Умидли футболчиларимиз — жаҳон чемпионатида ғолиб
Москва шаҳри мезбонлик қилган футбол бўйича Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионати ўз ниҳоясига етди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Жорий йилнинг 10—18 май кунлари дунёнинг беш қитъасидан жами 24 жамоа қатнашган ушбу нуфузли мусобақада ўзбекистонлик ёшлар илк маротаба иштирок этди
Ўзбекистон терма жамоаси қуръага кўра, Россия ва Покистон терма жамоалари билан бирга «А» гуруҳидан жой олди. Ҳамюртларимиз Покистон билан дуранг (0:0) ўйнади, мезбон мамлакатни эса 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, гуруҳдан чиқди.
Чорак финал баҳсида футболчиларимиз Непал термасини 2:1 ҳисобида енгди. Ярим финалда Бурунди устидан 1:0 ҳисобида устун келди.
Бош мураббий Жамшид Асадов шогирдлари финал учрашувида яна гуруҳдаги рақиб — Покистон жамоаси билан тўқнаш келди. Бу сафар ҳам ўйиннинг асосий вақтида дуранг (1:1) ҳисоби қайд этилгач, ғолиб пенальтилар бўйича аниқланди. Унда вакилларимиз рақиблари устидан 5:6 ҳисобида ғалаба қозониб, жаҳон чемпионига айланди.
Сўнгги ҳал қилувчи голни Ўзбекистон жамоаси дарвозабони Сергей Исломов урди. Кейин ўзи рақибининг зарбасини қайтариб, қаҳрамонга айланди. Шу тариқа улар финалда мундиалнинг амалдаги ғолиби Покистон устидан зафар қучди ва олтин медалларга эга бўлди.
Кеча Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида иқтидорли футболчиларимиз катта тантана билан кутиб олинди. Тадбирда Халқ таълими, Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари, Миллий олимпия қўмитаси, «Сен ёлғиз эмассан» республика болалар жамоатчилик жамғармаси мутасаддилари, қатор нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
— Ёшим 16 да, — дейди терма жамоамиз аъзоси, Бўка туманидаги 15-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Тоир Эргашбоев. — Тенгқурларим Руслан Котов ва Салим Сон билан бир муассасада таълим-тарбия оламиз. Ўзаро ҳамжиҳатлик, астойдил интилиш, мунтазам тайёргалик, бизга билдирилган ишонч ва масъулият ғалабамизнинг асосий омили бўлди. Юртимизда биз, ёшларнинг спорт билан шуғулланишимиз, жаҳон андозалари даражасида таълим-тарбия олишимиз учун яратилган шарт-шароит, алоҳида ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбари ва халқимизга миннатдорлик билдирамиз.
Тошкент шаҳридаги 23- ва 24- ҳамда Бўка туманидаги 15-Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган ушбу жаҳон чемпионлари билан танишинг: Сергей Исломов (дарвозабон), Данил Шаплов, Жаҳонгир Очилов, Тоир Эргашбоев, Руслан Котов, Руслан Караханян, Азиз Эсенбоев, Эдгар Шамшилов, Салим Сон. Бош мураббий — Жамшид Асадов.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