Салтаев 28 (1990), Саидали Йўлдошев 27 (1995), Алексей Барсов 26 (1992), Сергей Загребельный 25 (1990), Марат Жумаев 22 (1998) ёшида халқаро мастер (IM) унвонига сазовор бўлган. Нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё шахматчилари орасида биринчи бўлиб халқаро гроссмейстер даражасига эришган Георгий Аъзамов ҳам собиқ иттифоқ даврида, яъни 1982 йили ушбу унвонга сазовор бўлганида 28 ёшда эди.
Эътибор беринг: аксар кучли шахматчиларимиз 25—30 ёшлар орасида шундай нуфузли унвонга сазовор бўлган. Бугунги шиддатли даврда бу ёшда спортчи, халқона айтганда, эришадиганига эришиб бўлиб, карьерасини тугатиш ҳақида ўйлаётган, баъзилари ўзини мураббийлик фаолиятига чоғлаётган бўлади. Ушбу шахматчиларимиз бундан олдинроқ мазкур унвонга эришишлари мумкинмиди? Албатта, мумкин эди! Уларнинг истеъдоди, салоҳияти бунинг учун етарли бўлган. Мисол учун, биринчи гроссмейстеримиз Георгий Аъзамовнинг бир қанча халқаро турнирларда ғолиб бўлгани, бир неча чиройли партиялари мутахассислар томонидан юксак эътироф этилиб, шахмат энциклопедияси ва бошқа шахмат адабиётлари саҳифаларидан ўрин олгани маълум. Бироқ ўша даврларда бошқа спорт турлари сингари шахматда ҳам халқаро миқёсда эътирофга эришиш, халқаро мусобақаларда иштирок этиш имконияти ўзбекистонлик шахматчилар учун ниҳоятда чекланган эди.
Бугун эса имконияту шароитлар бутунлай бошқача. Мустақиллик туфайли ўзбекнинг қонидаги ғолиблик руҳи қайтадан уйғонди. Бу руҳни уйғотиш, жаҳон ареналарида музаффар мавқени эгаллашимиз учун давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан бор имкониятлар ишга солинмоқда. Ёш спортчиларимиз, жумладан, шахматчиларимиз иқтидорини тўла намоён этиши учун яратилаётган имкониятларни яқин ўтмишдаги ҳолат билан умуман солиштириб бўлмайди.
Шахматчини мусобақа тоблайди. Ёш шахматчиларимиз дунёнинг исталган бурчагида ташкил этилаётган нуфузли турнирларда, қитъа ва жаҳон чемпионатларида иштирок этиши учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Шунга яраша улар кўрсатаётган натижалар ҳам йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. 2012 йили Нодирбек Абдусатторов, 2015 йили Шамсиддин Воҳидов тенг¬қурлари ўртасида жаҳон чемпиони бўлди. Истеъдодли ёшларимиздан Темур Қўйбоқаров 16, Шамсиддин Воҳидов 14, Нодирбек Абдусатторов 12 ёшида халқаро тоифадаги спорт устаси унвонига сазовор бўлди. Энди улар сафига 11 ёшли Жавоҳир Синдоров ҳам қўшилди. Бу фактлар мамлакатимизда истиқлол берган имкониятлар туфайли шахмат жадал суръатларда ривожланаётганидан, юртимизда айниқса болалар спортига юксак эътибор қаратилаётганидан дарак беради.
Ака-ука Жавоҳир, Исломбек ва Ҳумоюн Синдоровлар шахматда эришаётган натижалар бугун барчамизни қувонтирмоқда. Жавоҳир ва Исломбек мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатининг бир неча карра ғолибларидир. Энди 8 ёшни тўлдирган Ҳумоюн ҳам акалари изидан ғайрат билан бормоқда.
2016 йил июлида Эроннинг Теҳрон шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги Осиё чемпионатида 7 ёшлилар орасида рапид йўналишида Осиё чемпиони бўлди. Шу йил баҳорда пойтахтимиз мезбонлик қилган болалар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида эса, 8 ёшгача ўғил болалар баҳсида рапид йўналишида бронза медалига сазовор бўлди.
Жавоҳир 2005 йил 8 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозир Сергели туманидаги 300-ИДУМ ўқувчиси. 11 яшар болакайнинг шахматдаги натижалари билан танишинг:
2012 йил декабрь — Шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчилари ўртасида Ҳиндис¬тоннинг Деҳли шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионати блиц турнирида олтин, стандартда кумуш медал совриндори.
