Ўзбекистон спортчилари ҳеч кимдан кам эмас!
Олимпиадачиларимиз мустақиллигимизнинг 25 йиллигига ажойиб совға тайёрламоқда!
Хушхабарнинг қўш қаноти бор, дейишади. Бир кун олдин Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида давом этаётган XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг бокс бўйича вазни 49 килограммгача бўлган боксчилар қарама-қаршилигида ўзбек ўғлони Ҳасанбой Дўстматов олтин медални қўлга киритиб, Олимпиада чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлган эди. Кеча иқтидорли оғир атлетикачимиз, жаҳон чемпиони, Ўзбекистон ифтихори Руслан Нурудинов делегациямиз ғазнасига иккинчи олтин медални туҳфа этди.
Энг қувонарлиси, ҳали олимпиада баҳслари якунига етмай туриб, мустақил Ўзбекистонимиз делегацияси ўз тарихида олимпия ўйинларидаги энг яхши натижасини қайд этишга улгурди. Боиси, шу кунгача энг омадли олимпия ўйинлари дея эътироф этиладиган 2004 йили Афина шаҳрида кечган тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт мусобақалари терма жамоамиз аъзолари 2 олтин, 1 кумуш ва 2 бронза медални қўлга киритганди. Рио-де-Жанейро шаҳрида давом этаётган олимпия ўйинларида эса 2 олтин ва 4 бронза расмийлаштирилди. Шунингдек, умидли боксчимиз Шаҳрам Ғиёсов ўз вазн тоифасида финалга чиқди — бу камида кумуш медал нақд, дегани. Осиё чемпиони Бектемир Мелиқўзиев эса ярим финалга йўл олди ва бронза медалга лойиқ ишни амалга ошириб бўлди. Албатта, мазкур спортчиларимиздан ҳам кумуш ёки бронза эмас, балки олтин медаллар кутамиз. Қолаверса, олдинда майдонга чиқишини кутиб турган умидли вакилларимиз кўп, уларда ҳам ғолиблар қаторидан жой олиш учун куч ва маҳорат етарли.
Келинг, энди икки оғиз чемпионларимиз ҳақида тўхталсак. Бразилияда биринчи бўлиб юртимиз мадҳияси янграши ҳамда байроғимиз музаффар ҳилпирашига ҳисса қўшган Ҳасанбойнинг ёрқин ғалабаси миллионлаб юртдошларимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларини уйғотди. Унинг муваффақиятини фақат ота-онаси, устозлари ва яқинлари эмас, балки бутун халқимиз улкан ҳаяжон билан кузатди. Шу куни сайёрамизнинг энг нуфузли спорт байрамида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган, жуссаси кичик бўлса ҳам муштлари қаттиқ, зарбалари залворли Ҳасанбой тимсолида юртимизда камол топаётган ёшлар — навқирон авлод вакилларининг куч ва салоҳият, истеъдод ва маҳорат бобида ҳеч кимдан кам эмаслигига ва ҳеч қачон кам бўлмаслигига яна бир бор амин бўлдик.
Бу ғалаба у туғилиб ўсган Андижон вилоятининг Булоқбоши тумани Кулла қишлоғида, айниқса, байрамга айланиб кетди. Ҳасанбойнинг финалга чиққанини эшитиб, узоқ-яқиндан Ҳайитбоевлар хонадонига мухлислар оқиб кела бошлади. Мақсад — финал жангини Ҳасанбойнинг оиласи билан бирга кўриш эди. Қойил! Меҳмонларнинг қадами қутлуғ келган экан, финалга қадар мексикалик Хоселито Веласкес, қозоғистонлик Биржан Жакипов, АҚШ вакили Нико Мигель Ҳернандесни мағлубиятга учратган Ҳасанбой уч раунд давом этган ҳаяжонли финал жангида колумбиялик Юберхен Мартинесдан ҳам устун келди. Шу ондаёқ Ҳайитбоевлар оиласида шодон қийқириқлар янгради: кимдир “Яшавор, ота ўғил» деса, яна кимдир «Баракалла!”, “Офарин, полвон!” дер, барча чемпионнинг ота-онасини, оила аъзоларини табрикларди.
— Ўғлим дунёнинг бошқа бир бурчагида ўтаётган олимпиадада мустақил Ўзбекистонимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, халқимиз ва Президентимиз ишончини оқлаганидан фахрланаяпман, — деди чемпионнинг отаси Маъруфжон Ҳайитбоев табриклаганларга миннатдорлик билдираркан. — Сиднейда Муҳаммадқодир Абдуллаев олтин медалга сазовор бўлганида ич-ичимдан қувониб, «Қани эди, менинг фарзандларим ҳам шундай ютуқларга эришса», деб ҳавас қилгандим. Шукрки, холис ниятларимиз амалга ошаяпти.
