Эрмитажга саёҳат
Дунёнинг энг катта ва энг кўп сайёҳлар борувчи 20 та донгдор музейи қаторида етакчи бўлган Эрмитаж рус халқининг ифтихори саналади. Россия давлат музейи машҳур шаҳар — Санкт-Петербургда жойлашгани ҳам унинг салобатини янада оширади. Бу ерда санъат ва маданиятнинг жаҳон тамаддунига оид ноёб дурдоналари шу қадар кўп ва хўб сақланадики, сайёрамизнинг исталган бурчагидан келган сайёҳ ўзига тегишли, аниқроғи, аждодлари билан боғлиқ ниманидир топади.
Эрмитаж 1764 йил 7 декабрда Екатерина II топшириғига биноан бунёд этилган бўлиб, номни ҳам айнан қироличанинг ўзи топган. Бу сўз французча бўлиб, “Ёлғизлик макони” маъносини англатади. Ҳар йили музейда декабрнинг еттинчи санасида “Эрмитаж куни” ёки “Екатерина куни” тадбири ўтказилади. Бу куни атлетлар рицарларга хос кийинади ва қурол-аслаҳалар билан қуролланиб, ажойиб томошалар намойиш этади.
Дарвоқе, дастлаб музей экспонатларининг асосий қисмини қироличага тегишли ноёб жамланмалар ташкил этган. Кейинчалик бошқа давлат аъёнлари ҳам унга яхши кўриниш мақсадида ўз ҳиссасини «қўшиш»га киришган. Шу боис бу ерга фақат ўз даврининг киборларигина кира оларди. Музей 1852 йилда қайтадан бунёд этилгач, кетган сарф-харажатни қоплаш учун илк марта ҳамма учун тенг очилди.
Ундан Романовлар сулоласидан Николай II давригача жамланган қироллик буюмлари ва ҳозирга қадар бойитиб келинаётган тош асрига оид тарихий ёдгорликлар, шунинг¬дек, яқин тарихга тегишли қимматли асарлар, 750 мингдан ошиқ археологик ёдгорлик, 14 мингга яқин қурол-яроғ, 2 миллиондан зиёд амалий санъат намунаси жой олган. Улар сирасига Тициан, Рубенс, Рафаэль каби машҳур рассомлар мўйқаламига мансуб ўнлаб оригинал сурат, хусусан, Микеланжело ясаган энг машҳур ҳайкаллардан бири “Букри бола” сингари чинакам асарларни киритиш мумкин. Шунингдек, шойи матолар ва жун гиламлар ҳам томошабинларни ром этади.
Музей Нева дарёси бўйида барокко услубида ёнма-ён қурилган беш (қишки сарой, кичик Эрмитаж, катта Эрмитаж, янги Эрмитаж, Эрмитаж театри) улкан бинонинг бир-бирига уйғун ансамблидан иборат бўлиб, улуғвор кўринишининг ўзи кўрган кишини тарих билан «юзлаштиради». Экспонатлар шу қадар кўпки, уларни жойлаш учун оз эмас, кўп эмас, 350 та санъат асари даражасида безатилган зал ажратилган. Эрмитажга ҳар йили ўртача 5 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюради.
Аксарият европаликлар нафис заргарлик буюмларини томоша қилишни хоҳласа, бош¬қалар музей маъмурияти тавсиясига кўра, саёҳатни қишки саройнинг биринчи қаватидаги Қадимги Миср, Юнонистон, Рим, шунингдек, Осиё мамлакатларидан келтирилган кўҳна санъат экспозициялари сақланадиган залдан бошлашни маъқул кўради. Қадимги Мисрга тегишли залда мўмиёланган жасадларни, қадимги Юнонистон ва Римга оид буюмлар сақланадиган залда ёши икки минг йилдан зиёд бўлган идишлар, диний тасвир ва рамзларни кўриш мумкин. Бу саройнинг Иордания услубида ишланган ҳашаматли зинапоялари одамларни музейга янада боғлаб қўяди. Меҳмонлар бу ерда томошадан ташқари тадбир ва маросимлар ҳақида батафсил маълумот олиши ва уларда ўзи «томоша» кўрсатиши ҳам мумкин.
Қишки саройда техниканинг илк намуналари — телеграф, телефон, лифт, иситиш тизимлари билан танишиш мумкин. Мозийгоҳ шу қадар каттаки, бир пайтлар қишки саройдан кичик Эрмитажга машиналарда бориларди. Бироқ 1917 йилда Россия ҳудудида содир бўлган сиёсий воқеликлар туфайли ўша транс¬порт¬лар ҳам урушларга олиб кетилган ва қайтиб келтирилмаган. Афсуски, уларнинг бирортаси сақлаб қолинмаган. Айни кез музейда саёҳатчилар учратмайдиган бирдан-бир нарса — машиналардир. Шундай бўлса-да, поезд вагонлари сақланган. Улар музей ҳовлисида жойлаштирилган.
