КЕЛАЖАК ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТ (Устоз журналист Ўктам Мирзаёровга мактуб)
Ассалому алайкум, устоз!
Журналистика факультетидан илгари сиз бошчилик қилган “Ҳуррият” газетасига илк бор амалиёт ўташ учун боргандим. Марказий нашрлардаги дастлабки материалим ҳам шу газетада босилган.
Ўша пайтдан ҳозирга қадар ўтган икки-уч йиллик даврда қандай йўлни танлаганимни теранроқ англай бошладим. Бироқ соҳамизнинг жамият ҳаётидаги аҳамияти, машаққатлари, кези келганда, қалтислиги ҳақида нимадир дейишга ҳали тўла ҳаққим йўқ. Шундай бўлса-да, ўзимни қийнаб келаётган баъзи саволларга мактуб орқали сиздан жавоб сўрашга уриндим.
Журналистика тараққиёт шиддати олдида довдираб қолаётгандек. Биз ўрганган, бизга ўргатилаётган қолиплар бугуннинг нафасини беришга, бугуннинг муаммоларини ёритишга тўсиқ бўлаётгандек, назаримда. Ниманидир ўзгартириш илинжида бўлган ёшларнинг ўзлари эврилишларга юз тутмоқда. Яъни, ўша қолипларга тушиб қолмоқда. Мени эса шундай савол қийнайди: ёшлар таҳририятларда новаторликни жорий этиши учун нима қилиши керак? Миллий журналистикамиз тарихига назар ташласак, икки даврда матбуот ўзини миллат ва жамият муаммолари йўлида тўла сафарбар этганига гувоҳ бўламиз. Булар жадидлар ва қайта қуриш даври матбуотидир. У даврларда мустамлака шароити бўлса ҳам миллат манфаати йўлида дадил сўзлар айтилган. Масалан, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида сиз муҳаррирлик қилаётган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг ҳар бир сони алоҳида ҳодиса сифатида эътироф этилган экан. Бугунги матбуотимиз тараққиёти гарчи техник ва моддий жиҳатдан ўзиб кетган бўлса-да, мазмун ва жасорат борасида улар билан тенглашгулик эмас. Бу ҳақида қачон ўйлаймиз? Эртага ҳам шу ҳолат давом этмаслиги учун ёш журналистлардан нима талаб этилади?
Жамият ҳаётида журналистнинг мақоми қандай? Журналист мавжуд муаммога ўз позициясини билдиргач, унинг ўзи ҳимояга муҳтож бўлиб қолишини қандай тушуниш керак? Балки, шу сабаб бизга жасорат етишмас. Нега бир ОАВда журналист ёритган муаммо юзасидан бошқа ҳамкасблар ўз муносабатини билдирмайди. Нега касбдошлар ҳақиқат йўлида бир-бирларини қўлламайди? Оқибатда эса юрак ютиб виждони буюрган сўзни айтган журналистнинг қовурғаси майишиб қолади. Ундан яна ҳақиқатни айтмоқни талаб қилиш адолатданми?
Бир нарсани ҳис қиляпман, келажакда бизга бундан ҳам катта талаблар қўйилади. Журналист — ижод ва кураш фарзанди. Ўзбек қаламкаши дунё ахборий майдонида ўз юрти манфаатини ҳимоя қилишга қодир бўлмоғи зарур. Бунинг учун энг аввал муаммолар таҳлил этилиши керак. Айнан шу ишимиз келгуси ютуқларимизга замин бўлади. Аммо бизда танқидга “тирноқ остидан кир қидириш” деб қаралади. Шу қарашни ўзгартирмасдан туриб жамиятни ислоҳ эта оламизми? Бу саволларга ҳар ким ўзи учун жавоб топиши кераклигини тушуниб турибман. Аммо Ҳазрат Навоий айтганидек, “аввалқадам ошиқ” бўлмаса, “толиби содиқ” тўғри йўлдан адашмоғи ҳеч гапмас. Устоз, бу хатни ёзишимдан мурод ўзимни ўйлантирган масалалар юзасидан фикрингизни билиш эди. Токи журналистика аталмиш қутлуғ даргоҳда ҳар қадамимиз ҳақиқат томон бошласин.
Суҳроб ЗИЁ
“ҲАМИША ЁРДАМГА ТАЙЁРМИЗ”
(Суҳроб Зиёнинг мактубига жавоб)
Ваалайкум ассалом Суҳробжон!