Юртимизда болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор бугун ўз маҳсулини бермоқда. Ёш авлод камолотига йўналтирилган доимий эътибор ва ғамхўрлик фарзандларимизнинг юксак марраларга эришишида бош омил бўлмоқда. Ахир бундан чорак аср олдин кимдир «Оддий бир деҳқоннинг фарзанди олимпиада чемпиони бўлибди», эмас, балки «Олимпиадада қатнашаркан», деса ишонмасди, тасаввурига сиғдиролмасди. Бугун эса чекка қишлоқларимиздаги замонавий шароитлар, одамлар онгидаги ўзгариш, ҳаётга бўлган қарашнинг бутунлай янгилангани боис чемпионларнинг янги авлоди камолга етди.
Маъруфжон ака ҳам ўз-ўзига «Кеча ким эдигу, бугун ким бўлдик?», деган саволни бериб, жавобини ҳаётида, оиласида юз бераётган ўзгаришлардан топиб, миннатдор бўлади, шукрона айтади, шодлигидан дунёга сиғмайди. Чемпионнинг онаси, финал жанги бошланганида ўғлининг муштлашувини телевизорда кузатишга юраги бетламай, қўшни хонага чиқиб кетган Дилноза опа эса тумандаги 9-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига дарс беради. Тинч-осойишта халқимиз, фаровон юртимиз фарзандларининг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайиши йўлида меҳнат қилаётган, болалардек беғубор, самимий ва фидойи муаллимларнинг қувончидан, саодатидан юксак қувончу бахт бўлмаса керак.
Яна бир гап. 23 ёшни қаршилаган Ҳасанбойни спорт оламига аслида бобоси Дўстмат ота ва бувиси Буойшахон ая олиб кирган экан. Бунинг, албатта, ўзига яраша сабаби бор. Чунки уларда ҳам бир вақтлар шундай орзулар бўлган. Ахир инсон борки, орзу қилади, улкан-улкан режалар тузади. Мустақиллик инъом этган ҳар бир имкониятни юрагидан ўтказган, қадрини дилдан туйган кексалар 5 ёшли набирасини аввалига қишлоқдаги каратэ ва кикбоксинг тўгарагига етаклади. У қисқа вақт ичида туман ва вилоят миқёсида ўтган мусобақаларда ғолиб бўлгач, бувиси Буойшахон Ҳасанбойни Андижон олимпия захиралари коллежининг болалар спорт бўлимига жойлаштирди. Ўшанда у 12 ёшда эди. Боксга бўлган қизиқиши ва иштиёқини машғулотларда тоблаган, иродаси ва маҳоратини чархлаган ёш боксчи кўп ўтмай болалар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлди.
Бу бошланиши эди. Ўтган йиллар мобайнида Ҳ.Дўстматов кўплаб ютуқларга эришди. Хусусан, 2009 йили Қозоғистонда ўтган хотира турнирида, 2011 йили ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида, 2012 йили Украина ва Чеченистонда ўтган халқаро турнирларда, 2013 йилда Қозонда бўлиб ўтган ёзги универсиадада, 2015 йили Германия мезбонлик қилган «Chemistry Cup»да, Таиландда кечган Осиё чемпионатида ғолиб бўлди. Ниҳоят, ўнлаб ютуқлар қаторига нуфузли медаль — олимпиада олтин медали қўшилди. Муборак бўлсин!
Жорий олимпиададаги иккинчи, ўзбек оғир атлетикаси тарихидаги биринчи олимпиада олтин медали соҳиби Руслан Нурудинов эса спорт жамоатчилигига аллақачон маълуму машҳур. У оғир атлетика бўйича вазни 105 килограмгача бўлган эркаклар ўртасида мусобақада иштирок этди ва даст кўтаришда 194 кг, силтаб кўтаришда 237 кг оғирликни (умумий 431 кг) бўйсундириб, тенгсиз эканини исботлади, энг муҳими, олимпиада рекордини ҳам янгилади. Яна бир ўзбекистонлик полвон Иван Ефремов эса иккикураш натижасига кўра 414 кг.лик тошни кўтариб, кучли бешликка кирди. Русландан кейинги поғоналарга арманистонлик Симон Мартиросян (417 кг) ва қозоғистонлик Александр Зайчиков (416 кг) жойлашди.
