Соғлом оилалар фестивали
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Жиззах шаҳар кенгаши томонидан «Соғлом оила» спорт мусобақаси ўтказилди. Жиззах шаҳридаги 19-умумтаълим мактаби спорт мажмуасида ташкил этилган беллашувда қуйи босқичларда ғолибликни қўлга киритган оилавий жамоалар миллий ва ҳаракатли ўйинларнинг саккиз тури бўйича ўзаро беллашди.
Маҳаллаларда соғлом муҳитни шакллантириш, оилаларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш мақсадида ўтказилган мусобақа «Соғлом оила — юрт таянчи» шиори остида ташкил этилаётган «Отам, онам ва мен — спортчилар оиласи», «Биз — соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз» каби оилавий спорт мусобақаларининг мантиқий давоми бўлди. Мусобақада 8 ёшдан 12 ёшгача фарзанди бор оилалар икки гуруҳга бўлинган ҳолда беллашди. Жамоалар «Югуриш, акробатика элементлари ва тўпни нишонга отиш», «Чаққонлик ва мерганлик», «Моҳир ҳужумчи», «Қаддимизни ростлаймиз, сакрашни бошлаймиз!», «Тезлик», «Эпчиллик», «Бир жамоа», «Арқон тортиш» каби шартларда ўз маҳоратини намоён этди.
— Танловда 30дан ортиқ иштирокчи орасидан сараланган бешта жамоа шаҳар босқичида иштирок этди, — дейди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Жиззах шаҳар кенгаши раиси Рустам Исоқов. — Ушбу мусобақадан кўзланган асосий мақсад турли ташкилот, корхона ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, саломатлигини мустаҳкамлашга кўмаклашишдан иборат.
Якуний натижаларга кўра, биринчи гуруҳ бўйича шаҳардаги 14-мактаб ўқитувчиси Дилшод Маҳмудов оиласига тенг келадигани топилмади. 2-мактаб ўқитувчиси Суннат Маҳкамов оиласи 2-ўринни банд этган бўлса, Рустам Абдуллаев оиласи (12-мактаб) 3-ўринга лойиқ деб топилди. Иккинчи гуруҳ ўртасида эса 5-мактабдан Исмоил Исроилов оиласи ғолибликни қўлга киритди. Оилавий спорт мусобақасида 1-ўринни қўлга киритган жамоалар вилоят босқичида иштирок этиш йўлланмасига эга бўлди. Ғолиб жамоаларга ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
***
Самарқанд вилояти Оқдарё туманида ҳам оилавий спортчилар мусобақаси муросасиз баҳсларга бой ўтди. Тумандаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби спорт залида ташкил қилинган беллашувда турли соҳаларда ишлаб келаётган ишчи-ходимларнинг оилавий спорт жамоалари мусобақалашди. Барча қулайликларга эга спорт залида, ажойиб муҳит остида куч синашган жамоаларни мухлислар қўллаб-қувватлаб турди.
— Биз якка ва оилавий ҳолда кўплаб мусобақаларда қатнашганмиз. Лекин бу галги мусобақа бошқача бўлди, — деди тумандаги 43-умумтаълим мактаби оилавий жамоаси вакили Исмоил Бердиёров. — Фарзандларимизни спортга ошно этиш муҳимлигини бугун янада чуқурроқ англадим. Уларга бу борада аввало биз ота-оналар ўрнак бўлишимиз керак.
Мусобақа натижаларига кўра, Нуриддиновлар ва Бердиёровлар оиласи 1-ўринни қўлга киритиб, вилоят босқичи йўлланмасини қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
***
Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 19-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ҳам мазкур мусобақа қизғин руҳда бўлиб ўтди. Унда спортга ошно 12 оилавий жамоа куч синашди. Улар тенг иккига (ўғил бола ва қиз бола фарзандли жамоаларга) бўлинган ҳолда гуруҳ беллашувларида иштирок этди. Беллашув шартларини муваффақиятли бажарган Ўринбоевлар (ўғил бола фарзандли) оиласи ҳамда Мадраҳимовлар (қиз бола фарзандли) оиласи мусобақанинг шаҳар босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Бундан ташқари, 2-, 3-ўринлар ҳамда қатор номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Чарос ЁҚУБОВА,
Акмал МАННОНОВ
Бурҳон РИЗОҚУЛОВ олган суратлар.