Икки йўлдан бир манзил сари
Кейинги йилларда юртимизда фақат футбол, бокс ёки кураш эмас, балки яккакураш турларига ҳам эътибор, қизиқиш кучайди. Жумладан, жиу-житсу, айкидо, таэквондо, каратэ, муай-тай, универсал жанг санъати ҳам оммалашиб бормоқда. Иқтидорли спортчи Жасур Неъматов сингари ёшлар бу спорт турларини пухта ўзлаштириб, халқаро мусобақаларда эътироф этгулик ютуқларга эришяпти.
Жасур болалигидан дўсти, ака-укалари, яқинларини ҳимоя қилиб, бир неча рақибни ер тишлатган кино қаҳрамонларига ҳавас қилар, улардек абжир ва жасур бўлишни истарди. Аммо истакнинг ўзи билан бирор муваффақиятга эришиш мушкул. Бунинг устига Жасур ҳали бола эди — ўз орзусини қай тариқа амалга оширишни билмасди. Иштиёқ ва ҳаракатнинг уйғунлиги ғалаба гарови эканини у кейинроқ англаб етди.
Унинг қалбида куртак ёзган ниятни онаси Озода Чаққонова бир воқеа сабаб рўёбга чиқарди. Озода опа кунларнинг бирида ишдан қайтаётиб, автобус бекатида бола ва ёш қизга кўзи тушди. Бироздан сўнг уларнинг олдига 4-5 бола келиб, қизга гап отиб, тегажоғлик қила бошлайди. Йигит аввалига улардан тинч қўйишини, йўлларидан қолмасликни сўрайди. Бироқ ўсмирлар унинг сўзларига беписандлик қилиб, ўзини ҳақоратлай бошлагач, бола ҳимояланади. Озода опа бекатнинг бу четидан уларни ажратишга етиб келгунича, йигит безориларни ерга қулатишга улгурганди. Опа кинолардагидек манзарани кўриб, аввалига лол бўлади. Кейин йигитдан ҳол-аҳвол сўрайди. Бола бир неча йилдан буён каратэ билан шуғулланиши, қатор халқаро мусобақаларда ғолиб бўлгани ва ёнидаги қиз синглиси эканини айтади.
Шу-шу Озода опанинг хаёлида «Жасурни спортга, каратэга беришим керак», деган фикр чарх ура бошлади. Қандай яхши-я, ўз яқинларини шу боладек ҳимоя қилса, атрофидаги ожизларга метин қалқон бўлса!
Жасур 6 ёшга тўлгач, Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги 14-мактабдаги каратэ тўгарагига олиб борди. Анчадан буён бу кунни кутиб юрган болакай ич-ичидан қувонди. Табиийки, спорт залидаги муҳит, мураббийларнинг талаби, машғулотларнинг ўзига яраша машаққатини кўриб ҳаёт ва кино доим ҳам бир-бирига мос келавермаслигини тушунди. Бироқ ҳавас ва кучли иштиёқ уни ғалабаларга ундади.
Улар Олтинсой туманига кўчгач, машғулотлар манзили ҳам ўзгарди — энди у 22-мактабда машқларни давом эттирди. Аввало, мактабдаги баҳсларда қатнашиб юрди. 2008 йилдан, яъни 18 ёшидан республика ва халқаро миқёсдаги турнирлар, чемпионатларда қатнаша бошлади.
Жасур 2008 йили муайтай бўйича республика биринчилигида бронза медални қўлга киритди. Бир йилдан сўнг Тошкент шаҳар очиқ чемпионатида олтин медалга сазовор бўлди. Шу йили муайтай бўйича кечган республика турнирида кумуш медалга эга бўлди. Аммо буларнинг бари тажриба орттириш йўлидаги уринишлар эди, холос. Муддатли ҳарбий хизматни адо этгачгина, у катта мусобақаларга тайёр бўлганини ҳис этди. Бу ишонч болаликдагидек орзулар арғамчисининг бош айлантириши эмас, чинакам ўктам йигитнинг қатъий азму қарори эди. 2012 йилда у ўзи йигитлик бурчини ўтаган ҳарбий қисм¬да ҳам қатор мусобақаларда қатнашиб, диплом, ташаккурноқма ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди, мураббийларнинг меҳрини қозонди.
