Жаҳон чемпионатига бир қадам
Хабарингиз бор, пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» ва «Универсал» спорт мажмуаларида мини-футбол бўйича навбатдаги Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда.
Нуфузли мусобақада тажрибали мураббий Хосе Мария Мендез устозлик қилаётган ҳамюртларимиз ҳам қатнашиб, мухлислар ишончини оқламоқда.
Хусусан, Осиё чемпионати «А» гуруҳи, 3-тури доирасида Ўзбекистон ва Ливан терма жамоалари ўртасида кечган учрашувда вакилларимиз 2:0 ҳисобида зафар қучди ва 9 очко билан ўз гуруҳида 1-ўринни эгаллаб, чорак финалга йўлланма олди.
Жамоамизнинг ярим финал йўлидаги рақиби сўнгги учрашувда чемпионатнинг энг кучли жамоаларидан бири Эронга 2:13 ҳисобида имкониятни бой бериб, «В» тўртлигида 2-ўринни олган Ироқ термаси бўлди. Албатта, бугун мини-футбол борасида катта тажрибага эга эронликлар билан тенгма-тенг курашиш мушкул. Қолаверса, гуруҳнинг сўнгги тур баҳсларига старт берилишидан олдин ким нечанчи ўринни эгаллаши маълум бўлиб улгурган квартетда охирги ўйин на эронликлар, на ироқликлар учун аҳамиятли эди.
Бу фикримизни Ироқ терма жамоаси мураббийи Хайсам Аббос ҳам таъкидлади: «Биз аввало бугунги ўйиндан кўра, чорак финал учрашуви ҳақида ўйладик. Шу сабабли жароҳат олган футзалчиларимизни асрадик. Қолаверса, шогирдларим агар 3-турда ҳам очко олишга интилса, доимгидан кўпроқ тер тўкиши лозим эди. Биз эса бу кучни чорак финалдаги ўйинга сақлашни муҳим деб билдик».
Ўзбекистон футзалчилари мураббийси Х.Мендез ҳам ўз фикрларини билдирди: «Ироқликлар сафида тўп сураётган 12 нафар ўйинчи клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашган. Хитойдек жамоани 1-турда 6:0 ҳисобида енгди. Кўриниб турибди, анча мукаммал ва кучли таркибга эга жамоа. Аммо бизнинг йигитлар ҳам Колумбияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатида қатнашишни жуда истайди. Бундан фақат мухлислар фойда кўради: улар галдаги шиддатли баҳсимизга гувоҳ бўлади».
Учрашувда мамлакатимиз терма жамоаси шарафини тажрибали футзалчиларимиз Рустам Умаров, Дилшод Раҳматов, Фарҳод Абдумавлонов, Артур Юнусов, Константин Свиридов, Дилшод Ирсалиев, Нодир Элибоев, Феруз Фахриддинов, Даврон Чориев, Жавлон Аноров, Андрей Шлема, Жамолиддин Шарипов, Акмал Ҳазратқулов, Клим Тюгаев ҳимоя қилади.
Шунингдек, ярим финал йўлланмаси учун Эрон ва Қирғизистон, Таиланд ва Австралия, Япония ва Вьетнам терма жамоаси ўзаро куч синашади.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири