Ғалаба куч бағишлайди агар ҳаққоний бўлса...
Аввал хабар қилинганидек, мамлакатимиз умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган «Умид ниҳоллари» спорт ўйинларининг 3-босқичи қашқадарёлик ўқувчилар ўртасида ҳам чинакам кураш майдонига айланди.
Жумладан, Қарши олимпия захиралари коллежида бўлиб ўтган оғир атлетика баҳсларида ўғил болалар 56, 62, 69, 77, +77 кг, қизлар 48, 53, 58, 63, +63 кг вазн тоифаларида куч синашди. Турон яккакураши бўйича кечган баҳсларда эса 52, 56, 60 ва 64 кг вазндаги ёш полвонлар майдонга чиқди. Қизлар ўртасидаги белашувлар ҳам тўрт вазн тоифаси(46, 49, 52 ва 55 кг)да кечди.
Қарши агробизнес ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи спорт залида ўзбек жанг санъати, Қарши шаҳридаги “Динамо” спорт мажмуасида дзюдо беллашувлари ўтказилди. Баскетбол бўйича ўғил болалар ва қизлар ўртасида Қарши шаҳри жамоаси 1-ўринни банд этди. Волейбол мусобақасида китоблик ўғил болалар ва қамашилик қизлар 1-ўринни эгаллади. Гандбол бўйича 1-ўрин Касби туманининг ўғил болалар ва қизлар жамоасига насиб этди.
Эркин кураш баҳслари 55, 60, 66, 74 ва 85 кг вазндаги полвонлар ўртасида ўтказилди. Юнон-рум курашида эса 55, 60, 66, 74 кг вазн тоифасидаги иштирокчилар гиламга чорланди. Шунингдек, кураш, бокс, таэквондо WTF, спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, енгил атлетика, сузиш, бадминтон бўйича ҳам бир-биридан қизиқарли мусобақалар ташкил этилди. “Ақл гимнастикаси” — шахмат баҳсларида Шаҳзод Каримов, Бобур Холмуродов, қизлардан Холида Намозова, Динора Мирзамуродова ғолиб бўлди.
Самарқанд вилоятида ҳам ушбу нуфузли фестиваль кўтаринки кайфиятда ўтди.
Баҳсларда барча шаҳар ва туманлардан сараланган ўғил-қизлар футбол, баскетбол, волейбол, гандбол, эркин ва юнон-рум кураши, бадминтон, стол тенниси, ўзбек жанг санъати, шахмат каби 21 спорт тури бўйича ўзаро куч синашди.
— Мазкур фестивалнинг вилоят босқичида 3568 нафар ўқувчи иштирок этди. Улардан 1216 нафари қизлардир, — дейди «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг Самарқанд вилоят бўлими раиси ўринбосари Бекзод Аҳмедов. — Ушбу мусобақалар ўқувчиларни спортга янада кенг жалб этиш, соғ¬лом турмуш тарзини тарғиб қилиш билан бирга, ўзаро дўстлик муҳитини юзага келтиради.
Қайси ўқувчи ўз устида кўпроқ ишлаб, меҳнат қилган, мураббийидан спорт сирларини пухта ўрганган бўлса, ўша спортчига омад кулиб боқади, ғалаба қозонади. Ғалаба кимга ёқмайди? Хусусан, шахмат бўйича ўтказилган мусобақада 1-ўринни эгаллаган Самарқанд шаҳридаги 14-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Д.Воҳидов ўз ютуғидан мамнун, устозлари ва яқинлари ҳам унинг муваффақиятидан хурсанд.
Якунда умумий натижаларга кўра, 1-ўрин Самарқанд шаҳрига, 2-ўрин Ургут, 3-ўрин эса Булунғур ва Тайлоқ туманлари жамоаларига насиб этди.
“Умид ниҳоллари” спорт беллашувларида жиззахлик ўқувчилар ҳам катта иштиёқ ва ҳавас билан қатнашди.