Мустақиллик тенгдоши бўлган Русланнинг бундай юксак муваффақияти спорт ихлосмандларини янада тўлқинлантирди. Ҳатто ўзи ҳам Ўзбекистонимиз мадҳияси янграб, байроғи баланд кўтарилишига сабабчи бўлганидан қувониб, кўзларига ёш олди. У кўксига олтин медаль тақиб, қувончига шерик бўлган жамоадошлари даврасига кириб бораркан, ҳаяжонини яширолмади: «Шукрки, жуда қийин тарзда ўтган тўрт йиллик ортда қолди. Ўзбекистонимга, барча юртдошларимизга, шу ерда туриб, мени қўллаб-қувватлаб турган дўстларимизга ва биз, спортчилар учун улкан шароит яратиб берган Президентимизга ўз миннатдорлигимни билдираман, раҳмат айтаман. Бу олтин медаль фақат меники эмас, бутун халқимизники. Бу юртимнинг медали, Ўзбекистонимизга совға бу», деди.
1991 йил 24 ноябрда Андижон вилояти Хонобод туманида туғилган Руслан 11 ёшдан бошлаб оғир атлетика билан мунтазам равишда шуғулланиб келаяпти. 2009 йилдан буён оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Халқаро тоифадаги спорт устаси. У 2008 йили Чиангжу (Ж.Корея) шаҳрида ўтган Осиё чемпионати бронза медали соҳиби, 2009 йили Тошкент шаҳрида бўлган Осиё кубоги, Дубай (Бирлашган Араб Амирлиги) шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионати ва 2010 йили Тошкент мезбонлик қилган Осиё кубоги ғолиби, 2011 йили Парижда ўтган жаҳон чемпионатида кумуш медаль соҳиби бўлган.
Умидли чармқўлқоп соҳибларидан бири, 91 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги мусобақаларда ўз имкониятини синаган Рустам Тўлагановга бронза медали насиб қилди.
Ундан бироз олдин тажрибали полвонимиз, юнон-рум кураши беллашувларида -59 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Элмурод Тасмурадов ҳам жамоамиз ҳисобига бронза медаль келтирди. У бронза учун баҳсда қирғизистонлик Арсен Ералиев билан курашиб, 13:6 ҳисобида ғалаба қозонди. Тошкент вилоятида туғилган Элмурод Лондон олимпиадасида 55 кг вазн тоифасида гиламга чиққанди. Элмурод ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби (Руминия, 2011 йили), халқаро турнир ғолиби(Украина, 2012 йили), Осиё чемпионати кумуш медали соҳиби (Жанубий Корея, 2012 йили).
«Рио-2016»нинг 75 килограмгача вазнга эга боксчилари ўртасидаги мусобақада муваффақиятли одимлаётган Бектемир Мелиқўзиев ҳиндистонлик Викас Кришанга ҳеч қандай имконият қолдирмай, 3:0 ҳисобида ғалабага эришди. Энди у эртага ярим финалда мексикалик Мисаэль Родригезга қарши рингга чиқади. Ўсмирлар ўртасида Нанкин Олимпиадаси ғолиби бўлган иқтидорли боксчимиздан навбатдаги ғалабани кутиб қоламиз ва омад тилаймиз.
Рио-де-Жанейро олимпиадасида ишонч билан ҳаракатланаётган спортчиларимиздан энг кўзга ташланаётгани, шубҳасиз, 69 кг вазнга эга Шаҳрам Ғиёсов бўлмоқда. У ярим финалда амалдаги жаҳон чемпиони, марокашлик Муҳаммад Рабийни енгди. Шаҳрам бугун ўтказиладиган финал жангида олтин медаль учун қозоғистонлик Дониёр Елеусинов билан куч синашади. Ҳал қилувчи муштлашувда ҳам Шаҳрамдан дадиллик кутамиз, шунда унинг ғалабалари сони яна биттага кўпаяди. Омад, Шаҳрам!
Шунингдек, кеча Герасим Кончев каноэда эшкак эшиш бўйича ўтказилган баҳсларнинг финалида, енгил атлетикачимиз Валентина Кибалникова 100 метрга тўсиқлар оша югуришнинг саралашида, боксчиларимиз Фазлиддин Ғоибназаров, Муроджон Аҳмадалиев ва Баҳодир Жалолов чорак финалда қатнашди. Сардорбек Дўстмуродов ва Рустам Жангибаев оғир атлетика мусобақасида иштирок этган бўлса, енгил атлетикачимиз Юлия Тарасова узунликка сакраш бўйича саралаш баҳсларида омадини синаб кўрди.
Зоҳиджон ХОЛОВ