Янги сузиш ҳавзаси — ёшларга туҳфа
Сув инсон танасини яйратади, томирлардаги қон айланишини меъёрлаштиради, кайфиятни кўтариб, сарфланган қувватни тиклашга кўмалашади. Бу фикрлар тасдиғини Сергели туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг қайта реконструкция қилиниб, бутунлай янги қиёфа касб этган сув ҳавзаси мисолида ҳам кўриш мумкин.
Шу пайтгача спорт мактаби тарбияланувчилари очиқ сув ҳавзасида ўз маҳоратини ошириб, сузиш сирларини ўрганарди. Аммо ёғингарчилик мавсумида сузиш тўгараги ишламас, ўқувчилар қўшни туманлардаги ёпиқ сув ҳавзаси бор муассасаларга боришарди.
Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан барпо этилган мазкур сув ҳавзаси қурилиши ана шу муаммога ечим бўлди. Энди замонавий талаблар даражасида жиҳозланган, барча шароитга эга, кўриб кўз қувнайдиган мазкур спорт иншооти янги иқтидорларга қучоқ очиб, соғлом турмуш тарзини янада кенг тарғиб қилиш учун имкон яратмоқда.
— Янги бино инсон руҳиятини ҳам янгилайди, кўнгилларда янада завқу иштиёқ билан меҳнат қилиш туйғуси жўш уради, — деди спорт мактаби директори Акбар Вакилов. — Куни кеча муассасамиз ёшлари учун фойдаланишга топширилган, ҳажми 25х11 метр, чуқурлиги 180 см.га тенг сув ҳавзаси тарбияланувчиларимизда мана шундай ғайрат уйғотмоқда. Мураббийларимиз шундай шароитларга муносиб жавоб сифатида, ўғил-қизларимизга кўпроқ билим беришга, маҳорат сабоқлари ўтишга интилмоқда. Болалар ҳам доимгидан кўра дадил, тетик кўринаяпти. Бундан буён сузиш тўгараги қор-ёмғирли кунларда ҳам давом этаверади. Чунки сув ҳавзаси билан бирга қозонхона ҳам қурилди. Унда учта автоматик тарз¬да ишлайдиган қозон ўрнатилди. Кўчадаги иссиқ-совуққа қараб, хона ичидаги ҳароратнинг мўътадиллиги таъминланади.
Бундан ташқари, кийиниш ва ювиниш хоналари, мураббийлар, методист ва ёрдамчилар учун ажратилган хоналар ҳам капитал таъмирланди. Жамғарма томонидан сузиш ҳавзаси қайта реконструкция қилингач спорт мактабига 20 га яқин спорт инвентари ва жиҳозлари берилди. Фарзандларининг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун яратиб берилаётган имкониятлардан ота-оналар миннатдор. Улар энди сал совуқ тушиб қолса, боласини сузиш тўгарагидан қандай олиб қолиш борасида бош қотирмайди, касал бўлиб қолмасмикан, деб хавотирланмайди. Аксинча, дилбандлари соғлом ва бардам бўлиб улғайиши учун ўзлари сузиш тўгаракларига олиб келишади. Бу ерда уларга Рустам Умаров, Максим Заципин, Дилшод Расулов каби тажрибали мураббийлар сузиш сир-асрорини ўргатади.
Кези келганда айтиш жоиз, бугун Сергели туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қатнаётган 845 нафар (198 таси қиз) бола 28 нафар (4 нафари аёл) малакали мураббийдан сабоқ олаяпти. Улар 13 спорт тури: бадиий гимнастика, дзюдо, юнон-рум кураши, бокс, сузиш, слалом, армрест¬линг, универсал жанг, каратэдо, муайтай, спорт гимнастикаси, турон яккакураши, ўзбек жанг санъати ва сузиш бўйича очилган тўгаракларга қатнайди. Мактабда сув ҳавзасидан таш¬қари, катта спорт зали, стадион, теннис корти, сунъий қопламали мини футбол майдони, очиқ волейбол майдончаси мавжуд. Яқин кунларда волейбол ва оғир атлетика бўйича спорт тўгараги фаолият бошлайди.
Ҳа, спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланишга шароит ва имконият бўлса, болаларнинг бўш вақти мазмунли ва мароқли ўтади, ютуқлар салмоғи ортади. Бу таълим самарадорлигининг ошишига ҳамда ёш авлод вакиллари саломатлиги мустаҳкамланишига замин яратади.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири