Илк медаллар қўлга киритилди
Хабарингиз бор, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида XXXI ёзги Олимпия ўйинлари бошланди. Тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт фестивалида дунёнинг 207 мамлакатидан 10 200дан зиёд атлет спортнинг 28 тури бўйича жами 306 медаллар жамланмаси учун майдонга чиқади. Улар орасида мустақил Ўзбекистонимиз шарафини ҳимоя қилаётган моҳир спортчиларимиз ҳам бор.
«Маракана» стадионида ўтказилган очилиш маросимида вакилларимиз ҳам миллионлаб нигоҳлар қадалган олимпия йўлакчасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини баланд тутган ҳолда шахдам қадамлар билан ўтганига гувоҳ бўлиб, қалбимиз фахру ифтихорга тўлди.
Ўзбекистондан Рио-де-Жанейро шаҳрига борган спортчиларимиз академик эшкак эшиш, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, трамполин, ўқ отиш, эркин ва юнон-рум кураши бўйича ўтказиладиган баҳсларда иштирок этаяпти.
Албатта бундай улкан мусобақада қатнашиш, совринли ўринлар учун курашиш спортчидан катта тажриба ва маҳорат, мустаҳкам ирода ва қатъият талаб этади. Бунинг учун аввало шароит муҳайё қилинган бўлиши лозим. Президентимизнинг 2013 йил 25 февралдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ спортчиларимизнинг маҳорати ва тажрибасини ошириши учун халқаро майдондаги нуфузли мусобақаларда қатнашиши, хорижий давлатларда ўқув-машғулот йиғинлари ўтказишига зарур шарт-шароит яратилди. Халқимиз кўз тиккан атлетларимиз олимпиада саралаш мусобақалари ва бошқа халқаро турнирларда ўзларини синовдан ўтказди. Улар эришган юқори натижалар юртдошларимизда катта ишонч ва умид уйғотди.
Қолаверса, Президентимизнинг 2016 йил 12 июлдаги Ўзбекистон Республикаси спортчиларининг 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёргарлиги ва иштироки тўғрисидаги қарорига асосан, Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари — Ўзбекистон спортчиларини муносиб рағбатлантириш, уларнинг Ватанимиз спорти шон-шуҳратини оширишга қўшган ҳиссасини муносиб тақдирлашга алоҳида эътибор қаратилганини ҳам таъкидлаш лозим.
Ўзбекистон спортчилари ёзги Олимпия ўйинларига бу йил ҳар доимгидан ҳам ўзгача кайфиятда йўл олди. Боиси «Рио-2016» олимпиадаси жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида ўтказилмоқда. Энг улуғ, энг азиз байрамга муносиб совға тайёрлаш, ўзбекистонликлар қалбидаги шодликни янада юксалтириш Бразилияда муҳим синовлар палласида турган спортчиларимизнинг асосий орзусига, мақсадига айланган. Бу йилги Олимпия ўйинларига вакилларимиз “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган шиорни қалбига жо айлаб йўл олгани ҳам бежиз эмас.
Қувончлиси, спортчиларимиздан икки нафари ўз ҳисобига медаль ёзиб қўйишга ҳам улгурди. Айтиш керакки, доимгидек илк муваффақиятга дзюдочиларимиз эришди. Диёрбек Ўрозбоев ҳамда Ришод Собиров ўз вазн тоифаларида бронза медалга сазовор бўлди.
Дзюдо бўйича ўтказилган илк кунги беллашувларда Диёрбек 60 килограмгача бўлган вазнда гиламга чиқиб, австралиялик Жошуа Катц, швейцариялик Людовик Чаммартин, бразилиялик Фелипе Китадаи ва грузиялик Амиран Папинашвилини енгди ва 3-ўринни эгаллади.
Вазни 66 килограмгача бўлган полвонлар беллашувида эса дзюдо бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Пекин ва Лондон Олимпиадалари совриндори Ришод Собиров навбатдаги бронза медалини қўлга киритиб, мухлисларни қувонтирди. Ришод баҳсларда беларуслик Дмитрий Шершан, арубалик Жейм Мата, доминиканлик Уандер Матео ва словениялик Адриан Гомбоцдан устун келди.
Шунингдек, боксчиларимиз ҳам нуфузли мусобақада кутилганидек иштирок этмоқда. Хусусан, олимпиадага биринчилардан бўлиб йўлланма олган тажрибали боксчимиз Хуршид Тожибоев (60 кг) илк жангини қатарлик Ҳакан Эрескерга қарши ўтказиб, уни енгди. Кеча чорак финал йўлланмаси учун британиялик Жозеф Кординага қарши рингга чиқиб яна ғалаба қозонди. 69 килограмм вазнга эга Шаҳрам Ғиёсов эса испаниялик Йоуба Ндьяе Сиссокони мағлуб этди ва эндиги жангни литвалик Эймантас Станионисга қарши ўтказади.
Кеча ўтган олимпиада баҳсларида академик эшкак эшиш бўйича Шаҳбоз Холмурзаев «А» гуруҳида 1-йўлакда кимўзарда қатнашди. Оғир атлетикачимиз Достон Ёқубов КХДР, Таиланд, Колумбия, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Хитой Тайпейи ва Испания вакиллари жой олган «В» гуруҳида баҳсга киришди.
Зоҳиджон ХОЛОВ