Мен ишлаган таҳририятлар қошидаги маҳорат мактабларида ўнлаб талабалар қатнашган. Уларнинг ҳаммасини ҳам номма-ном таниш қийин. Аммо кўпчилик ҳаракатчан йигит-қизларнинг фаолиятини кузатиб бораман. Акмал Жумамуродов, Шоҳсанам Комилова, Феруза Хайруллаева, Санжарбек Эшмуродов ва бошқалар шулар жумласидан. Муваффақиятларини кўрсам қувонаман. Жумладан сизнинг ҳам. Мактубингиз сабаб сиздай пайтимда бўлиб ўтган бир воқеа эсимга тушди. Биз тенгилар таҳририят эшигини қоқиб келганда бағрини очиб кутиб оладиган одамлар кам бўлган. Уларни, аввало, ўз ижодий лаёқатимиз билан тан олдиришимизга тўғри келган. Бу эса жуда қийин жараён. Мақолангни чиқазишмаса, бошингни силаб, йўл кўрсатадиган бирорта маслаҳатгўйинг бўлмаса, додингни кимга айтасан! Шу ва бошқа важдан кўп тенгдошларимиз соҳани тарк этишган, шекилли. 26 нафар талабадан 4-5 киши соҳада қолдик. Нега шундай бўлган? Ҳозиргача ҳайронман. Бугун эса сиз ва тенгдошларингиз учун таҳририятларнинг барча эшиги очиқ. Таҳририят етакчилари “Хуш келибсиз”, деб қўл қовуштириб турган ҳозиргидай шароитда ўзлигини намоён этолмаган ёш журналистда фақат истеъдод билан боғлиқ муаммо бўлиши мумкин.
Бир куни, ҳали талабалик пайтимда таниқли ижодкорлардан бири мени ҳузурига чақириб: “Мана, сиз билан бир неча йиллардан бери бирга хизмат қиламиз. Мен каби айрим таниқлиларнинг шогирдлари талайгина, уларнинг қуршовида юришига ҳавас қиламан, менинг ҳам шогирдларим бўлишини хоҳлайман, рози бўлсангиз сизни ўз шогирдим, деб ҳисобласам”, деб кўнглини ёрди. Аммо ўша одам ўз даврида замонасозлик қилиб, айрим тенгдошларининг ноҳақ қамалишига сабаб бўлган, деб эшитгандим. Шу боис бирга хизмат қилган, иш синоатларини ўрганган бўлсам-да, уни устоз тутишга мойил эмасдим. Аммо ҳурматини жойига қўйиб, инсоний бурчимни ўтаганман. Ҳозир сиз мени “устоз” деб турибсиз. Бунинг учун катта раҳмат! Албатта, бошим осмонга етди. Аммо келишиб олайлик! Ҳозир ҳар икки кишидан бири иккинчисини устоз деб мурожаат қилиши урфга айланган. Бу — нотўғри тушунча. Шу каби муомала туфайли устозлик рутбаси пасайиб кетди. Мактабда, олий таълим муассасаларида сабоқ берадиган кишиларни одатда муаллим, ўқитувчи, домла деб ҳурматини жойига қўйишарди. Бирор касб ўргатган, муносабатлари мунтазам бўлган устоз-шогирдликнинг умри эса боқий бўлган. Шу маънода тушунчаларимизга ойдинлик киритиб олганимиз маъқул. Ўтмишда обрўли устознинг жомадони ё костюмини кўтариб юриб, касбининг этагини тутолмай ўтган шогирдлар ҳам кўп бўлган. Мен сизнинг, сиз тенги журналист укаларимнинг бирортасига буни раво кўрмайман. Одамда ғурур бўлиши, аввало ўзини ҳурмат қилиши керак. Бу инсоннинг жамиятда шахс сифатида шаклланишида жуда муҳим масала.
Тўғри англабсиз. Журналистика жиддий соҳа. Касбга ҳар жиҳатдан муносиб бўлган кишигина ярим йўлда сафдан чиқмайди. Журналистнинг зиммасида омманинг тақдирини эзгу амаллар билан бойитишдек муқаддас вазифа турибди. Журналистика камсуқумликни ёқтирмайди. Қалам — қурол! Инсоф, диёнат, ҳалоллик, шижоат унинг ўқи. Буларсиз, айниқса, соҳа ҳақидаги чуқур билимсиз узоққа бора олмаймиз. Бу гаплар бир кўринишда ҳавойидай туюлади. Бунинг устига олдимизда инсоний муносабатлар ҳам турибди. Энг ёмон иллат — гуруҳбозлик! Уларни сезиш, ҳис этиш ва ҳамласига аввалдан тайёр туриш учун ҳам кишидан ҳушёрлик талаб қилинади. Сиз буларни англашда тажрибага, фаҳмингизга суяниб иш тутасиз, деган умиддаман.
