Футбол майдони қачон қурилади?
— Қишлоғимизда футбол майдони қуриш учун илк бор уриниб кўрганимда 26 ёшда эдим, — дея сўз бошлади Чироқчи тумани Лангар қишлоғида яшовчи тажрибали мураббий Мардон Ҳайитов. — Бугун салкам 60 ёшдаман, аммо ҳамон ўз мақсадимга эришолмаяпман. Текис ва яшил майдонда тўп суриш орзуси билан ёшлигим ўтди. Болаларим ҳам шу ният оғушида улғайди. Афсуски, қисмат бугун набираларимнинг мақсадларини чанг-тўзонга буркаяпти.
Шукрки, дориломон кунларга етдик. Президентимиз Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракати билан спорт соҳасида, жумладан, футболда ҳам қатор ўзгаришлар бўлди, масъуллар зиммасига жиддий вазифалар юкланмоқда.
Болалигимизда янтоқзорни тозалаб, атрофини тош билан ўраб, икки четига қўлбола дарвоза ясаб тўп тепганмиз. У даврда бошқа соҳалардаги аҳвол ҳам «қўлбола» эди. Бугун ахборот асрида, тараққиёт даврида яшаяпмиз. Жойларда қурилаётган спорт мажмуаларини ойнаи жаҳонда кўриб, ҳавас қиламиз, қанийди, бизда ҳам шундай майдонлар қурилса, деб кўзимизга ёш келади.
Ўтган асрнинг 80-йилларида қишлоғимизда “Умид” футбол жамоасини шакллантирдим. Ўшанда Москва шаҳрида ёзги олимпиада ўйинлари бўлаётганди. Қисқаси, мазкур воқеликлар сабаб Қалқама совхозига қарашли 9 та қишлоқда ҳам футбол жамоалари ташкил этилди. Ҳар йили совхоз чемпионатида “Умид” чемпион бўлавергач, директор ташаббуси билан хўжаликнинг футбол жамоасига айлантирилди. Энг қизиғи, ўшанда ҳам 10 та қишлоқнинг бирортасида стадион йўқ эди. Хўжалик биринчилиги арпапоянинг бир четида ўтказиларди. Ана шундай ҳолатларни важ қилиб, бугунгидек эсимда, 1986 йил баҳорида хўжалик раҳбарига Лангар қишлоғидаги Ўртасой тепалигида футбол майдони барпо этиш ташаббуси билан мурожаат қилдик. У “Майли, тупроқ текислаш учун техника юборилади”, деди. Қувондик. Орадан икки кун ўтиб қишлоғимизга занжирли трактор келди. Бульдозерга тупроқ текислаш мосламаси эмас, негадир ер ҳайдашга мўлжалланган плуг тиркалганди.
Тракторчи сойликни кўздан кечираркан, бизга бир-бир қараб чиққач:
“Директорнинг топшириғи билан бу жойлар узумзорга айлантирилади. Шунинг учун ерни ҳайдагани келдим. Ҳа, айтганча, «марказ»дагилар совхоздан футбол эмас, планни сўраркан”, деди.
Сўнг у ҳеч нарса демай, сой бошига борди-да, техникани шиддат билан буриб, ерни шудгорлашга тушди. У негадир кенг майдонда тўғрибурчак чизиб ҳайдарди. Сал ўтмасдан қарийб ҳажми 120х65 метр ўлчамли тўртбурчак ҳосил бўлди. Тракторчи майдон марказидан кўндалангига чизиқ тортиб, айлана ясади-да, плугни ердан узди ва олдимизга келиб: «Мен ҳам шу қишлоқда катта бўлганман. Раис нима деса, десин, футбол майдонини бузмайман», дедию изига қайтди.
Бир сойга, бир ёш футболчиларга қарарканман, бўғзимга бир нарса тиқилгандек бўлди. Аламдан йиғладим: “Укаларим, бўшашманглар! Кўрасизлар, вақти келиб бизнинг қишлоғимизда ҳам стадион қурилади. Янтоқзорларда эмас, ҳақиқий майдонда тўп тепамиз”, дедим.
Орадан кўп ўтмай, кўздан панароқда, Қурақулнинг Қўтони даштликларидан ўзимизга футбол майдони топдик.
* * *
Мана, шунга ҳам бир неча ўн йиллар бўлди. Ўтган йиллар давомида Лангардан қанча-қанча сувлар оқиб, қанчадан-қанча раислар ўтиб кетди. Аммо уларнинг ҳеч бири планни футболга алмашмади.
Кейинроқ футбол майдонимиз дея кўз тиккан Ўртасой адирлиги баъзи олғир “тадбиркор”ларнинг қинғирлиги туфайли ноқонуний тарзда бўлиб олинди. Шунга қарамай, собиқ “Умид” жамоаси жонкуярлари саъй-ҳаракати билан майдон ёшларга қайтарилди.
