Жисмоний тарбиянинг спортдан фарқи борми?
Баъзан «спорт» ва «жисмоний тарбия» атамаларини бир мазмунда ишлатамиз ва улар чиндан ҳам бир хил маънони англатадими ёки йўқми, ўйлаб кўрмаймиз. Ваҳоланки, улар моҳиятан фарқланади.
Масалан, саломат бўлиш, соғлиқни тиклаш ёки мустаҳкамлаш учун жисмоний тарбия билан шуғулланиш кифоя. Боиси, жисмоний тарбия фаоллик, ҳаракатчанлик, қатъият ва тартибга чорлайди. Жисмоний тарбиянинг асосий элементлари: жисмоний машқлар, енгил мусобақалар, организмни чиниқтириш, гигиенага амал қилиш, ақлий меҳнатдан дам олаётган пайт табиат қўйнида кўпроқ юриш ва югуришни ўз ичига олади.
Инглизча «desport» сўзидан олинган, «ўйин», «эрмак», «томоша» каби маъноларни англатувчи «спорт» атамаси эса фаолликнинг алоҳида кўриниши бўлиб, унда одамларнинг интеллектуал ва жисмоний имкониятлари жамоавий ёки яккалик баҳслари шаклида солиштирилади, таққосланади. Спортда асосий мақсад фақат жисмоний малака ва кўникмаларни ривожлантиришгина эмас, балки рақибни енгиш бўлади. Спортчидан режа асосида аниқ бир мақсадга йўналтирилган машғулот олиб бориш, барқарор ҳаёт кечириш талаб этилади.
Демак, бу икки атама, асосан, субъектларда иштирок этиш даражаси, мақсади ва қоидаларига кўра фарқланади. Спорт — бу мусобақада иштирок этиш учун мунтазам машғулотларда қатнашиб, ўз кучи ва тажрибасини ошириш борасида тинимсиз меҳнат қилиш демак. Жисмоний тарбия эса қувват ва имкониятларни бойитади. У билан ёши ва жисмоний кўникмаларидан қатъи назар, исталган кўнгилли шуғулланиши мумкин.
Спортда одам рақибни қандай мағлубиятга учратиш йўлларини ўзлаштирса, жисмоний тарбия билан шуғулланган инсон ўз-ўзини енгишни ўрганади. Аммо ўзидан устун келолмаган спортчи узоққа бормаслиги ҳам айни ҳақиқат. Чунки унинг «юриши» биргина ғалаба билан тўхтайди. Демак, спортчи учун ҳам, оддий одам учун ҳам жисмоний тарбиянинг аҳамияти беқиёс.
Кейинги йилларда кўплаб мамлакатларда бу икки соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, унинг учун давлат бюджетидан кўплаб маблағ ажратилмоқда.
Энг йирик спорт мусобақалари — олимпиада, жаҳон ва қитъа чемпионатларида рақобат тобора ортиб, финал босқичигача бўлган баҳслар ҳам муросасиз ўтмоқда. Натижада ёшга доир жисмоний юкламалар 20—30 йил олдинги даврга қараганда 4-5 маротаба ортиб кетди. Статистика маълумотларига кўра, 2005 йили Россияда ўтказилган кўрикда спорт билан фаол шуғулланиб, улкан натижалар қайд этган собиқ спортчиларнинг атиги 12 фоизигина соғлом деб топилган. Спортчиларда организмнинг ички патологияси билан боғлиқ жиддий бузилишлар кўп кузатилади ва бу аксарият ҳолларда машғулот ёки мусобақа пайтида нохуш ҳолатлар билан тугайди.
Қолаверса, йилдан-йилга спорт турлари кўпайиб, мос равишда янги-янги федерациялар, ассоциациялар тузиляпти, уларни олимпия ўйинлари дастурига киритиш ва йирик мусобақаларга мезбонлик қилиш учун рақобат давлатлар ўртасида тобора жиддий тус олмоқда.
Бундай танловларда спортчини икки муҳим омил ғалабага ундайди. Биринчиси — ўз ватани байроғини баланд кўтариш, халқнинг ишончини оқлаш бўлса, иккинчиси — моддий-ижтимоий мақсад, яъни совринни қўлга киритиш орқали ўзининг порлоқ келажагини барпо этишдир.
Бундай даврда яшаётган ҳар бир инсон спорт, жисмоний тарбия нима эканини билиши ва ўзи иккисидан бирига ошно бўлмоғи зарур. Саломатлигига қайғурган одам жисмоний тарбия билан шуғулланса, деярли бетоб бўлмайди, дорихоналар эшигидан ҳатлайвериб, ўзини ҳам, чўнтагини ҳам қийнамайди. Муҳими, эрта тонгда хуш кайфиятда уйғонади, руҳи тетик, димоғи чоғ бўлади, кечқурун хотиржам ухлайди. У ҳар бир неъматнинг қадрига етади: тонгги тоза ҳаво, зилол сув, беминнат қуёш, енгил сабо, гулларнинг муаттар ифори, тун, юлдузлар, дастурхондаги таом лаззати, фарзандларининг ширин кулгиси, ота-онасининг дуолари, яқинларининг хайрихоҳлиги ва ҳоказо.
Спорт эса бирмунча мураккаб бўлиб, у атлетга жиддий руҳий босим ўтказиши, кайфиятини бемисл даражада кўтариб ёки тушириб юбориши мумкин. Бу унинг мусобақадаги иштироки ва натижаларига боғлиқ. Агар рақибнинг жиддий эканини ҳис қилиб турса, вазифа янада оғирлашади. Шунингдек, учрашув арафасида ҳаяжонни босиш ва муҳим жангга руҳан тайёрланиш спортчи асабининг зўриқишига сабаб бўлади. У бутун фикрини бир мақсадга қаратади, бу йўлда у наинки яқинлари, балки ўзини ҳам унутади. Мазкур асабий жараён кейинчалик, қариганида спортчини турли касалликларга дучор этиши мумкин. Тўғри, спортчи майдонда жуда хотиржам ва хушчақчақ кўриниши мумкин. Аслида-чи, у елкасидаги босимдан титраб туради. Олдинда икки танлов бор: ё ғалаба, ё мағлубият.
Мазкур нуқтада бу икки атама ўртасида зиддият юзага келади, яъни спорт учун ғалаба муҳим, жисмоний тарбия эса саломатликни ҳаммасидан устун қўяди. Рақибини енгиш учун рингга чиққан боксчи якунда енгилиб, устига-устак тан жароҳати олса, руҳан эзилса, натижа жисмоний тарбия мақсадининг акси бўлади.
Аммо спортда унча-мунча одамга насиб этмайдиган сурур, ҳарорат ва юксаклик бор. У ҳам бўлса, худди жанг майдонида ватан сар¬ҳадларини жон тикиб ҳимоя қилган аскардек шараф ва шон, қаҳрамонликка эришишдир. Спортчи бундай пайтда ўзини, саломатлигию ҳаёти қил устида турганини ўйламайди, қалбида жасорат жўш уради, ортида унга ишониб бутун миллат, мамлакат турганини ҳис этади, ойлар, йиллар мобайнида чеккан машаққатию руҳий зарбаларни Ватан байроғи музаффар ҳилпираганда унутади. Кўксида ялтираб турган олтин медаль унга ҳаётбахш эликсир каби куч-қувват бағишлайди гўё.
Зоҳиджон ХОЛОВ