Эрмитаж Александр I даврида инглиз ва испан санъаткорлари асарлари билан
бойиди. Мазкур асарлар яратилиш даври ҳамда жанрига қараб саккиз — ибтидоий маданият, қадимги дунё, Шарқ халқлари маданияти, рус маданияти тарихи, ўарбий Европа санъати, нумизматика, илмий ёдгорликлар, қайта тиклаш бўлимларига ажратилган. Уларнинг барчасида тарих, ўтмиш нафаси, руҳи бор. Экс¬понатлар шу қадар маҳорат билан жойлаштирилганки, залдан залга эмас, балки давр¬дан даврга ўтиб бораётгандек, тарихнинг улкан асрларини соатлар ичида қайта яшаб ўтаётгандек бўласиз.
Қиролича Екатерина II коллекциялари қишки саройда сақланади. У ерда бир пайтлар Россия давлати раҳбарлари яшаган ҳам. Шунингдек, давлат аҳамиятига эга йирик музокаралар олиб борилган, энг нуфузли меҳмон ва элчиларга шу ердан жой ҳозирланган. Қироллик оиласи учун келтирилган қимматбаҳо сов¬ға-саломлар ҳали ҳам қишки сарой ҳудудида сақланади. Уларни томоша қилган киши ўша давр руҳини, зиддиятлари ва шарт-шароитини, одамларнинг дунёқарашини ҳис этади.
Музейда Пётр I даврида тўпланган бойликлар ҳам бор. Дастлабки қимматбаҳо асарларнинг кўпи унинг ташаббуси билан олиб келинган. Масалан, аксарият томошабинларни ҳайрон қилувчи экспонат — “Скифлар олтини” ансамблини ташкил этган заргарлик буюмлари ҳам шулардан биридир.
Эрмитаждан рус халқи ўтмишига доир қимматбаҳо экспонатлар ҳам ўрин олган, албатта. Қолаверса, бу ҳудудда содир бўлган сиёсий-ижтимоий ва жўғрофий ўзгаришлар музей ҳаётига ўз таъсирини ўтказмаган. Унда Екатерина II дан кейинги Россия қироллик сулолалари ҳаёти, сиёсати ўз аксини топган. Павел I даврида йиғилган буюмлар италян санъати намуналари бўлиб, уларнинг барчасига қирол топшириғига кўра, “П” ҳарфи билан муҳр босилган. Асарларда ХIХ аср бошлари кайфияти ёрқин акс этиб туради.
1812—1826 йилларда, Николай I даврида жамланган буюмларга қараб эса ҳарбий ҳаёт қандай бўлганини билиб олиш мумкин. У жангларни ниҳоятда севган. Буни ундан 600 дан ортиқ жанг санъати тасвирлари ифодаланган галерея мерос қолганидан ҳам англаса бўлади.
Зал дизайнида ҳам Россия империясининг шон-шуҳрати, ғолибона кайфиятини берувчи ўзига хослик бор. Русларнинг француз саркардаси Наполеон Бонапарт қўшинига қарши мардонавор курашида қаҳрамонларча ҳалок бўлган 333 аскари портрети акс этган залда уруш изтироблари ва жасорат қоришиб кетган. Бу ерда 2010 йилдан бошлаб ҳарбий оркестрлар иштирокида тантанали тадбир ўтказиш одатга айланди.
Қизиғи, осори-атиқалар ҳаддан зиёд кўп бўлишига қарамай, музей раҳбарияти мавжуд экспонатлар билан кифояланмайди. Масалан, италиялик санъаткорлар Леонардо да Винчининг “Мадонна Бенуа” ва Тициан Вечеллионинг “Кўзгу олдидаги Венера” (1555 йил) асарлари харид қилинганига ҳали кўп бўлмади. Музейнинг бундай тарзда ишлаши «Эрмитажга бир марта кирсанг бўлди», деган қарашни йўққа чиқаради. Ҳар кирганингизда янги асарларни, уларга мос дизайнни кўрасиз.
Эрмитаж ниҳоятда катта бўлгани боис уни тамоман айланиб чиқишга бир неча ҳафта керак бўлади. Томоша залларининг умумий кўлами 20 километрни ташкил қилади. Тўхтамай юрсангиз, бу масофани бир неча соатда босиб ўтишингиз мумкин. Бироқ ҳатто соатлаб томоша қилиш мумкин бўлган экспонатлар ҳам борки, вақт қандай ўтиб кетганини илғамай қоласиз.
