Меҳнатсевар мураббий мактаби
Кўпчилигимиз ҳаётни оқ ва қора рангга ажратишни ёқтирамиз . Қарангки , 64 катакдан иборат шахмат ҳ ам оқ ва қора доналар ёрдамида ўйналади — 32 хона оқ , 32 хона қора . Бунда қора томон салбий , оқ томон эса ижобий , деган қараш йўқ , албатта . Икки томонда ҳам шахмат фалсафасини , ақлни намойиш этиш учун тенг имконият бор .
Буни « ақл гимнастикаси » дейишади . Икром Ҳайдаров , мана , қарийб 60 йилдирки , ана шундай қизғин машғулот ичида яшаб келмоқда . У 1996 йилдан буён Навоий вилояти Хатирчи туманида шахмат ихлосмандларига бу жозибали ўйиннинг сир - синоатини ўргатаётганидан мамнун . 25 йилга яқин вақт ичида Икром ака олий тоифали ҳакам ва олий тоифали мураббий даражасига эришди. Аммо бундан мураббий сира мақтанмайди. Балки шахматчи болалар — шогирдлари билан ғурурланади: «Ситора қизим яқинда Хитойда бўлиб қайтди, Зилола қизим Шри-Ланкага кетяпти”, дея ён-атрофдагиларига қувониб сўзлайди.
Туманнинг чекка бир ҳудудида шахматдек мураккаб ўйинни ўйинқароқ болаларга ўргатишга азм этиб, унга эришиш осон эмас. Аммо Икром ака буни уддалаяпти. У болаларга зерикарли бўлиб кўринган шахматнинг аслида бутунлай ўзгача эканини ўргатиш усулларини билади. Мураббий эътибор, совғалар, рағбат, икки оғиз мақтов, қадимий зиёратгоҳларга саёҳат каби чора-тадбирлар қўллашга эринмайди.
Икром Ҳайдаров ҳақида гап кетганда хатирчиликлар кўз олдида заҳматкаш, фидойи, зиёли инсон гавдаланади. Дарвоқе, 2000 йилгача Навоий вилояти ёшлари шахмат бўйича жуда қолоқ эди. Республикада охирги ўринларда турарди. Айни кез шахмат федерацияси маълумотларига кўра, ўқувчилар салоҳияти жиҳатдан Тошкент шаҳри, Самарқанд вилоятидан кейинги поғонага кўтарилибди. Бунда албатта Икром аканинг ҳам ҳиссаси бор.
Икром Ҳайдаровнинг тўгараги ҳар куни ишлайди. Қизиғи, педагог бундан ҳеч қачон моддий манфаатдорлик талаб қилмайди. Болалар ҳар куни келиб, икки партия шахмат ўйнаб кетишу янги усуллар ўрганишдан завқланади.
— Тошкент халқ хўжалиги институти(ҳозирги иқтисодиёт университети)ни тамомлаганман. Турли соҳаларда фаолият олиб бордим. Болалар билан ишлашга, уларнинг билим ва кўникмаларини оширишга ўзимда етарлича салоҳият сезганим учун шу ишга қаттиқ киришдим, — дейди педагог. — Тўғри қилган эканман чоғи, тез орада болаларим туман, вилоят ва республика миқёсидаги мусобақаларда юқори ўринларни қўлга кирита бошлади. Сўнг тўгарак фаолиятини кенгайтирдим, ўзим ҳам кичик турнирлар ташкил этиб, болаларни профессионал шахмат мусобақаларига жалб этдим. Мана, 25 йил ичида шогирдларим кўплаб ютуқларни қўлга киритди. Энг асосийси, уларнинг аниқ мақсади, ўз фикри бор.
Астойдил қилинган меҳнат самара беради. 2004 йили Наманган шаҳрида кечган халқаро турнирда шогирди Сардор Ҳайдаров 14 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида олтин медалга эга бўлди. 2005 йили Чирчиқ шаҳрида ўтказилган “Баркамол авлод” спорт ўйинларида унинг шогирдлари 1 олтин, 3 кумуш медални қўлга киритди, 2006 йили Қарши шаҳрида ўтказилган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларида шогирдлари умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади. Шунингдек, умидли ўқувчиларидан бири ўулом Ҳайдаров ўша йили спорт устаси унвонига эришди. У 2007 йили Универсиаданинг финал босқичида бронза медали соҳиби бўлди. Республика биринчилигида Навоий вилояти жамоаси 3-ўринни эгаллади. Бундан ташқари, 2010 йили Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Камолот” шахмат тахтаси” турнирида Икром аканинг шогирдлари иккита кумуш медаль билан вилоят жамоаси 3-ўринни эгаллашига муносиб улуш қўшди.
И.Ҳайдаровнинг умидли шогирдларидан бири Ситора Сапарова 2011—2013 йилларда “Камолот” шахмат тахтаси” мусобақасида уч бор зафар қучди. 2016-2017 йилларда мактаб ўқувчилари ўртасида кечган республика чемпионатида 14—16 ёшли қизлар орасида 2 олтин, 1 кумуш ва 1 бронза медали соҳибасига айланди. 2016 йилнинг апрель ойида Мўғулистонда бўлиб ўтган 14 ёшли қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатида тўртинчи ўринни, 2017 йил Хитойда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтган Осиё чемпионатида блиц ва рапид йўналишлари бўйича олтин, стандарт йўналиши бўйича бронза медалини қўлга киритган бўлса, 2017 йилнинг 10—20 декабрь кунлари Ҳиндистонда 16 ёшлилар ўртасида Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида 3-ўринни банд этди. Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон чемпионатида 16 ёшли қизлар ўртасида стандарт йўналиши бўйича олтин медал соҳиби бўлди.
Ўн ёшли Зилола Актамова эса 2016-2017 йилларда 8—10 ёшли қизлар орасида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган чемпионат ва республика чемпионатида 2 олтин, 2 кумуш, 1 бронза медал соҳибаси бўлган. 2017 йил 20—30 июль кунлари Хитойда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида 9 ёшлилар ўртасида блиц йўналишида олтин, рапид йўналишида бронза медалга эга бўлган. 2018 йилнинг 13—24 январь кунлари Тошкент шаҳрида 10 ёшлилар ўртасида бўлиб ўтган чемпионатда кумуш ва бронза медални қўлга киритди.
— Ҳозир 10 ёшдаман, 4 йилдан буён устозим Икром Ҳайдаровдан шахмат сирларини ўрганяпман, — дейди Зилола Актамова фахр билан. — Қисқа даврда шахмат дунёсига шу қадар меҳр қўйдимки, энди келажагимни усиз тасаввур этолмасам керак. Айни кундаги энг катта мақсадим устозимиз ишончини оқлаш ва гроссмейстер даражасига эришишдир.
Турли танлов ва мусобақалардаги иштироки, уларга тайёргарлик ва бошқа тадбирлар боис Икром аканинг шогирдлари дарслардан озод этилади ва кўп сабоқларда бўлмайди. Аммо устози қолдирган дарсларни улар осонроқ ўзлаштириб олишига ҳам кўмаклашади. Ҳар куни бир соат тезкор савол-жавоблар викторинасини ўтказади. Ўқувчилар ўша фанлар бўйича мураккаб саволларга жавоб топади. Масалан, математика фанидан кўпайтириш жадвалининг мураккаб шаклини ёдлашга ундайди. Айни дамда унинг шогирдлари 57 кўпайтирилган 53 нинг жавоби 3021 бўлишини сонияларда топади.
Озода МАМАТОВА,
Хатирчи туманидаги
42-мактаб ўқитувчиси