Ўзбек шахматининг энг ёрқин ғалабаси
Туркиянинг Кўнё шаҳрида 16 ёшгача ўсмирлар ўртасида жаҳон шахмат олимпиадаси Ўзбекистон терма жамоасининг ёрқин ғалабаси билан тугади. Гроссмейстер Саидали Йўлдошев мураббийлигида Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Россия сингари бир қатор шахмат ривожланган давлатлар терма жамоаларини мағлуб этган ёшларимиз олимпиада чемпиони бўлишди. Таъкидлаш жоизки, бу мамлакатимиз шахмати тарихидаги илк олимпиада олтин медалидир!
Олимпиада чемпионлиги ўз-ўзидан келиб қолгани йўқ. Терма жамоа аъзолари – Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов 5-6 йилдан буён халқаро мусобақаларда кетма-кет муваффақиятлари билан нафақат юртимиз, балки хорижлик мутахассисларнинг ҳам эътирофига сазовор бўлиб келмоқда. Кўпчилик мутахассису мухлислар уларга ўзбек шахматининг олтин авлоди, дея баҳо бермоқда. Бу бежиз эмас.
Айниқса сўнгги икки йил жаҳон шахматида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган ўзбек шахмати учун муваффақиятли бўлди. 2017 йили Нодирбек Абдусатторов жаҳоннинг энг ёш гроссмейстери номига сазовор бўлган бўлса, бу йил Жавоҳир Синдоров ушбу рекордни янгилади. Ўшанда Нодирбек Абдусатторов 13 ёшу 1 ойлигу 11 кунлик бўлганида халқаро гроссмейстер даражасига эришиб, шахмат тарихида россиялик Сергей Карякиндан сўнг иккинчи натижани қайд этган эди. Шу йил ёзда ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳа 12 ёш 10 ойлик ва 13 кунлик бўлганида шундай унвонга эришиб, Нодирбекни 3-ўринга тушириб қўйган эди. Бироз ўтиб эса энг ёш пайти халқаро гроссмейстер унвонига эга бўлганлар рўйхатида 2-ўринга яна Ўзбекистон вакили кўтарилди. Истеъдодли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров 12 ёшу 10 ойлик бўлганидан 7 кун ўтиб, яъни 15 октябрь куни учинчи бор халқаро гроссмейстер нормасини бажарди!
Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов ҳам халқаро гроссмейстер унвонига эришишига бир қадам қолди.
Ўтган йили ўзбек шахмати тарихида илк бор Нодирбек Абдусатторов АҚШда ўтказилган ўсмирлар ўртасида жаҳон терма жамоаси сафида АҚШ терма жамоасига қарши ўтказилган матчда иштирок этиб, жаҳон терма жамоасининг муваффақиятига муносиб ҳисса қўшди.
2017 йили Нодирбек Ёқуббоев Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган Михаил Чигорин хотирасига бағишланган халқаро турнирда 300 нафар шахматчи (20 нафари халқаро гроссмейстер) иштирок этган блиц мусобақасида 1-ўринга сазовор бўлиб, юксак эътирофга сазовор бўлган эди.
Шамсиддин Воҳидов – ўзбек шахмати тарихида жаҳон чемпиони бўлган 4 шахматчидан биридир (Иброҳим Ҳамроқулов – 1998 йил, 16 ёшгача ўсмирлар ўртасида; Рустам Қосимжонов – 2004 йил, олимпия тартибида ўтказилган жаҳон чемпионатида; Нодирбек Абдусатторов – 2012 йил, 8 ёшгача болалар ўртасида; Шамсиддин Воҳидов – 2015 йил, 14 ёшгача ўсмирлар ўртасида).
Терма жамоамизнинг яна бир вакили – Ситора Сапарова ҳам бир неча маротаба Ўзбекистон ва Осиё чемпиони бўлган иқтидорли шахматчи қизларимиздан биридир.
Нодирбек Абдусатторов ва Нодирбек Ёқуббоев шу йили Грузиянинг Батуми шаҳрида ўтказилган катталар ўртасида жаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси сафида муносиб дона сургани, иккаласи ҳам ўзларидан ёши анча катта ва тажрибали бўлган кучли гроссмейстерларга қарши ўйинларда бирон марта ҳам мағлубиятга учрамаганини таъкидлаш ўринли.
Ёшларимиз муваффақияти бардавом бўлишига асослар етарли. Бу йигитлар бундан ҳам юқори натижаларга эришишга қодир. Келгуси жаҳон шахмат олимпиадаларида ушбу истеъдодли ёшларимиз катталар ўртасида ҳам олимпиада чемпиони бўлишига ишонамиз!
Таниқли мураббий Маматқул Хайлаев энг ёш гроссмейстерларимиз Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоровнинг ушбу олимпиададаги илк иштирокини ёдга олди:
– Нодирбек ва Жавоҳирнинг Олимп сари илк қадамлари 2014 йили декабрь ойида Венгрияда қўйилган. Ўшанда Нодирбек 10, Жавоҳир 9 ёшда бўлиб, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақа иштирокчилари орасида энг ёш жамоа эди. Бир қатор кучли терма жамоаларни мағлуб этган болаларимизнинг ўйинига хорижлик мутахассислар юқори баҳо беришганди. Ўз жамоаси қолиб, Ўзбекистон терма жамоаси ўйинини томоша қилишга келувчи мураббийлар, ишқибозлар кўпайиб қолгани кечагидек эсимда. Ўша пайти мамлакатимизда махсус шахмат мактаби очилганлиги, у ерда мана шундай истеъдодли болалар таҳсил олишини Венгрия матбуотига гапириб берган эдим.
Россия терма жамоаси мураббийи гроссмейстер Михаил Кобалиянинг "Шу кетишда давом этса, Ўзбекистон талантлари Россияни ҳам, Ҳиндистонни ҳам ортда қолдиради" деган гапи мана бугун ўз исботини топди.
Бир сафар 9 ёшли Жавоҳир “Мен ҳадеб катта одамлар билан ўйнайвераманми? Бўлди, бошқа ўйнамайман!” деб туриб олди. Зўрға кўндирганмиз. Шу воқеаларга ҳам 4 йил бўлибди. Мана бугун бу йигитлар, Нодирбек Ёқуббоев ҳам, Шамсиддин Воҳидов ҳам Ватанимиз фахрига айланишди. Ситора қизимиз, Саидали Йўлдошев билан биргаликда ўзбек шахмати тарихида қоладиган, кейинги муваффақиятларга туртки бўладиган улкан натижага эришишди.
Ҳусан КАРВОНЛИ