Тадбиркорнинг туҳфаси
Чилонзор туманидаги “Қизил Шарқ” маҳалласида жойлашган 281-мактаб ҳудудида 20 йилдан буён қаровсиз ётган сунъий сув ҳавзаси якка тадбиркор Исроил Эргашев томонидан қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳозир бу жой болаларнинг шодон кулгисига тўлган. Ахир, ёзда очиқ осмон остида, қуёшнинг қайноқ тафтида мириқиб чўмилганга нима етсин!
Болаларга бу қувонч¬ни ҳадя этган Исроил Эргашевнинг ўзи ҳам шу маҳаллада яшайди. У якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтгач, ёзнинг иссиқ кунлари маҳалланинг болалари чўмилиш учун узоққа қатнамасин, ота-онасининг кўз олдида бўлсин, дея ишни мактаб ҳудудидаги ташландиқ сунъий сув ҳавзасини ижарага олиб, қайта қуришдан бошлади.
Айланаси 64, узунлиги 20 метрли бассейн айни кунларда турли ёшдагилар билан гавжум. Бу ерга ҳар куни ўртача юзга яқин киши келади. Бассейн ёнида иккита кийиниш ҳамда иккита ювиниш хонаси ҳам бор. Муҳими, озодаликка катта эътибор қаратилган. Бассейн суви ҳар куни турли касалликларга қарши
кимёвий воситалар билан тозаланади.
— Қаровсиз сунъий сув ҳавзасининг қайта қурилиб, атрофи ободонлаштирилгани маҳалламиз кўркига кўрк қўшди, — дейди 281-мактаб директори Муборак Иноятхўжаева. — Ёшларнинг мароқли дам олиши учун қулай шароит яратилди. Маҳалладошларимизга шундай қулайлик яратган Исроил Эргашевдек тадбиркорларнинг кўпайиши юрт тараққиётига хизмат қилади.
Катта ва кўркам сунъий сув ҳавзаси аллақачон «маҳалланики» бўлиб улгурган бўлса-да, бу ерга кириб-чиқишнинг ўз тартиб-қоидалари бор. Масалан, чўмилиш вақти ҳар куни соат 10:00 дан 21:00 гача давом этади. Шанба кунлари соат 12:00 дан 16:00 гача аёлларга ажратилган.
— Маҳалламизда сунъий сув ҳавзаси таъмирланганидан фарзандларимиз жуда хурсанд, — дейди шу маҳаллада яшовчи Абдулвосит Даминов. — Бассейн уйимиз ёнида бўлгани боис, биз, ота-оналарнинг ҳам болаларимиз хавфсизлигидан кўнглимиз тўқ. Улар чўмилишга деб ҳар хил оқар сувларга кетиб қолмайди. Кўз олдимизда бўлади. Асосийси, бассейн суви доим тозалиги боис, болаларимиз саломатлигидан хавотир олмасак ҳам бўлади. Бу ерда фарзандларимизга кўз-қулоқ бўлиб турадиган мутахассисларнинг борлиги ҳам кўнглимизни янада хотиржам қилади.
Узоқ йиллар ташландиқ ётган сунъий сув ҳавзаси бугун оилавий дам олиш масканига айланди. Айниқса, ўқувчилар бу ерда ёзги таътилни мазмунли ва қизиқарли ўтказмоқда. Бассейн атрофида шахмат, шашка, бадминтон ва бошқа қизиқарли ўйинлар ўйнаб, вақтини чоғ ўтказаётган болаларни учратиш мумкин.
Асли футболчи бўлган Исроил Эргашев узоқ йиллар «Олмалиқ» жамоасида тўп сурган. Ҳозир 281-мактабда жисмоний тарбия фанидан дарс беради. Дарсдан ташқари вақтларда футбол тўгарагига мураббийлик қилади. Шогирдлари уни нафақат профессионал футболчи, балки, яхши устоз, тажрибали мутахассис сифатида ҳурмат қилади. Мураббийга ҳавас қилиб, у каби номдор жамоада тўп тепиш орзусида.
Ирода ТОШМАТОВА