Қишлоқ ёшлари учун кенг имконият
Жисмонан соғлом ва маънан етук ёшлар жамиятнинг бойлиги. Навқирон авлод вакилларининг баркамол улғайишида спорт ва жисмоний тарбиянинг ўрни катта. Шу боис давлатимиз раҳбари мустақилликка эришган илк кунларимиздан болалар спортини ривожлантиришга улкан эътибор қаратди. Пировардида бугун чекка қишлоқларимизда ҳам ўқувчиларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун барча шароитлар яратилди.
Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан деярли барча таълим масканларида спорт заллари ҳамда гимнастика хоналари барпо этилди. Барча қулайликларга эга спорт иншоотларида оддий қишлоқ ёшлари ўз маҳоратларини ошириб, катта мусобақаларга тайёргарлик кўрмоқда.
Қирқ — Бахмал туманининг чекка ҳудудида жойлашган қишлоқ. Икки қаватли бинодан иборат 18-мактаб ушбу ҳудуддаги энг кўркам иншоот. 500 ўринга мўлжалланган бағрикенг ўқув даргоҳида 695 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Мактабда барча фанлар қатори жисмоний тарбия машғулотлари ҳам юқори савияда ўтказилмоқда. Ўқувчиларнинг дарсда олган назарий билимларини мустаҳкамлаш ва жисмоний кўникмаларини янада оширишда спорт тўгаракларининг ёрдами катта бўлмоқда. Айниқса, 12х24 метр ҳажмдаги спорт зали ҳамиша ўқувчилар билан гавжум. Улар дарсдан бўш вақтлари ўзлари истаган тўгарак машғулотларида иштирок этмоқда.
Гулнора Низомиддинова 9-синфда ўқийди. У кўп йиллардан буён енгил атлетика тўгарагига аъзо. Турли масофаларга югуриш, узунлик ва баландликка сакраш сирларини ўрганмоқда. Бир неча йилдан буён «Умид ниҳоллари» спорт ўйинларида иштирок этади. Бу йил ҳам Гулнора югуриш мусобақаларининг туман босқичида 1-ўринни эгаллаб, вилоят босқичига пухта ҳозирлик кўраяпти.
— Спорт залимизда йилнинг тўрт фаслида ҳам жисмоний тарбия машғулотларини олиб бориш имкони мавжуд, — деди Гулнора Низомиддинова. — Болалигимдан югуриш мусобақаларини яхши кўраман. Ҳозир малакали жисмоний тарбия ўқитувчилари менга яқиндан ёрдам бермоқда. Келгусида халқаро беллашувларда омадимни синаб кўрмоқчиман. Орзуга айб йўқ, дейишади-ку ахир. Келгусида чемпион бўлиб қишлоқ қизларининг ҳам қанчалик кенг имкониятга ва салоҳиятга эгалигини намойиш этаман.
Чиндан ҳам, мактабда ўқувчи-ёшларнинг чемпионлик орзусини амалга ошириш учун имкониятлар мавжуд. Спортнинг 6 тури бўйича фаолият юритаётган тўгаракларда ўғил-қизлар мунтазам машғулот ўтказади. 4 нафар жисмоний тарбия ўқитувчиси болаларга зарур билим ва кўникмаларни бермоқда. Енгил атлетика, мини футбол, волейбол бўйича ўтказилаётган турнирларда ўқувчилар совринли ўринларни қўлга киритмоқда. Бунда жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Акрам Жувашовнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. У машғулотларни қизиқарли ташкил этиш, болаларни спортга қизиқтиришга кўпроқ эътибор беради. Бу эса тўгаракларга ўқувчиларни жалб этишнинг асосий омили бўлмоқда.
Ўрни келганда шуни айтиш керакки, спорт иншоотидан фақат мактаб ўқувчилари эмас, қишлоқ ёшлари ҳам фойдаланади. Айниқса, хотин-қизларнинг жадвал асосида спорт тўгаракларига қатнаб, соғлом турмуш тарзига амал қилаётгани қувончли ҳолдир. «Соғлом она ва бола йили» муносабати билан қишлоқ хотин-қизлари ўртасида мусобақалар ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Абдусаттор СОДИҚОВ,
«Ma’rifat» мухбири