Кураш бўйича жаҳон чемпионати якунланди
Бугун сайёрамиздаги энг машҳур инсонлар орасида спортчилар кўпчиликни ташкил этади. Бу бежиз эмас. Чунки жисмоний ва ақлий салоҳият туфайли юксак марраларга эришиш, машаққатларни енгиб ўтиш осон эмас. Юртимизда жисмоний тарбия ва спортга қаратилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик боис чемпионларнинг янги авлоди камолга етмоқда. Уларнинг халқаро мусобақаларда мунтазам иштирок этиб, эришаётган натижалари ривожланган мамлакат мутахассисларини ҳушёр торттирмоқда. Хусусан, яқинда Ҳиндистонда кураш бўйича 20 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида бўлиб ўтган VIII жаҳон чемпионатида спортчиларимиз қўлга киритган медаллар шодаси ҳам гапимизни тўла тасдиқлайди.
Сайёрамизнинг элликдан ортиқ давлатидан келган 500 га яқин полвонлар орасида 15 вазн тоифасида кечган йирик мусобақада вакилларимиз ҳеч кимдан кам эмаслигини яна бир карра исботлади. Энг қувонарлиси, шиддатли муҳорабаларда Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган спортчиларимиз 9 олтин, 3 кумуш ва 1 бронза медалга сазовор бўлишди.
Кураш халқаро ассоциацияси ташкил этган турнирда гиламга чиқиб, барча рақиблари курагини ерга теккизган ҳамюртларимиз — Руслан Бўриев (-60 кг), Шаҳрам Аҳадов (-66 кг), Раҳматулло Нуриддинбеков (-73 кг), Ҳусниддин Ҳусанов (-100 кг), Бекмурод Олтибоев, Раҳима (-78 кг) ва Маҳлиёхон (-52 кг) Йўлдошевалар, Мухлиса Абдумаликова (-57 кг), Умидахон Мирҳамидова (-63) олтин медалга сазовор бў¬либ, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
— Аввало, миллий курашимизнинг дунё бўйлаб кенг ривож топаётганидан хурсандмиз, — деди 63 кг.гача вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган Умидахон Мирҳамидова. — Жаҳон миқёсида тез суръатларда тараққий этиб, ўз мухлисларини топиб улгурган курашимиз бизнинг ғурур ва ифтихоримиздир. Очиғи, бугунги мусобақада ғалаба қозониш осон бўлмади. Рақибларимнинг жаҳон чемпионатига жиддий тайёргарлик кўрганига амин бўлдим. Ҳатто бир муддат хавотирга ҳам тушдим. Агар рақобат шундай давом этса, медаллар учун даъвогарлар сони ортади ва бу курашимизга бўлган эътиборнинг янада ошишига сабаб бўлади.
Ҳа, чиндан ҳам, курашга бўлган қизиқишнинг ортаётганини, унинг халқаро миқёсда тараққий этаётганини полвонларимизга муносиб рақобатчилар пайдо бўлганидан ҳам билиш мумкин. Хусусан, умидли полвонларимиз Абдулазиз Ҳамроев, Садам Аҳмедов ва Сарвар Икромов кучли рақибларига финал баҳсида имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан чекланди. Яна бир вакилимиз Рўзимбой Эшжонов эса бронза медали билан қайт¬ди. Чемпионат якунида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси «Энг яхши жамоа» сифатида эътироф этилган бўлса, томошабину мутахассисларда ёрқин таассуротлар қолдирган +100 кг вазнда гиламга чиққан полвонимиз Бекмурод Олтибоев эркаклар ўртасида, вьетнамлик Тран Три Тан Туй эса қизлар орасида «Энг яхши курашчи» номинациясини қўлга киритди.
Дарвоқе, жаҳон чемпионати доирасида Кураш хал¬қаро ассоциациясининг XVI конгресси ҳам ўтказилди. Унда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишланган халқаро турнир ташкил этиш ҳақида Ўзбекистон томонининг таклифини иштирокчилар бир овоздан маъқуллади. Ушбу мусобақа илк бор келаси йили Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, конгрессда АҚШ, Швейцария, Камерун ва Непал кураш федерациялари ассоциацияга аъзоликка қабул қилинди.
Зоҳиджон ХОЛОВ