— Ушбу нуфузли спорт фестивалида қатнашиб, ғолиб бўлиш — ҳар бир мактаб ўқувчиси учун шараф, — дейди баскетбол бўйича вилоят терма жамоаси аъзоси, Ғаллаорол туманидаги 42-мактабнинг 9-синфи ўқувчиси Барно Исроилова. — Мусобақанинг вилоят босқичида мактабимизнинг қизлар жамоаси 2-ўринни эгаллади. 2015 йили қизлар ўртасида ўтган мамлакат чемпионатида 1-ўринни қўлга киритгандик. Кейинги йилларда ҳам кучли учликдан тушмай келяпмиз. Бунда мактабимизнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси, жонкуяр педагог Шароф Исломовнинг ҳиссаси катта.
— Бу галги беллашувларда ғолиблар учун ажратилган 740 та совринли ўриндан 110 тасини туманимиз ёшлари қўлга киритди, — дейди Ғаллаорол туман халқ таълими бўлимининг жисмоний тарбия фани услубчиси Рустам Тошбоев. — Спортчиларимиз 234 очко тўплаб, умумжамоа ҳисобида Шароф Рашидов тумани ва Жиззах шаҳри жамоаларидан кейин 3-ўринни эгаллади. Келгусида бу натижани янада яхшилаш учун ҳаракатни бугундан бошлаб юбордик.
“Умид ниҳоллари” спорт ўйинларининг вилоят босқичи Фарғонада ҳам катта тайёргарлик билан ўтди.
Баҳсларда олти мингга яқин ўқувчи қатнашди. Хусусан, 408 нафар ўқувчи қатнашган енгил атлетика бўйича ўғил болалар ва қизлар ўртасидаги мусобақалар якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон тумани жамоаси 1-, Қўштепа тумани ва Марғилон шаҳрининг иқтидорли спортчи-ёшлари 2- ва 3-ўринни банд этди.
— Мусобақанинг вилоят босқичи ҳудудимиздаги 12 та спорт иншооти, хусусан, аксарияти Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида ўтказилди, — дейди “Ёшлик” ЖТСЖ вилоят бўлими мутахассиси Мирзоҳид Мадиёров. — Беллашувларнинг холисона ўтишини таъминлаш мақсадида малакали мутахассислар жалб этилди, шароитлар яратилди. Кўтаринки руҳда ўтган мусобақада Фарғона шаҳри жамоаси 13 та спорт туридан совринли ўринларни қўлга киритиб, энг юқори натижани қайд этган бўлса, Қўқон шаҳри жамоаси 9 та спорт тури бўйича шоҳсупага кўтарилди.
Шунингдек, Марғилон шаҳри, Қўштепа, Ўзбекистон, Бувайда тумани вакиллари ҳам кучли жамоалар сафидан жой олди. Афсуски, Сўх ва Бағдод туманлари вакилларининг кўрсаткичи қониқарли бўлмади. Бу келгуси мусобақаларда хатолар устида кўпроқ ишлаш кераклигини англатади.“Умид ниҳоллари — 2018” спорт мусобақаларининг Сурхондарё вилояти босқичи Термиз шаҳри ва туманлардаги спорт иншоотларида ўтказилди.
Дастлаб иштирокчилар 4 та ҳудудга бўлинган ҳолда курашди. Унда 21 спорт тури бўйича 2332 нафар ўқувчи иштирок этиб, шундан 873 нафарини қизлар ташкил этди. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Термиз филиали ва Термиз шаҳридаги ахборот технологиялари коллежи спорт залида кечган баскетбол баҳсларида қизириқлик ўғил болалар ва деновлик қизлар жамоаси зафар қучди. Тошкент давлат техника университети Термиз филиали спорт мажмуасида ўтган волейбол мусобақасида шерободликлар, футбол борасида ангорликларга тенг келадиган топилмади.