2013 йил январь — 10 ёшгача ўғил болалар ўртасида Ўзбекистон чемпиони.
2013 йил июнь — Эроннинг Сари шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида 8 ёшгача болалар ўртасида шахматнинг блиц йўналишида кумуш медалга сазовор бўлган.
2013 йил декабрь — Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида ўтказилган 8 ёшгача болалар ўртасида жаҳон чемпионатида блиц турнирида 2—5-ўрин.
2014 йил январь — 10 ёшгача ўғил болалар ўртасида Ўзбекистон чемпионати кумуш медаль совриндори.
2014 йил июнь — Греция¬нинг Кавала шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасида жаҳон чемпионатида рапид ва блиц йўналишларида икки олтин медални қўлга киритган.
2015 йил февраль — 10 ёшгача ўғил болалар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлди.
2015 йил май — Таи¬ланд¬нинг Паттайя шаҳрида бўлиб ўтган мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатида блиц йўналишида олтин медални қўлга киритди.
2015 йил август — Жанубий Кореянинг Сувон шаҳрида 8—18 ёшлилар ўртасида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида стандарт ва рапид йўналишлари бўйича 2 та олтин медални қўлга киритди.
2016 йил февраль — 12 ёшгача ўғил болалар ўртасида Ўзбекистон чемпиони.
2016 йил декабрь — Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган мактаб ўқувчилари ўртасида Жаҳон чемпионатида 2 медални қўлга киритди (классик йўналишида 2-ўрин, терма жамоа таркибида 1-ўрин).
2017 йил январь — 12 ёшгача ўғил болалар ўртасида Ўзбекистон чемпиони.
2017 йил апрель — 12 ёшгача ўғил болалар ўртасида классик шахмат ва блиц йўналишида олтин медаль соҳиби, икки карра Осиё чемпиони.
Булар энди болалар ўртасидаги мусобақаларда эришилган натижалар. Жавоҳир бир неча йилдан буён катталар ўртасидаги мусобақаларда ҳам муваффақиятли дона сурмоқда. Жумладан, 2016 йили мамлакат чемпионати олий лига баҳсларида илк бор иштирок этган бўлса-да, 4-ўринни эгаллаб ўзига хос шов-шув кўтарган эди. Чунки бу пайти у энди 10 ёшдан ошган эди-да. Ўзбекистон шахмати тарихида 10 яшар бола республика чемпионати олий лигасида 4-ўринни олиш тугул, ҳали ўйнамаган ҳам эди.
Ўша йилнинг июнь ойида Чехияда бўлиб ўтган “Чех опен — 2016” халқаро турнирида Жавоҳир ўзидан рейтинги анча юқори бўлган 5 нафар халқаро гроссмейстер ва 2 нафар халқаро мастер билан дуранг ўйнаб, яна 2 партияда ғалаба қозониб (биронта ҳам мағлубиятга учрамасдан) илк бор халқаро тоифадаги спорт устаси нормасини бажарган эди. 2017 йил баҳорида пойтахтимизда ўтказилган анъанавий “Tashkent open” — Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган халқаро турнирда 9 партиянинг 6 тасида ғалаба қозониб, 20 ёшгача ёшлар ўртасида биринчи ўринни олиш билан бирга, иккинчи бор халқаро тоифадаги спорт устаси нормасини бажарди. Ва ниҳоят, июнь ойида Тошкент шаҳри мезбонлик қилган ФИДЕ 3.4-зонаси минтақавий (Марказий Осиё) чемпионатида 4-ўринни эгаллаб, учинчи бор халқаро тоифадаги спорт устаси нормасини бажарди.
Жавоҳир айни дамда (1 июль ҳолатида) жаҳоннинг 12, 13 ва 14 ёшли энг кучли шахматчилари рейтингининг кучли ўнлигидан жой олиб турибди. Яъни, 14 ёшлилар рейтингида 9-, 13 ёшлилар ўртасида 7-ўринни банд этган, 12 ёшлилар орасида эса жаҳоннинг 2-рақамли шахматчиси ҳисобланади. У яқин келажакда янада баланд марраларни забт этиб, ўзбек шахматининг ҳақиқий жавоҳирига айланишига ишонамиз.
Ҳусан НИШОНОВ