Кўпинча узоқдан келган сайёҳлар Эрмитажда албатта кўриши керак бўлган 10 та экспонат рўйхати шакллантирилган. Улардан бири қадимги Миср фиръавнининг мўмиёланган жасади бўлиб, унинг улканлиги кўпчиликда ҳатто шубҳа уйғотади. Лекин у айни тарихий ҳақиқат эканини олимлар исботлаган.
Шунингдек, Леонардо да Винчининг 1460—1470 йилларда ишланган “Мадонна ва гуллар”, “Мадонна Литта”, голландиялик машҳур рассом Рембрандтнинг 27 фоизи рес¬таврация қилинган оригинал асари — “Даная” ҳам томоша учун тавсия этилади. Унинг ўзига алоҳида хона ажратилганиёқ кўп нарсадан дарак беради. Бундан ташқари, Рембрандтнинг энг узоқ вақт чизган асари — “Ўғилнинг қайтиши”, барокко услубига хос энг нодир намуналардан бири — инглиз адмирали Э.Боскауэннинг қизи Елизавета портрети, Роденнинг “Жаҳаннам дарвозалари” ҳайкалтарошлик асари, ХХ асрда шуҳрат қозонган рус авангард санъати намунасини яратган Кандинскийнинг “Композиция VI” асари, Жеймс Кокс ва Фридрих Юри ишлаган механик тилла соат ҳам эътиборга молик.
Тилла соат кўринишидан худди дарахтни эслатади. Шохлари устига қўндирилган товус мувозанатни тутиб туради. Тонгни ифодалаш учун дарахтнинг бир четида хўроз ва тунни англатиш учун чироқ акс этган. Энг қизиғи, соатнинг барча қисмлари тилладан ишланган ва соялар билан икки тарафига тонг ва тун кўриниши акс эттирилган. У ХVIII асрга тегишли ягона механик соатдир. Унинг фақат олтин эмас, балки олмос ва бошқа қимматбаҳо тошлар билан безатилгани ҳам сайёҳларни мафтун қилади.
Эрмитажда энг кичик «қўриқчилар» — мушуклар ҳам эътиборни тортади. Қизиғи, бу мушукларнинг паспорти бор. Уларнинг асосий иши музейни сичқон ва каламушлардан ҳимоя этишдир. Екатерина II ўз даврида 10 та мушукка «Санъат галереяси хавфсизлик ходимлари» унвонини берган. Шундан буён сичқон овчиларига шундай «даража» бериш одат тусига кирган.
Аммо кейинги йилларда музейнинг айрим экспонатларини асраш учун Эрмитажни айнан мушуклардан ҳимоя қилишга тўғри келмоқда. Бироқ раҳбарият «анъанага содиқ қолиб», уларни қўйиб юбормайди, балки Эрмитаж ташқарисига чиқариб, ўша ерда кемирувчиларга қарши курашишга «жалб» этади.
Эрмитаждаги мислсиз бойлик аёвсиз таланган паллалар ҳам бўлган. Хусусан, 1920—1930 йиллар оралиғида ҳатто давлат раҳбарияти ҳам дунё миқёсида кузатилган молиявий инқироз таъсиридан қутулиш учун музей бойликларини ноқонуний савдога қўйишга мажбур бўлган. Ундан келган маблағ саноатни ривожлантиришга ишлатилган. Афсуски, бу музей учун сезиларли йўқотиш бўлган.
Эрмитаж бугун фақат томошагоҳ бўлиб қолмай, илм-фан соҳасида янгиликлар қилиш учун улкан манба вазифасини ўтаяпти. Чунки оригинал тарихий экспонатларни ўрганиш, тадқиқ этиш билан мозийга хос кўплаб сирларни очиш мумкин. Музей раҳбарияти узоқ йиллардан бери маҳаллий ва хорижлик олимлар билан ҳамкорликда ишлаб, эътиборга молик илмий тадқиқотларга ҳисса қўшяпти. Бу ерда илмий анжуманлар, доимий ва вақтинчалик кўргазмалар ҳам ўтказилади. Кўпчилик илм-фан ихлосмандлари айнан шу кўргазмага келиш баҳонасида Эрмитажни ҳам айланади. Олимлар кўпинча тадбир таассуротларини унутиб, музей хаёли билан уйига қайтади. Шунингдек, музейни илмий тиклаш ва сақлаш учун ҳам бевосита олимлар кўмаги зарур. Улар сайёҳларга экспонатларни таништириш билан ҳам шуғулланиши мумкин.
Гавҳар ЗАЙНИДДИНОВА тайёрлади.