Ўқувчилар спорт билан шуғулланса
мактабдаги тартиб-интизом, давомат ва ютуқлар ҳам таъминланади
Болаликдан спортга ошно бўлган одам тартиб-интизомга ўрганади, масъулиятни ҳис қилади, атрофдагиларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга одатланади. Аслида мактабда ўтиладиган жисмоний тарбия фани ҳам мана шу инсоний фазилатлар қарор топишига хизмат қилади. Буни Паркент туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Бугун ушбу мактаб ўқувчилари ўқишда ҳам, тарбияда ҳам ва спорт борасида ҳам етакчи бўлишга интилади. Бу борада уларга устоз ва мураббийлар ёрдамлашиб, ҳар бир ўғил-қизнинг имкониятини аниқлаб, тўғри йўналтиришмоқда.
— Мактабимизни тамомлаган собиқ ўқувчилар орасида ўз соҳасини пухта эгаллаган етук мутахассислар кўпчиликни ташкил этади, — деди таълим маскани директори Тоҳир Абдуғаффоров. — Улар бугун иқтисодиёт, сиёсат, адабиёт, педагогика ва спорт соҳаларида мамлакатимизнинг янада гуллаб-яшнаши учун ўз ҳиссасини қўшмоқда. Шу маънода, бугунги ўқувчиларимиздан уларга муносиб бўлишни, улар каби «аъло» баҳоларга ўқиб, Ватанимиз корига ярайдиган фар¬занд¬лар бўлишини уқтирамиз, талаб қиламиз. Бунинг учун, аввало, мактабимизда тартиб-интизомни сақлаш, давоматнинг мунтазам тўлиқлигини таъминлаш муҳим. Бу борада бизга жисмоний тарбия ва спортнинг катта ёрдами тегмоқда.
Чиндан ҳам, спорт билан шуғулланган ўқувчининг танаси чиниқади, иродаси тобланади, ўқишга ғайрати, иштиёқи ошади, тенгдошлари орасида ажралиб туришни, айниқса, ўқитувчилардан яхши гап эшитишни жуда-жуда истайди. Бундай хоҳиш ва интилиш мактабнинг спортсевар ўқувчиларида кўпроқ кузатилади. Улар мактабнинг собиқ ўқувчилари — белбоғли кураш бўйича жаҳон чемпиони Дилмурод Рўзиев, яккакураш бўйича халқаро мусобақалар ғолиби Отабек Мирфайзиев каби ғолиб акаларига ҳавас қилади.
Айни кез 1-мактабда футбол, қўл тўпи, баскетбол, волейбол ҳамда муайтай бўйича спорт тўгараклари ишлаб турибди. Ушбу тўгаракларга таълим масканида таҳсил олаётган 541 нафар ўғил-қиз (249 нафари қизлар) мунтазам жалб этилган. Энг муҳими, 12х24 метр ҳажмдаги спорт залида кийиниш хонаси, мураббийлар хоналаридан таш¬қари, 30 турдан зиёд спорт инвентарлари мавжуд. Бу болаларнинг ўзи истаган спорт тури билан эмин-эркин шуғулланиши учун кенг имкониятдир.
1-мактаб ўқувчиларига Муҳаммадсултон Соатов, Ҳасан Искандаров ва Мурод Тўрабоев сингари ёш педагоглар жисмоний тарбиядан сабоқ бермоқда. Улар — мустақиллик тенгдошлари, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтини тамомлаган.
Ҳасан Искандаров бошчилигидаги баскетбол тўгарагида бугун 40 нафар ўғил-қиз спортнинг сир-асрорини ўрганаётган бўлса, Муҳаммадсултон Соатов стол тенниси ва футбол бўйича тўгаракларга жами 60 нафар ўғил-қизни жалб этган. Мурод Тўрабоев раҳбарлигидаги қўл тўпи тўгарагига эса 25 нафар қиз ва 35 нафар ўғил бола қатнашмоқда.
Шунингдек, бугун оммалашиб бораётган муайтайга ҳам мактаб ўқувчиларининг меҳри бўлакча. Хусусан, ёш мураббий Алишер Ортиқов юритаётган тўгаракда айни кез 60 нафар ўқувчи икки гуруҳга бўлинган ҳолда машғулотларга қатнашмоқда. Унинг шогирдлари орасида республика чемпионатида зафар қучган Акмал Баҳодиров, Азим Пайзиев, ҳатто жаҳон чемпионатида қатнашиб, бронза медални қўлга киритган Азиз Пайзиевлар бор. Бугун Жасур Азимов ҳам акаларининг изидан бориб, муайтай бўйича кўплаб ютуқларга эришмоқда.
Қолаверса, мактабда қизлар спортига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, спортга иштиёқи баланд қизлар ва кам таъминланган оила фарзандларига ҳар йили Президент совғаси сифатида бериладиган спорт либослари нафосат маликаларини спортга кўпроқ жалб этишда муҳим омил бўлмоқда. Айни пайтда тумандаги бадиий гимнас¬тика тўгарагида спорт сирларини ўзлаштириб, муваффақиятга эриша-ётган қизлар орасида 1-мактаб ўқувчилари ҳам талайгина. Масалан, 10 ёшидан бери бадиий гимнастика билан шуғулланаётган Хумора Тожиддинова «Умид ниҳоллари» спорт мусобақасининг саралаш бос¬қичларида қатнашиб, тажриба тўплади. Вилоят босқичида бироз омад етишмади. 8-синф ўқувчиси Севинч Рустамова эса бронза медални, унинг синфдоши Ўғилой Шавкатова эса 3 та медални қўлга киритди. 10-синф ўқувчиси Моҳинур Абдуазимова эса спорт билан шуғулланиш асносида фортепьяно чалишни ўр¬ганмоқда. У «Камалак юлдузлари» танловида 3-ўринни эгаллади. Шунингдек, мактабнинг Икром Фазлиддинов, Жаҳонгир Нуриддинов, Дилбар Аҳмадова, Муаззам Маҳмудова, Зийнат Тешабоева, Шуҳрат Миртурғунов каби ўқувчилари спортда ҳам, ўқишда ҳам тенгдошларига намуна бўлмоқда.
— Қизларни спортга жалб этиш — бугун давр талаби, — дейди 1-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Орзибу Тожиддинова. — Ўзим ҳам гоҳида қани, яшариб қолсаму, спорт билан шуғулланиб, ўз саломатлигимни янада мустаҳкамласам, катта мусобақаларда қатнашиб, ғолиб бўлсам, дейман. Ютуқлари кундан-кунга кўпайиб бораётган ўқувчиларимга ҳавасим келади. Мактабимизда ўқитувчиларнинг спорт билан шуғулланиши учун ҳам шароит яратилган. Ҳамкасбларимиз билан ҳар ҳафта спорт залида йиғилиб, жисмоний тарбия фани ўқитувчилари кўмагида спорт машғулотларида қатнашамиз. Бу аввало ўқувчиларимизга ўрнак бўл¬са, бошқа томондан, ўзаро жамоавийликни таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Ҳақиқатан ҳам, таълим муассасасида ишга бўлган муносабат тўғри йўлга қўйилса, ўқитувчиларда ўз ўқувчиларининг тақдирига дахлдорлик туйғуси кучли бўлса, ўқувчилар орзулари рўёбини қадрдон мактаби билан боғлиқ кўрса, муваффақиятлар кўпаяверади. Шу боис бугун тумандаги 1-, 5-, 7-, 10-, 11-, 29-мактабнинг спорт ва жисмоний тарбия борасидаги кўплаб тажрибалари бошқа таълим муассасаларида ҳам тарғиб қилинмоқда.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири