Эътибор ва рағбат янги ижодий марраларга чорлайди
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида халқимизнинг эзгу орзу-интилишларини ифода этадиган янги байрамлар, қадрият ва анъаналар шаклланди. Уларнинг орасида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни алоҳида ўрин тутади.
Чунки оммавий ахборот воситалари ходимлари – доимо ҳаёт билан ҳамнафас бўлиб яшайдиган, жонкуяр журналистлар, режиссёр ва операторлар, нашриёт ва матбаа соҳалари фидойилари меҳнатидан барчамиз деярли ҳар куни баҳраманд бўламиз. Телерадио каналлари, газета ва журналлар, интернет тармоғи орқали уларнинг қизиқарли ва ҳаяжонли материаллари билан танишганда қалбимизда бу олижаноб касб эгаларига нисбатан алоҳида меҳр ва миннатдорлик туйғулари пайдо бўлади. 27 июнь санаси ана шу меҳримиз, табрикларимизни билдириш учун имкон берадиган айём сифатида ҳаммамизнинг кўнглимиз, юрагимизга яқин байрамдир.
Бу йилги касб байрамининг Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик шонли санасига тайёргарлик ишлари қизғин паллага кирган бир пайтда ўтаётгани унга янада чуқур мазмун, файзу тароват бағишламоқда.
Шу йил 27 июнда Ўзбек Миллий академик драма театрида Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан бўлиб ўтган байрам анжуманида ҳам бу фикрлар алоҳида таъкидланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ноширлар, матбаачилар, соҳа ривожига катта ҳисса қўшган меҳнат фахрийлари, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Ў.Мирзаёров, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Андижон вилояти
бўлими раиси Н.Саидов, “Жаҳон адабиёти” журнали ходими С.Алижонова ва бошқалар миллий матбуот соҳасини изчил, босқичма-босқич ривожлантириш, унинг сифати ва самарадорлиги, таъсирчанлигини ошириш масаласи доим давлатимиз раҳбарининг диққат марказида бўлиб келаётганини таъкидладилар.
Миллий матбуотимиз вакилларининг мамлакатимизда ва дунёда бўлаётган ўзгариш ва янгиликларни ҳаммамизга тезкорлик билан етказиш борасидаги шарафли ва машаққатли меҳнатига юксак баҳо берилиб, бугунги шиддатли замонда миллий журналистикамиз олдида турган долзарб вазифалар аниқ кўрсатилгани, бугунги ва эртанги ҳаётимиз учун беқиёс аҳамиятга эга бўлган бундай фикр ва ғоялар нафақат журналистика соҳаси, балки бутун жамиятимиз ривожи учун муҳим аҳамиятга эга экани тадбир иштирокчилари томонидан алоҳида қайд этилди.
Маълумки, юртимизда мустақиллигимизнинг биринчи кунларидан бошлаб оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётида тутган ўрни ва ролини, уларнинг фаолияти самарасини янада ошириш, медиа тармоқларининг ҳуқуқий, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантиришга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.
Айниқса, давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари мамлакатимизнинг ахборот маконида мутаносиб ривожланиб боришига алоҳида эътибор берилмоқда. Бунинг тасдиғини охирги йилларда электрон ва босма оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджети ҳисобидан кредитлар, ижтимоий буюртма ва давлат грантлари шаклида 14 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилгани ва бошқа мисолларда яққол кўриш мумкин.
Агар мустақилликка қадар Ўзбекистонда 395 та оммавий ахборот воситаси мавжуд бўлган бўлса, ўтган даврда уларнинг сони 3,6 карра кўпайиб, ҳозирги вақтда 1 минг 400 тадан зиёдни ташкил этмоқда. 1991 йилгача юртимизда бор-йўғи 1 та телеканал ва 2 та радиоканал фаолият кўрсатар эди, холос. Бугунги кунда биргина Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимида 14 та телеканал, 4 та радиоканал ва 12 та ҳудудий телерадиокомпания иш олиб бормоқда. Хусусий теле ва радиоканалларни қўшиб ҳисоблаганда, уларнинг умумий сони қарийб 100 тани ташкил этмоқда.
Анъанавий матбуот воситалари бўлган газета-журналлар, телерадиоканаллар билан бирга энг замонавий ва илғор медиа тармоқлари, авваламбор, интернет журналистикаси, нодавлат оммавий ахборот воситалари миллий ахборот майдонимизда тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бормоқда.
Ҳозирги пайтда аҳолининг тезкор ва ҳаққоний ахборот олишга бўлган эҳтиёжини юксак даражада таъминлаш, телекўрсатувларнинг мазмуни ва сифатини ошириш мақсадида мамлакатимизда рақамли телевидениега ўтиш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилмоқда. Кейинги беш йилда бу борадаги кўрсаткич 52 фоиздан 76 фоизга ўсгани ушбу йўналишдаги ишлар жадал суръатларда олиб борилаётганидан дарак беради.
Юртимизда интернет журналистикасини ривожлантириш бўйича ҳам кенг имкониятлар яратилмоқда. Бунинг натижасида UZ доменида оммавий ахборот воситаси сифатида фаолият кўрсатаётган веб-сайтларнинг сони охирги 5 йилда икки баробар ортиб, 360 дан зиёдни ташкил этгани диққатга сазовордир.
Истиқлол йилларида матбаа корхоналари сони ўн баробардан зиёд кўпайиб, 1 минг 746 тага етгани, бу эса йилига 7 та тилда 45 миллион нусхадан ортиқ китоб чоп этиш имконини бераётгани Ўзбекистон босма оммавий ахборот воситаларининг салоҳияти тобора кучайиб бораётганини кўрсатади.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ташкил этилган “Йилнинг энг фаол журналисти” кўрик-танловининг ғолиб ва совриндорлари тақдирланди. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан мамлакатимизда спортни янада оммалаштиришда фаоллик кўрсатган спорт журналистларига эсдалик совғалари ва дипломлар топширилди.
Мукофотланганлар номидан сўзга чиққан “Дунё бўйлаб” телеканали катта муҳаррири У.Ҳамроқулов, “Нукус ҳақиқати” газетаси мухбири Н.Мамбетиризаева, “Учитель Узбекистана” газетаси мухбири А.Терехина ва бошқалар миллий матбуот соҳасини изчил ривожлантириш, соҳа ходимларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, янги-янги ижодий марралар сари руҳлантириш ва уларга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирдилар.
Тадбир сўнгида атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўлмас Умарбеков асари асосида Ўзбек Миллий академик драма театрида саҳналаштирилган “Кузги мактублар” спектакли намойиш этилди.
Шу куни пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари учун байрам сайли бўлиб ўтди.
ЎзА