Сара спортчилар мактаби
Пойтахтимизда жойлашган Халқ таълими вазирлигининг сув спорти турлари бўйича республика олимпия захиралари болалар ва ўсмирлар ихтисослаштирилган спорт мактабида муайян ютуқларни қўлга киритаётган ўғил-қизлар талайгина.
Шу йилнинг 23-24 январь кунлари Италияда бўлиб ўтган «Flanders Speedo Cup — 2016» халқаро мусобақасида мазкур спорт мактаби тарбияланувчилари Владислав Мустафин, Данил Тулупов, Данил Букин муносиб иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
1992 йили ташкил топган мазкур спорт масканида айни пайтда сув спортига қизиқувчи 272 нафар тарбияланувчи шуғулланмоқда. Шунингдек, яна 112 нафар ўғил-қиз ўринбосарлар сафини ташкил этган. Улар ҳам шу мактабда, мавжуд шароитлардан фойдаланган ҳолда маҳоратини ошириб келмоқда.
Спорт-соғломлаштириш масканида сузиш, сувга сакраш ва сув полоси бўйича машғулотлар олиб борилади. Уларда қатнашиш учун 7 ёшдан юқори ўғил-қизлар қабул қилинади.
— Мактабимизнинг энг асосий мақсади — сув спорти турлари бўйича мамлакатимиз терма жамоаларини моҳир спортчилар билан таъминлаш, — деди директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Дилшод Мақсудов. — Қувонарлиси, сув спортининг учала тури бўйича шакллантирилган терма жамоалар таркибида спортчиларимиз кўпчиликни ташкил этади. Мактабимизда иккита сув ҳавзаси ва битта спорт зали, ювиниш ва кийиниш, тиббиёт ҳамда мураббийлар хоналари мавжуд. Бундан ташқари, Гулистон ва Олмалиқ шаҳарларида филиалларимиз фаолият юритади. Машғулотлар ўтказишда пойтахтимиздаги 8та спорт мактаби билан ҳамкорлик қиламиз. Италияда бўлиб ўтган халқаро мусобақада тарбияланувчиларимиздан В.Мустафин брасс усулида 50 ва 100 метрга сузиш баҳсларида барча рақибларини ортда қолдириб, мусобақанинг олтин медалини қўлга киритган бўлса, Д. Тулупов ҳамда Д.Букин ўз йўналишларида совриндорлар сафидан жой олди. Иқтидорли спортчимиз В.Мустафин дунё рейтингида 27-ўринга кўтарилгани қувонарли, албатта. Шунингдек, Достон Ботиров ҳам сувга сакраш бўйича яхши натижаларга эришмоқда. Бу йил Бразилияда сузиш бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтиши режалаштирилган. Спортчиларимиз ушбу мусобақада ҳам муваффақият қозонади, деган умиддамиз.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
«Ma’rifat» мухбири