Кейин уйга қайтгач, ўз устида янада жиддий ишлади, нуфузли мусобақаларга эътибор қарата бошлади. 2013 йили универсал жанг санъати бўйича мамлакат чемпионатида бронза медаль билан чекланган бўлса, бир йил ўтиб, яна бир қатор медалларни шахсий ғазнасига қўшиб қўйди. Жумладан, кикбоксинг, универсал жанг санъати, комбат айкидо, жиу-житсу бўйича кечган турли мусобақаларда ўз омадини синаб, ғолиб ва совриндор бўлди. Айниқса, Универсал жанг санъати бўйича спорт устаси талабини бажаргани у учун қувончли воқеалардан бири бўлди.
Жасур 2015 йилда комбат айкидо бўйича республика чемпионатида зафар қучди. Тошкент темирйўл муҳандислари институтида ўқиш билан бирга, «Қувноқлар ва зукколар» ҳамда «Камолот кубоги» каби нуфузли мусобақаларда иштирок этди, биринчисида финалчи бўлди, иккинчисида олтин медаль билан тақдирланди.
У ўз устида ишлаш, хатоларини бартараф этиб, янги марраларни забт этишга интилди. Устози — муайтай бўйича икки карра жаҳон чемпиони Илҳомжон Рустамовдан ўрганди, турли мусобақаларда тажриба тўплади, маҳоратини оширди.
Ниҳоят, жорий йил Патайа шаҳрида профессионаллар ўртасида муайтай бўйича ўтган жаҳон чемпионатида 61 кг вазн тоифасида иштирок этиб, олтин медаль соҳиби бўлди. Финалда мезбонлар вакилини, муайтай ватани бўлган Таиланд ўғлонини енгди. 40 дан зиёд мамлакатдан келган юзлаб спортчи орасида Жасур Неъматов шарафига мадҳиямиз янграб, байроғимиз баланд кўтарилди.
— Тақдирлаш маросими тугаши билан онамга қўнғироқ қилдим, — деди Жасур. — Бу қувончли хабарни ҳаммадан олдин онам билишини истадим. Онам жаҳон чемпиони бўлганимни эшитиб жуда қувонди, йиғлаб ҳам олди. Кейин дуо қилди. Очиғи, ўшанда ўзим чемпион бўлганимдан ҳам кўра, онамни қувонтирганимдан ғурурландим. Мана шунинг учун ҳам чемпион бўлиш керак, дедим ичимда.
Гарчи чемпионлик биргина Жасур номига ёзилган бўлса-да, аслида бу натижа бир инсоннинг меҳнати маҳсули эмас. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти раҳбариятининг бевосита кўмаги ва қўллаб-қувватлаши, шунингдек, муайтай федерацияси саъй-ҳаракати билан Жасур чемпион бўлди, хорижий юртга бориб, ўз иқтидорини кўрсатди. Қолаверса, бу ютуқда таниқли спорт мутахассиси Раҳматжон Рўзиохуновнинг ҳам ҳиссаси бор.
— Болалигимдан мулоҳаза қилишга, бир ишни бошлашдан олдин унинг натижаси ҳақида ўйлаб кўришга ўрганганман, — деди Жасур. — Аниқроғи, онам ўқитувчи бўлгани боис мен ва укам Жамшидга кўп сабоқ берар, раҳматли отамизга муносиб издош бўлишимизни уқтирарди. Спорт билан 15 йилдан буён мунтазам шуғулланаман. Лекин тан олишим керак, спорт билан шуғулланиш ёши чекланган. 10-15 йил. Бу муддат яккакурашларда янада камроқ. Айтмоқчиманки, бир умр спортчи бўлиб қололмайман. Шу боис ҳунарли бўлишга интилиб, темирйўл соҳасини танладим.
Тошкент темирйўл минтақавий узелига қарашли Сергели станциясида бош кондуктор бўлиб ишлаётган Ж.Неъматов касбидан бахтини топган йигитлардан, десак янглишмаймиз. Турмуш ўртоғи Мафтуна Бойтемирова ҳам бўлғуси темирйўлчи. У айни кез институт талабаси.
Манзили бир икки йўлдан дадил бораётган Жасурга омад тилаймиз.
Зоҳиджон ХОЛОВ