Эркин курашда жарқўрғонлик полвонлар яққол устунликка эришган бўлса, Термиз шаҳри ва тумани жамоалари кучли учликни банд этди. Юнон-рум кураши бўйича 1-ўрин Жарқўрғон тумани, 2- ва 3-ўринлар Узун ва Қизириқ туманлари жамоаларига насиб этди. Шунингдек, қолган спорт турлари бўйича ташкил этилган мусобақаларда ҳам ғолиб ва совриндорлар, аниқланди. Жараёнда мазкур нуфузли мусобақа номи ва мақсадига хилоф келадиган айрим камчиликларга ҳам гувоҳ бўлдик. Масалан, 24 март куни Олтинсой туманидаги 1-мактаб стадионида ўтган туманлараро футбол мусобақасида мезбон жамоа сафида катта ёшли спортчи майдонга тушгани аниқланди. Яъни, тумандаги 14-мактабдан Собирбек Хуррамовга «10-синфда ўқийди» мазмундаги маълумотнома расмийлаштирилган. Лекин “Ёшлик” ЖТСЖ вилоят бўлими ходими бориб ўрганганда, ҳужжатдаги шахс сохталаштирилгани, «Собирбек» аслида бошқа экани аён бўлди.
25 март куни Шеробод туманида бўлиб ўтган туманлараро футбол мусобақасига Бойсун тумани жамоаси аъзоларининг яшаш жойидан маълумотнома тақдим этилмаган. Берилган талабномада спорт тури кўрсатилмаган. Шу боис бойсунлик футболчилар мусобақалардан четлаштирилган. Бойсунда бўлиб ўтган волейбол (қизлар) баҳсида мезбонлар низомга зид равишда кичик ёшли ўқувчиларни ўйнатганидан ташқари, волейбол федерацияси вилоят бўлими томонидан тайинланган ҳакамларга халақит берган.
26 март куни Сариосиё туманида ўтган туманлар¬аро футбол мусобақасида Сариосиё тумани жамоаси таркибида катта ёшли ўйинчи, яъни Амал Исматов тўп сурган. Унга тумандаги 23-мактабдан 10-синфда ўқиши тўғрисида сохта маълумотнома берилган. Суриштириш ишлари олиб борилганда, у шу тумандаги иқтисодиёт касб-ҳунар коллежининг 1-босқич ўқувчиси бўлиб чиқди. Натижада Узун тумани жамоасининг талаби қаноатлантирилиб, ўйин қайта ўтказилди. Якунда битта тўп фарқи билан узунликлар ғалаба қозониб, навбатдаги босқичга чиқди.
Денов туманида бўлиб ўтган волейбол баҳсларида таркибида катта ёшли спортчи ўйнагани сабабли Узун тумани жамоаси мусобақадан четлаштирилди. Сариосиёлик волейболчилар сафида ҳам бир нафар катта ёшли ўйинчи борлиги аниқланди. У ҳам баҳсларга сохта маълумотнома билан келган.
Бундан ташқари, баскетбол мусобақасига мезбонлик қилган Узун туманидаги маиший хизмат касб-ҳунар коллежи зали ҳолати кўнгилни хира қилди. Хусусан, ёритиш тизими етарлича эмас, туман ҳокимлиги ва раҳбариятдан бирор ходим иштирок этмади.
Мусобақа бош ҳаками А.Қаюмовга туман жамоалари мураббийлари қўпол сўзлар айтиб, босим ўтказиши оқибатида тартибсизлик юзага келди. Узун тумани баскетболчи қизлари йирик мусобақаларга ҳамда мезбонликка тайёр эмаслигини, одоб-ахлоқ борасида муаммолари борлигини Денов тумани жамоасига қарши кечган баҳсда кўрсатиб қўйди.
Афсуски, мусобақанинг вилоят ҳудудий ва финал босқичида Термиз шаҳри ҳамда Денов ва Қумқўрғон туманларидан бошқа ҳудудлардан бир қатор спорт турлари бўйича жамоалар мутлақо қатнашмагани ҳам аниқланди.
Мусобақа якуни бўйича умумжамоа ҳисобида 1-ўринни Денов тумани, 2-ўринни Термиз шаҳри, 3-ўринни Қумқўрғон тумани жамоалари эгаллади.
Мухбирларимиз