2012 йили қишлоқ ёшлари номидан Қашқадарё вилоят ҳокимлигига юборилган футбол майдони қурилишига оид талабномага жавобан беш миллион сўм маблағ ажратилди. Лангарсойликлар яна 4,5 миллион сўм йиғиб, футбол майдони қурилиши учун ишга киришди. Лекин ёнилғи-мойлаш материаллари қимматлиги боис йиғилган маблағ 65х45 метр ҳажмдаги стадиондаги умумий ишнинг 40 фоизига аранг етди, холос. 2018 йилнинг қишида уч миллион саккиз юз минг сўмлик тупроқ текислаш ишлари қайта амалга оширилди ва футбол майдони 80х65 метр ўлчамли кўриниш олди. Бироқ шу билан ишлар якунлангани йўқ.
2018 йилнинг 31 январида Лангарнинг кўпсонли ёшлари номидан Қашқадарё вилояти ҳокимлигига илтимоснома йўллаб, футбол майдони қурилишини якунлаб олиш учун эллик миллион сўм ажратилишини сўрадик. Илтимосимиз эътиборсиз қолдирилди. Орадан 3 ой ўтиб, Президент виртуал қабулхонасига қайта мурожаат қилдик.
Шундан кейин Чироқчи туман жисмоний тарбия ва спорт ишлари бўлими бошлиғи Собир Бобоқулов қишлоғимизга келиб, чала қолган футбол майдонини суратга олиб, фаоллар билан суҳбатлашди. Гап орасида ушбу футбол майдони қурилиши учун Чироқчи туман ҳокимлиги “бир тийин ҳам ёрдам кўрсатолмаслиги”ни қистириб ўтди.
— Туманда Наврўз байрами тадбирларини ҳам ўқитувчилардан пул йиғиб ўтказдик, — деди Чироқчи туман жисмоний тарбия ва спорт ишлари бўлими бошлиғи Собир Бобоқулов.
— Стадионга пул қаёқда? Порталга ёзганингиз билан стадион қурилиб қоларканми? Ахир, бундоқ ўйлаб кўриш керак-да. Яхшиси, вилоят ҳокимига учранглар, яхши гапиринглар, зора пул ажратса. Мен эса портал хатини «ёпишим» керак. Ёпмасам туман ҳокими тинч қўймайди. Шунинг учун «Туман спорт бўлимига ҳеч қандай эътирозимиз йўқ», деб ёзиб беринглар, илтимос.
— Сиз мурожаатни муаммони ҳал қилмай туриб ёпмоқчимисиз? — деб сўрадик ундан.
— Муаммо сизники, у билан ишим йўқ, мен хатни ёпишим керак, — деди у ялингандек.
Қарияларнинг гапига кириб, Собир Бобоқулов айтиб турганини қоғозга туширдик. У қувониб, дуо қилиб, ортига қайтди. Аммо муаммо жойида қолаверди.
Қарийб икки ярим минг ўғил-қиз улғаяётган қишлоқда наҳотки битта футбол майдони қуриш шунчалар қийин бўлса? Қашқадарёдек саноати ривожланган вилоятга эллик миллион сўм маблағ ажратиш шунчалар оғирми?
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Қашқадарё вилоят филиали мутасаддилари 2012 йилги ҳисоботидаёқ Чироқчи туманидаги Лангар қишлоғида 120х65 метр ўлчамли футбол майдони қурилиб фойдаланишга топширилди, дея юқори ташкилотга ҳисобот бериб бўлган. Чироқчида нечта Лангар қишлоғи бор? Бундай ёлғон ҳисоботлар билан кимни алдаяпмиз ўзи?
Шу ўринда бир савол: қишлоғимизга келган халқ депутатлари, сенаторлар қадимий икки хонақоҳни, жоме масжидинигина зиёрат қилган бўлади-ю, нега шундоқ катта йўл четидаги пахса деворли 165-умумтаълим мактабига бирров кириб ўтмайди? Зиё маскани дея ном олган бу кулбада на ўқув-лаборатория хоналари, на спорт зали, на спорт майдончаси, на технология ўқув-ишлаб чиқариш хонаси, на маънавият-маърифат хонаси, на ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти хонаси ва на ўқитувчилар хонаси бор! Болаларимиз эса чурқ этмай, таълим олмоқда...
Мазкур муаммолар борасида бир ўйлаб кўрадиган вақт келмадими?
Мардон мураббийнинг айтганларини «Ma’rifat» мухбири Ўктам МЕЙЛИЕВ оққа кўчирди.