Журналистикамиз тараққиёт олдида довдираб қолаётгани йўқ. Журналистика ҳамиша ўз зиммасидаги вазифани бажариш йўлини топган. Ҳеч бўлмаганда, имо-ишоралар билан. Фақат биз, соҳа ходимларигина ўзимизнинг уқувсизлигимиз, билимимизнинг саёзлиги, тил билмаслигимиз, дунёвий тажрибаларни кўрмаганимиз, маҳоратсизлигимиз туфайли соҳамизни юксак даражага кўтара олмаётган бўлишимиз мумкин. Атрофга теран нигоҳ билан боқайлик. Соҳани ривожлантиришга яратилган шарт-шароитларнинг чеки йўқ. Фақат улардан мақсадли фойдаланиш учун уқув, уддабуронлик, шижоат керак. Айниқса, ёш ҳамкасбларимиз катта йўлга чиққач, қайси томонга йўналмоқни билмаётган бўлишлари мумкин. Бунинг учун борар манзил, мақсад аниқ бўлиши лозим. Мақсадсиз яшаш беҳуда кун ўтказиш билан баробар.
Муаммони кўтариб чиқиш билан иш битмайди. Муаммони келтириб чиқараётган омилларнинг моҳиятини ўрганиш ечимни топишга ёрдам беради. Бунинг учун журналист ҳуқуқий жиҳатдан билимли, холис ва жасоратли бўлиши керак. Агар шундай хислатлар бўлмаса, муаммони кўтаришдан наф йўқ. Афсуски, бундай журналистлар кам. Сабаби, тўрт йил ўқиб, соҳани таниш мумкиндир, аммо судья билан судлашадиган, прокурор билан тергашадиган, шифокорлик билан таниш журналист бўлиш учун нималар қилиш керак, деган савол ҳамиша очиқ қолган. Бунинг учун ягона йўл касбга оид билимни қўшимча тарзда бойитиш, хориж тажрибасини ўрганиш, маҳоратингизни такомиллаштиришдир.
Ниманидир ўзгартириш учун янгидан велосипед яратиш шарт эмас, деб ўйлайман. Ниҳол дарахт бўлгунча неча довулларга дош беришига тўғри келади. Борини такомиллаштириш, ривожлантириш, илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадга эртароқ етказади.
Жадидчилик ўзлигимизни таниш тарихидаги ёрқин саҳифа бўлиб қолаверади. Уни танқидий ўрганиш ҳамиша фойда берган. Чунки замон жадал ўзгаришда. Ахборот техологиялари ривожланган асрда уларнинг ҳаммасидан хабардор бўлиш давр талаби.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси масаласида. Мен 1974 йилда бир неча ой газетанинг ўтмишдоши — “Ўзбекистон маданияти”да тажриба орттириш мақсадида ишлаганман. Катта мактаб бўлган. Газета кўз ўнгимда шаклланган. Устозлар чинакамига тер тўкишган. Ҳозир ҳам шундай мавқега эга бўлиши мумкин. Аммо аввалгидан ҳам кўпроқ тер тўкиш шарт. Рақобат кучли. Техника асрида бу жуда катта билим ва шижоатни талаб этади.
Журналистнинг жамиятдаги мавқеи ҳақида гапирилди. Уларнинг бир-бирини қўлламаслиги, кўтарилган масаланинг моҳиятига ҳамда унинг муҳим ё номуҳимлигида, деб ўйлайман. Журналистнинг ҳамиша холислиги тарафдориман. “Нега унақа эмас, нега бунақа?” дейиш осон. Камчиликни кўрдингизми, уни келтириб чиқарган сабабларни ўрганинг, далиллар билан асосланг. Ҳақиқат ҳақида сўрабсиз. Тушунчангиз мени ўйлантириб қўйди. Сизни қийнаётган муаммо ҳақидаги хулосангиз бу ҳали ҳақиқат эмас. Ҳақиқат исботи билан тўкис бўлади. Гумон ва шубҳалар билан яшаш тўғри йўлдан чалғитади кишини.
Келажакда сиз каби ёш ҳамкасбларга қўйилаётган талабларни тўғри англабсиз. “Журналист — ижод ва кураш фарзанди”. Ҳамиша шундай бўлган. Шунинг учун ҳам касбимиз мўътабар. Ҳар бир ҳаракатимизда “Жамиятга наф келтириш” мақсади устувор бўлиши зарур. Унинг мустаҳкамлигига ҳисса қўшиш бурчимиз. Оғирроқ, мушоҳадалироқ бўлган ютади. Сезяпман, касб муаммолари билан юзма-юз турибсиз. Айрим саволлар очиқ қолган бўлса узримни қабул қилинг! Биз каби катта ёшлилар ҳаёт уммонида сузиб чиниқдик. Машаққати ўзимизга маълум. Сиз эса уммоннинг ичидасиз. Хавотирланманг, ҳамиша ёрдамга тайёрмиз.
Ҳурмат билан, Ўктам Мирзаёров