Кузги таътил мароқли ўтмоқда
Умумтаълим мактаби ўқувчиларининг кузги таътил даври ҳам ниҳоялаб бормоқда. Бу қисқа муддатни мазмунли ва мароқли ташкил этиш мақсадида доимгидек қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Хусусан, бир-биридан қизғин спорт мусобақаларида иқтидорли ўғил-қизлар ўз имкониятини синаб кўрмоқда.
Таътил вақтида, анъанага мувофиқ, "Биз буюк Ватан фарзандларимиз" шиори остида барча таълим муассасаларининг бошланғич синф ўқувчилари ўртасида ҳаракатли ўйинлар ҳамда спортнинг енгил атлетика, мини футбол, футбол, баскетбол, волейбол, гандбол, бадминтон ва стол тенниси каби турларини қамраб олган "Болажонлар спорт жамоалари" ҳамда юқори синф ўқувчилари ўртасида "Ёшлик спорт жамоалари" мусобақаларининг мактаб босқичига старт берилди.
"Болажонлар спорт жамоалари" турнирига айни кез 634 минг (183 минг нафари қизлар), "Ёшлик спорт жамоалари" баҳсларига эса 938 минг нафар (321 минг нафари қизлар) ўқувчи жалб этилган.
— Болалар таътилни қанчалик мазмунли ўтказса, бу уларнинг янги чоракдаги фаоллигига, фанларни аъло баҳоларга ўзлаштиришига хизмат қилади, — дейди Халқ таълими вазирлигининг мактабдан ташқари таълим, спорт ва туризмни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Муроджон Қорабоев. — Бунинг учун қатор маданий-маърифий тадбирлар билан бирга, турли спорт мусобақалари ўтказишни ҳам анъанага айлантирганмиз. Мусобақалар, энг аввало, ўғил-қизларимизни соғлом турмуш тарзига риоя этишга чорлайди. Қолаверса, жисмоний тарбияга ошно бўлган ўқувчининг иродаси мустаҳкам, руҳи тетик, юраги бақувват бўлади. У ҳар қандай қийинчиликни ҳам енгиб ўтади. Мусобақаларда мураббийлар ёшларга спортнинг маънавий аҳамиятини ҳам тушунтирмоқда.
Бундан ташқари, умумтаълим мактабларида ташкил этилган спорт секцияси машғулотларида 435 мингдан ортиқ ўқувчи-ёшлар фаол қатнашмоқда. Унда "Умид ниҳоллари" спорт мусобақалари дастурига киритилган спортнинг 7 тури — баскетбол, волейбол, футбол, шахмат, шашка, стол тенниси ва кураш бўйича машғулотлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, болаларни мамлакатимизнинг тарихий-маданий мероси, унинг ноёб табиати билан яқиндан таништириш мақсадида таътил кунлари 1200 та оилавий саёҳат ҳамда умумтаълим муассасаларининг 7800 нафарга яқин ўқувчиси учун 1040 нафар ўқитувчи ҳамроҳлигида республикамизнинг белгиланган ҳудудлари бўйлаб "Саёҳат маршрути" асосида экскурсиялар ташкил этилди.
Мазкур экскурсияларда болалар фақат диққатга сазовор гўшаларни томоша қилиш билан чекланмай, пиёда юриш сирларини ҳам ўрганди.
Бир сўз билан айтганда, болалар кузги таътилни спорт ўйинлари ва саёҳат билан янада мароқли ўтказмоқда.
Ирода ТОШМАТОВА