Республика чемпионати бошланди
Тошкент шаҳридаги шахмат бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ўртасида шахмат бўйича республика чемпионатининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
9—18 апрель кунлари Халқ таълими вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур чемпионатда 7—17 ёшдаги ўқувчилар иштирок этмоқда. Улар шахматнинг блиц, рапид ва стандарт йўналишлари бўйича баҳслашади.
— Йил давомида мактаб ўқувчилари ўртасида турли спорт мусобақалари ва турнирлар ташкил этиш анъанаси яхши йўлга қўйилгани шахматни янада оммалаштириш ҳамда спортсевар ёшларни рағбатлантиришга имкон бермоқда, — дейди Халқ таълими вазири, Ўзбекистон шахмат федерацияси президенти Улуғбек Иноятов. — Бу борада олиб борилаётган ишлар самара беряпти. Ўзбекистонлик ўқувчилар турли нуфузли халқаро турнирларда муваффақиятли иштирок этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда.
Дарҳақиқат, 2017 йилги мактаб ўқувчилари ўртасида республика чемпионати ғолиблари Хитойнинг Паньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган XIII Осиё чемпионатида 18 та медални қўлга киритиб, 23 давлат вакиллари орасида умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади. Жорий йилги чемпионат ғолиблари эса июль ойида Шри-Ланкада ўтадиган XIV Осиё чемпионатига боради.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, мазкур чемпионат тўрт босқичда ўтказилиб, илк — мактаб босқичида 881 мингдан зиёд, туман бос¬қичида 94 мингдан ортиқ ҳамда учинчи — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичида 2 мингдан кўпроқ ўқувчилар ўз маҳоратини намойиш этди. Республика босқичида эса 215 нафар ўқувчи дона сурмоқда.
Тантанали очилиш маросимида “Баркамол авлод” болалар бадиий ижодиёт марказининг “Тантана” эстрада-вокаль ва “Ёш доирачилар” гуруҳлари ижросидаги куй ва қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Шундан сўнг умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ўртасидаги шахмат бўйича республика чемпионатига старт берилди. Баҳслар 18 апрелга қадар давом этади.
Шоҳсанам МАҲМУДОВА