Ёш шахматчиларимиз Ғарбий Осиё чемпионатида 91 медални қўлга киритди
Тошкент шаҳри мезбонлик қилган шахмат бўйича 6 ёшдан 20 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган Ғарбий Осиё чемпионати спортчиларимизнинг ёрқин ғалабаси билан якунланди.
Турнирда ёш шахматчиларимиз 26 олтин, 34 кумуш ҳамда 31 бронза, жами 91 медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни банд этди. Кейинги ўринлар Қозоғистон ва Эрон терма жамоаси вакилларига насиб этди.
Айтиш жоизки, Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) ҳамда Осиё шахмат федерацияси ҳамкорлигида бу йил учинчи марта ташкил этилган қитъа миқёсидаги ушбу йирик турнирга ўтган йили Шри-Ланка мезбонлик қилганди. Қизиғи, ўшанда Шри-Ланкадан энг кўп — 115 нафар шахматчи ўз омадини синаб кўрганди. Якунда натижалар ҳам шунга яраша бўлган, албатта.
Бу йил ушбу имконият бизнинг иқтидорларимизга насиб этди. Хусусан, Ўзбекистон жамоаси таркибида 122 нафар шахматчи дона сурди.
Дарвоқе, стандарт, рапид ва блиц йўналишлари бўйича кечган қизғин баҳсларда Ғарбий Осиёнинг 11 мамлакати — Афғонистон, БАА, Бангладеш, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Шри-Ланка, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан 300 дан ортиқ иштирокчи ғолиблик учун мусобақалашди. Муросасиз кечган баҳсларда вакилларимиз рақибларидан бир бош баланд эканини амалда намойиш этиб, сондаги устунликни сифат устунлигига айлантиролди. Айниқса, ёш шахматчиларимиздан Шаҳзод Исломов, Зайнура Абророва, Ҳумоюн Бекмуродов, Шаҳзода Ҳасанова, Афруза Ҳамдамова ўз ёш тоифаларида ёрқин ўйин кўрсатиб, халқаро экспертлар эътиборини қозонгани қувонарли воқелик бўлди.
— Ушбу йирик мусобақанинг юртимизда ўтказилгани зиммамиздаги масъулиятни икки карра оширди, — деди 20 ёшгача ўғил болалар ўртасида рапид йўналиши бўйича олтин медаль соҳиби Шамсиддин Воҳидов. — Турнир мен учун илк сониялариданоқ ҳаяжонга бой тарзда ўтди. Ўша масъулият, босим олтин медални қўлимга олганимда ҳам тарк этмади. Шунга қарамай, ҳар бир партияда ғалабага чорлаб, қўллаб-қувватлаган ота-онамиз, устозларимиз ва мухлисларга ишончи учун ташаккур билдирамиз. Рақибларимиз ҳам анча кучли, маҳоратли шахматчилар эди. Шунга қарамай, биз бир жамоа бўлиб ўйнадик ва биринчи бўлишнинг уддасидан чиқдик.
Мусобақанинг тантанали ёпилиш маросимида ғолиб ва совриндорлар медаллар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Умид қиламизки, ёш шахматчиларимиз шундай юксак натижаларни келаси йилнинг сентябрида Ҳиндистонда ўтказиладиган тўртинчи Ғарбий Осиё чемпионатида ҳам давом эттиради.
Шахматчиларимизни йил сўнгига қадар яна бир қатор мусобақалар кутмоқда. Демак, шахматчиларимизда йилни янада салмоқли натижалар билан якунлаш имкони бор.
Ирода ТОШМАТОВА,
«Ma’rifat» мухбири