Шахмат оилавий ташриф қоғозимиз
Ишонч ва қатъият — муваффақият калити. Буни спорт оламида улкан ютуқларга эришаётган юртдошларимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Иқтидор доимий ҳаракат ва интилиш асносида тобланади. Омад эса ҳамиша келавермайди. Шахмат бўйича аёллар терма жамоаси аъзоси Гулрухбегим Тоҳиржонова бунга ҳар куни иқрор бўлади.
У ёшлар ўртасида бир неча бор, аёллар ўртасида икки карра Ўзбекистон чемпиони, 2015 йили Бишкекда 20 ёшгача қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида учта олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, яқинда Туркиянинг Гэбзе шаҳрида ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медаль соҳиби бўлди. Кўплаб халқаро турнирлар ғолиби, ўзбекистонлик хотин-қизлар ўртасида халқаро гроссмейстер (WGM) 19 ёшли Гулрухбегим Тоҳиржонова муваффақиятлари замирида чидам ва қатъият, қолаверса, оила аъзоларининг қўллаб-қувватлаши мужассамлигини таъкидлайди.
— Шахмат билан шуғулланишимга, биринчи галда, оиламиздаги муҳит сабаб бўлган, — дейди Г.Тоҳиржонова. — Ақлимни таниганимдан бошлаб, отам, акам ва опаларимнинг шахмат тахтаси устида кечадиган қизғин баҳслари гувоҳи бўлганман. Айниқса, опаларим — шахмат бўйича ўзбекистонлик биринчи аёл гроссмейстер Нафиса Мўминова ҳамда ФИДЕ устаси Ҳулкар Тоҳиржонованинг узоқ давом этадиган ўйинларини кузатиб, менда ҳам бу спортга қизиқиш пайдо бўлган. Аммо шахмат ўйнашни қачон бошлаганимни аниқ эслолмайман. Отамнинг айтишича, илк бор мен билан акам Асрор Тоҳиржонов дона сурган экан. У ҳам шахматни яхши ўйнайди. Ҳозир иқтисодиёт соҳасида ишласа-да, спорт усталигига номзод саналади.
Гулрухбегимнинг онаси Қаноатхон Мўминова ҳамшира. Отаси Алишер Мўминов эса асли спортчи бўлган. Бир вақтлар терма жамоа сафида кураш тушган. Аммо жароҳати туфайли спортдан кетишга мажбур бўлади ва ҳозир муҳандис бўлиб ишлаяпти. Шахмат ўйнашга ҳеч бир соҳа монелик қилмас экан. Алишер ака ҳам бир зум бўлса-да спортдан узоқлашмади. Аксинча, шахмат оилавий «ташриф қоғози»га айланди. Пировардида фарзандлари профессионал шахматчи бўлиб етишди.
Қўқон шаҳридаги 45-мактаб, сўнгра коллежда ўқиган Г.Тоҳиржонова машғулотларни фақат уйда олиб борарди. Чунки мактабда ҳаваскорлар учун ташкил этилган шахмат тўгараги бўлиб, профессионал шахматчилардан сабоқ олаётган қиз учун жуда оддий машғулот эди. Кейинроқ у Тошкентга келди ва «Sky chess» шахмат мактабида ўқий бошлади. Айни пайтда бўш вақтида кичик гуруҳларга шахматдан дарс ҳам бермоқда.
— Яқинда мактабимиз очилганига 4 йил тўлиши муносабати билан халқаро турнир ўтказдик, — дейди WGM Нафиса Мўминова. — Мактабни ташкил этишдан кўзлаган мақсадимиз иқтидорли қизларни «ақл гимнастикаси»га жалб этиш бўлган. Аммо негадир асосан ўғил болалар келяпти. Умумтаълим мактабларида шахмат дарслари ўтилиши бизни жуда қувонтирди. Чунки бу биз тўғри йўлда эканимизни билдиради. Бундан таш¬қари, шахмат ўйнаш болалар учун жуда фойдали. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, шахматчи боладан ёмонлик чиқмайди. Масалан, Арманистонда барча мактабларга шахмат фан сифатида мажбурий киритилиб, ўқитила бошлагач, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва гиёҳвандлик сезиларли даражада камайган. Сабаби оддий: шахмат ўйинига «бир шўнғиган ғаввос» бекорчи ишга вақт топмайди. Асосийси, болаларни шахматга қизиқтира билиш ва 64 катакли оқ-қора оламга олиб киришдир. Ана шу жараёнда биздан педагогик маҳорат талаб этилади.
