Ўзбек ёшлари — Осиё чемпиони
Шу йилнинг 9—27 январь кунлари Хитойнинг Чанчжоу шаҳрида ўтказилган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси олтин медални қўлга киритганидан хабарингиз бор, албатта. Бу қувонч, бу шодлик ҳали ҳамон юзимизга ёруғлик, қалбимизга илиқлик улашмоқда.
Буни изғирину аёзни писанд қилмай, музаффар футболчиларимизни Тошкент халқаро аэропортида кутиб олишга келган юртдошларимиз қалбида жўш урган фахру ифтихор туйғусидан ҳам билиш мумкин.
Чиндан ҳам, қитъамизнинг энг яхши 16 терма жамоаси орасида тенгсиз бўлган, бунинг устига, миллий терма жамоамиз деярли енголмайдиган Япония ва Жанубий Корея футболчилари дарвозасига тўрттадан гол ура олган ёшларимиз ҳар қанча эъзозу эътирофга лойиқ. Ўзбек футболчилари халқаро спорт жамоатчилигига ўз салоҳиятини, Ўзбекистондек қудратли юрт фарзандлари нималарга қодир эканини яна бир карра исботлади.
«А» гуруҳига жойлашган футболчиларимиз илк учрашувда қатарлик тенгдошларига ютқазиб қўйди. Аммо кейинги матчларда вазиятни ўнглаб, Хитой ва Уммон ёшларини енгган ҳолда гуруҳда 2-ўринни эгаллади. Чорак финалда Равшан Ҳайдаров шогирдлари кунчиқар юрт терма жамоаси билан куч синашиб, йирик — 4:0 ҳисобида устун келди.
Ярим финалда Жанубий Корея вакиллари тўсиғидан ўтишга тўғри келди. Финал йўлланмасидан кўра кўпроқ «ўзаро ҳисоб-китоб»га эътибор қаратилган учрашувда вакилларимиз воқеалар ривожини пенальтилар сериясига олиб бормай, ижобий ҳал қилди — 4:1. Шу тобда барча мағлубиятларимиз эсдан чиқди.
Ҳал қилувчи баҳсда юртдошларимиз кейинги йилларда футболи сезиларли даражада ривожланаётган веьтнамликларга қарши тўп тепди. Финалдаги босим, хавотир ва масъулиятдан кўра кўпроқ ноқулай об-ҳаво шароити жамоаларни қийнади. Ҳатто ўйин ярмида бизнинг жамоа майдонни буткул оппоқ қор қоплагани боис оқ рангли футболкаларини кўк либосга алмаштиришга мажбур бўлди. Энг қизиғи, ҳаммаси пенальтилар сериясига қараб кетаётганда захирадан эндигина тушган Андрей Сидоров тўпни дарвозага тўғрилаб, Ўзбекистон ёшларининг тарихий натижасига улкан ҳисса қўшди: якуний ҳисоб 2:1 — ғалаба!
Ёшларимиз Осиё чемпионатининг бош совринига, терма жамоамиз ярим ҳимоячиси Одилжон Ҳамробеков Осий футбол конфедерациясининг «Энг фойдали футболчи»сига аталган “Тoyota” компаниясининг пул мукофоти — 20 000 АҚШ долларига эга бўлди. Асосийси, ана шу азамат ўғлонларимиз тимсолида тобора сўниб бораётган умидлар, орзулар қайта куртак ёзди, эртанги кунга ишонч туғилди.
Пойтахтимиздаги «Ўзбе¬кис¬тон» меҳмонхонасида ғолиб спортчиларимизни шарафлашга бағишланган маросимда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчиларнинг ота-оналари, яқинлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди. Улар футболчиларимизнинг улкан ғалабаси ҳар бир юртдошимиз қалбига улкан шодлик бахш этиб, фахр-ифтихор туйғуларини жўш урдирганини таъкидлади.
Бир кун олдин Президентимиз музаффар ёшларимизга табрик йўллаган бўлса, энди терма жамоамиз аъзоларининг ҳар бирига Президентимиз совғаси — «Malibu» автомобиллари топширилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов сўзга чиқди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг раиси Қ.Қуронбоев иштирок этди.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири