Республикадаги барча мактабларда спорт ҳафталиги ўтказилмоқда
Спорт – ёшларни жисмонан соғлом ва баркамол вояга етишларида энг муҳим омилдир. Халқ таълими вазирлиги томонидан бугунги кунда ўқувчи-ёшларни дарслардан бўш вақтларини самарали ташкил этиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 21 октябрь кунидан бошлаб халқ таълими тизимидаги барча таълим муассасаларида спорт ҳафталиги ташкил этилди. Унда спортнинг енгил атлетика, волейбол, баскетбол, гандбол, футбол ҳамда кураш турлари бўйича фестивал ва мусобақалар ўтказилмоқда. Шу кунга қадар мазкур тадбирларда 3,5 млн.дан ортиқ ўқувчи иштирок этишди.
Бундан кўзланган асосий мақсад, ўқувчи-ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини ташкил этиш, спортнинг оммавийлашган ва олимпия турларини янада ривожлантириш, ёш авлоднинг соғлигини мустаҳкамлашдан иборатдир.
Ҳафталик давомида шаҳар ва туманларда оммавий спорт тадбирлари билан бирга, эрталабки бадан тарбия машғулотлари ташкил этилмоқда. Унда умумтаълим мактаби ўқувчилари ва педагоглари билан бирга таълим муассасасига яқин жойлашган маҳаллалар аҳолиси ҳамда уюшмаган ёшлар ҳам фаол иштирок этишмоқда.
Тадбирлар якунида фаол иштирокчилар ва ғолиблар вазирликнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланмоқдалар.
Мазкур фестивал ва мусобақалар ҳафта якунига қадар давом этади.