Янги университетдаги кенг имкониятлар
Хабарингиз бор, Президентимизнинг 2018 йил 5 мартдаги «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт институтига «университет» мақоми берилди.
Шу асосда университетнинг ўқув бинолари қайта таъмирланиб, моддий-техник базаси янгиланди. Университет ҳудудидаги бино ва иншоотларни таъмирлаш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш учун 2018—2021 йиллар давомида босқичма-босқич маблағ ажратилиши белгилаб қўйилган.
Куни кеча Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг қайта реконструкция қилинган янги ўқув биноси фойдаланишга топширилгани ҳам сўзимизнинг яққол далилидир. Шу муносабат билан таълим муассасасида тадбир ўтказилди.
Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, спорт жамоатчилиги ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Тадбирга бир қатор фахрий меҳмонлар қатори Беларусь Республикаси спорт ва туризм вазири Сергей Ковалчук ҳам ташриф буюрди.
Очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев янги иншоот билан мураббийлар, ўқитувчи ва талабаларни қутлаб, юртимизда ёш авлод тарбияси, жумладан, улар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, чемпионларнинг янги авлодини кашф этиш ва бу соҳада етакчи мутахассисларни тайёрлаш долзарб масала эканини, янги таълим муассасасига эга бўлган профессор-ўқитувчилар зиммасидаги вазифалар ортаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, университетнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
— Бугун олий таълим муассасасида истеъдодли ёшларни саралаб олиш, республика ва халқаро спорт мусобақаларида олимпия ҳамда миллий спорт турлари бўйича талабалар спорт клублари ва жамоаларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди университетнинг спорт ва ёшлар масалалари бўйича проректори Нодир Ғаффоров. — Университетда айни пайтда 5 факультет бўлиб, бакалавр босқичида 3335 нафар, магистратура босқичида 50 нафар талаба ўқияпти. 18 кафедра ва 9 бўлимда таълим-тарбия ва ўқув жараёнини ташкил этишга 333 нафар юқори малакали мутахассис, жумладан, 21 фан доктори, профессорлар ҳамда 56 фан номзоди, доцент жалб этилган.
Ҳозир университетда 5 та ўқув биноси, 2 та талабалар тураржойи, 2 та ошхона ва ахборот-ресурс маркази, манеж, бокс, таэквондо, оғир атлетика, гимнастика ва спорт гимнастикаси заллари, теннис, найза улоқтириш майдонлари, ёзги ва қишки сузиш ҳавзалари ҳамда футбол майдони талабалар ихтиёрига берилган.
Бундан ташқари, Беларусь Республикаси билан жисмоний тарбия ва спорт соҳасида қатор муҳим келишувларга эришилгани, масалан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида қишки спорт турлари ва гимнастика бўйича тренерлар тайёрлаб берадиган қўшма факультет ташкил этилиши ва битирувчиларга қўшма диплом берилиши режалаштирилаётганидан айниқса талабалар қувонди.
— Болалигимдан мазкур олий таълим даргоҳида ўқишни орзу қилардим, — деди 1-курс талабаси паркентлик Темур Мирзалиев. — Бу йил мақсадимга эришиб, талаба бўлдим. Қувонарлиси, биз собиқ институтга «университет» мақоми берилган муассасанинг илк қабул қилинувчилари бўлдик. Бу ҳам қалбимизда ўзгача ҳиссиётлар уйғотмоқда. Насиб қилса, бу эътиборга ўқиш давомида эришадиган ютуқларимиз билан муносиб жавоб берамиз. Ўзим бу ердаги соғ¬лом муҳит, ажойиб шароитлар ва кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, етук спортчи ва малакали мураббий бўлмоқчиман. Республикамизнинг чекка ҳудудларидан ёш истеъдодларни кашф этиб, юртимизда «миллионлар ўйини» — футболни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишни ният қилганман.
Яқин йилларда 1600 ўринга мўлжалланган талабалар тураржойи, 600 ўринли ўқув биносига эга гимнастика зали, 3 та спорт иншооти ҳамда футбол майдони ва унинг маъмурий биносини қайта реконструкция қилиш режалаштирилаётгани ёшларга яна илҳом бағишлайди. Зеро, университет жамоаси аллақачон 30 мингга яқин олий маълумотли мутахассис тайёрлаб, қатор спорт усталари, халқаро тоифадаги спорт усталари, хизмат кўрсатган спорт усталари етиштирган. Мамлакатимиз терма жамоалари аъзолари сафида олимпиада, жаҳон ва қитъа чемпионатларида Ўзбекистонимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган ўнлаб атлетлар эса бевосита мана шу олий ўқув юртининг безагидир.
Зоҳиджон ХОЛОВ