Спорт тўгаракларида тарбияланаётган чемпионлар
Юртимизда спортга, айниқса, болалар спортига катта эътибор қаратилмоқда. Буни ёш спортчиларнинг машғулотларда мунтазам қатнашишлари учун яратилган қулай шароитлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Ҳудудлардаги умумтаълим мактабларининг мавжуд спорт заллари замонавий спорт анжомлари билан таъминлангани, янги спорт заллари қуриб фойдаланишга топширилаётгани мамлакатимизда спорт соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини кўрсатиб турибди. Президентимиз ташаббуси билан 2016 йилнинг Соғлом она ва бола йили деб эълон қилиниши бу борадаги амалий ишларни янги босқичга олиб чиқди.
Бугунги кунда 6—15 ёшли болалар ва ўсмирлар 59 спорт тури бўйича ташкил этилган спорт тўгаракларида машғулотлар олиб бормоқда. Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, аҳолини оилавий тарзда мунтазам спорт машғулотларига жалб этиш каби эзгу мақсадларни кўзлаб қилинаётган ишлар миллат генофондини янада соғломлаштириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, уч босқичли спорт мусобақаларини ўтказиш анъанага айланиб бораётгани ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини доимий спорт машғулотлари билан банд қилиш имконини бераяпти. Биргина умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган «Умид ниҳоллари» спорт мусобақалари қанчадан-қанча ёш чемпионларни кашф этиб, болалар кўнглида спортга бўлган қизиқишнинг ортишига сабаб бўлмоқда.
— Мактабимизда ўнга яқин спорт тўгараги фаолият кўрсатади, — дейди пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 20-умумтаълим мактаби жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Иброҳим Муродов. — Уларда 350 нафар ўқувчи спорт билан шуғулланиб келмоқда. Юртбошимиз 11 февраль куни Оқсаройда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида «Фарзандларимиз биз учун мутлақо янги бўлган бадиий гимнастика, сузиш, синхрон сузиш, теннис, таэквондо, дзюдо, каратэ, ватерпол, эшкак эшиш каби спорт турлари бўйича мунтазам шуғулланаётгани, қитъа ва жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, юқори шоҳсупаларга кўтарилаётгани ҳар қандай одамни ҳайратда қолдиради» дея таъкидлаб ўтдилар. Дарҳақиқат бугун мактаб спорт залларида шуғулланиб, чемпионлик сари дадил қадам ташлаётган ёшларимиз эришаётган муваффақиятлар барчамизни, айниқса биз мураббийларни қувонтиради.
Малакали мураббийлар қўл остида машғулот олиб бораётган ўғил-қизларимиз қатор мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олмоқда. «Умид ниҳоллари» спорт беллашувларининг туман босқичида мактабимизнинг 4-синф ўқувчиси Мумтоза Миртожиева шахмат баҳсларида барча рақибларини енгиб, 1-ўринни қўлга киритган бўлса, қўл тўпи бўйича 5—7-синф ўқувчилари ўртасида кечган муросасиз ўйинларда мактабимизнинг қизлар жамоаси кучли учликдан жой олди. Бундан ташқари сузиш беллашувларида Шаҳзод Каримов ва Шаҳзод Муҳаммедов сингари ўқувчиларимиз муваффақиятли иштирок этди.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
«Ma’rifat» мухбири
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ олган суратлар.