Чиндан ҳам, шахмат фойдали спорт тури. Юртимиз мактабларида шахмат дарслари ўтилиши болалар таълим-тарбиясига ижобий таъсир этиши шубҳасиз. Тўғри, кадрлар масаласида муаммолар бор, малакали мутахассислар етарли эмас. Аммо биринчи қадам сифатида бу ҳолатни истисно қилиш мумкин. Мазкур масала ечимига оз бўлса-да ҳисса қўшиш мақсадида Нафиса Мўминова ва Ҳулкар Тоҳиржонова ҳаммуаллифлигида «Sky chess» номли китоб чоп этилиб, сотувга чиқарилди. Ўзбек ва рус тилларида нашр қилинган дарсликдан мактабларда шахмат сабоқлари пайтида ҳам методик қўлланма сифатида фойдаланиш мумкин. 24 дарсдан иборат қўлланма болаларга шахматни алифбодан бошлаб ўргатади. Ушбу китоб опа-сингиллар лойиҳасининг илк маҳсули бўлиб, олдинда яна учта дарслик тайёрлаш режалаштирилган.
— Шахмат мактабида ҳозир 150 нафардан зиёд ўқувчи ўнга яқин профессионал мураббийдан сабоқ олмоқда, — дейди Ҳулкар Тоҳиржонова. — Мактабга болалар 4, баъзан ота-оналар илтимосига кўра, 3 ёшдан қабул қилинади. Каттароқ ёшдаги болалар учун ҳам гуруҳлар ташкил этилган. Тез-тез халқаро гросс¬мейстерлар, таниқли шахмат усталарини таклиф этиб, маҳорат дарслари уюштирамиз. Хусусан, ўтган давр мобайнида россиялик машҳур шахмат шарҳловчиси Сергей Шипов, халқаро гроссмейстер Саидали Йўлдошев, ўтган йили кўзни юмиб шахмат ўйнаш бўйича Гиннеснинг «Рекордлар» китобига кирган, АҚШда яшаётган ўзбекистонлик Тимур Гареев мактабимизда меҳмон бўлди.
Мазкур саъй-ҳаракатлар мактаб фаолияти такомиллашувига, тарбияланувчилар сони кўпайишига ҳам туртки бўляпти. Муҳими, мактаб иқтидорли ўқувчилар билан бойиб бормоқда. Бу эса ғалабалар салмоғини оширади. Хусусан, 9 ёшли Муҳаммадзоҳид Суяров мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 1-ўринни, Шри-Ланкада ёшлар ўртасида ўтган Осиё чемпионатида бронза медални қўлга киритди, 12 ёшли Муҳиддин Мадаминов мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган республика чемпионатида кумуш медаль соҳиби бўлди. Амалдаги Ўзбекистон чемпиони Нодирбек Ёқуббоев ҳам шу мактаб ўқувчиси бўлган. Яқинда ёшлар ўртасида кечган жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби Гулрухбегим Тоҳиржонова айни кез мактабнинг ёрқин юлдузига айланди.
— Биз ушбу жиддий мусобақага оилавий тайёргарлик кўрдик, — дейди Гулрухбегим.
— Мақсадимиз чемпионлик эди. Турнирда ҳам ишонч билан олға интилдим. Ҳатто асосий рақибим — россиялик Александра Малцевская билан бир хил — 8,5 очко тўпладим. Фақат қўшимча кўрсаткичлар эвазига уни ғолибликка лойиқ кўришди. Шу боис ўзимни чемпиондек ҳис этяпман, асло тушкунликка тушганим йўқ. Муҳими, мен жаҳон чемпионатидек йирик турнирда ғалаба қозона олишим мумкинлигини исботладим.
Келгуси мусобақаларда, албатта, ниятимга эришаман.
Ҳа, Гулрухбегим қатъиятли қиз, ўз салоҳиятига ишонади. Меҳнатдан қочмайди, ўзини танқидий баҳолаб, хатолари устида ишлайди. Гулрухбегим тийнатида айни кез чемпионлик шаклланяпти. Бу ғалабаларни яқинлаштиришда муҳим омилдир.
Норвегиялик Магнус Карлсен ва ҳиндистонлик Вишванатан Ананд сингари жаҳоннинг етакчи шахматчиларига ҳавас қилиб, уларнинг энг яхши жиҳатларини ўрганаётган Гулрухбегим ёш бўлишига қарамай, Ўзбекистонда опаси Нафиса Мўминовадан кейинги, иккинчи аёл гроссмейстер экани эътиборлидир. 2017 йилда «chess.pw» сайти эълон қилган «МДҲнинг энг гўзал шахматчи қизи» танловида ғолиб деб топилган ўзи ҳам, кўнгли ҳам дилбар спортчи қиз бундан-да юқори чўққиларни забт этишига ишонамиз.
Ирода ТОШМАТОВА