Болалар спорти истиқболлари
Миллий матбуот марказида Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2002 йилда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, юртимизда болалар спортини оммалаштириш, иқтидорли ўқувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, замонавий спорт иншоотларини қуриш ва уларни жиҳозлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
— Спорт мажмуаларининг деярли барчаси юртимизда ишлаб чиқарилган спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозланмоқда, — деди Болалар спорти иншоотларини спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш бўлими бошлиғи Соҳиб Аҳмадов. — Жорий йилда 2004—2015 йилларда фойдаланишга топширилган спорт иншоотлари ва умумтаълим мактабларининг спорт залларини қайта жиҳозлаш бўйича манзилли дастурга киритилган 212та спорт иншооти ва 6892та умумтаълим мактаби спорт заллари 28,3 млрд сўмлик 93 номдаги спорт анжомлари билан жиҳозланади.
Жамғарма томонидан 2003—2015 йиллар мобайнида жами 2205та иншоот, шундан 1922 спорт иншооти, 283 болалар мусиқа ва санъат мактаблари қурилиб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бу иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг нуфузли халқаро спорт мусобақаларида иштирокини таъминлашдир. Ўтган 2003—2015 йиллар мобайнида жамғарма томонидан спортчи ёшларимизнинг АҚШ, Германия, Австрия, Италия, Испания каби қатор хорижий давлатларда дзюдо, таэквондо ВТФ, стол тенниси, шахмат, шашка, енгил атлетика, спорт акробатикаси, спорт гимнастикаси, бадиий гимнастика, сузиш, сув полоси, гандбол, баскетбол, юнон-рум кураши ва эркин кураш, футбол, бокс бўйича ўтказилган нуфузли халқаро спорт мусобақаларида қатнашиши таъминланди. Ўғил-қизларимиз мазкур мусобақаларда 716 олтин, 534 кумуш ва 636 бронза, жами 1886 медалга сазовор бўлди.
Ҳар йили спорт билан шуғулланаётган 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўқувчи қизларга Президент совғаси сифатида спорт кийимлари топширилиши анъанага айланган. Бу қизлар ўртасида спортнинг янада оммалашиши, уларнинг соғлом, бақувват бўлиб улғайишида муҳим омил бўлмоқда. Бугун юртимизда 1 миллиондан ортиқ қизлар спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Жорий йилда ҳам 156423 нафар қизларимизга замонавий дизайн асосидаги 12 турдаги спорт либосларини кенг жамоатчилик иштирокида тантанали равишда топшириш режалаштирилган.
Матбуот анжуманида Халқ таълими вазирлиги ва Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси мутасаддилари эришилган ютуқлар билан биргаликда ечимини кутаётган муаммолар, уларни ҳал этиш чоралари, шунингдек, келгуси режалар хусусида ҳам фикр юритишди.
Шавкат ХЎЖАҚУЛОВ